17.11.2023

НАСИҲАТ ЯХШИЛИКНИНГ ДЕБОЧАСИДУР

  Ҳар бир ишнинг дебочаси бўлгани каби, яхшиликнинг ҳам ўз дебочаси бордур. Яхшиликнинг дебочаси насиҳатдур. Нега айнан насиҳат дейсизми...? Агар насиҳат қилинмаса, ёки инсонлар насиҳат қилиш ва уни эшитишни тарк қилсалар, ўз-ўзидан яхшилик қилиш ҳам йўқолади.

  Аллоҳ таоло Аъроф сурасида шундай марҳамат қилди:

  "Кейин (Солиҳ алайҳиссалом) улардан юз ўгирди ва "Эй қавмим, батаҳқиқ мен сизга Роббимнинг юборганини етказдим ва насиҳат қилдим. Лекин насиҳат қилувчиларни севмас экансиз",- деди."

  Аллоҳ таоло Қуръони каримда Солиҳ алайҳиссаломни ўз қавмига насиҳат қилганини, улар эса насиҳатга қулоқ солмай саркашлик қилганини зирк қилиб, улардан кейин келувчи умматларга насиҳатда кўп яхшилик бор эканлигини эслатиб ўтмоқда. 

   Авваллари ҳар бир маҳалланинг ёши улуғ инсонлар ушбу маҳалладаги ёшларга насиҳат қилар, улар ҳам ўз навбатида бу насиҳатларга қулоқ тутиб хулоса чиқарар эди. Лекин кейинги вақтларда ёши улуғ инсонларимиз насиҳат қилсалар, ёшларимиз бу насиҳатларни эшитмай қўйдилар. Аксинча ўзларидан ёши улуғ инсонларга турли ҳил номақбул сўзлар ишлатиб, уларнинг қалбига озор бермоқдалар.

  Ана шундай ёшларга қарата, "Аллоҳ таоло насиҳат эшитишни истамаган Самуд қавмини қай ҳолга солганини биласизларми?" деб беихтиёр айтгинг келади. 

  Ҳар бир мўмин-мусулмон киши ўз биродарига насиҳат қилиши ва ўз навбатида унга насиҳат қилинганда қулоқ тутиб, яхши хулоса чиқариши даркор. Зеро Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилади.

  Абу Масъуд ансорий (розияллоҳу анҳу) айтдилар. "Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши келиб: Мен йўлда толиқиб қолдим, менга улов беринг", деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Менда улов йўқ. Лекин фалончига борсанг, у эҳтимол сенга улов берар", дедилар. У киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайин қилган одамга борган эди, у бир улов берди. Кейин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, у одам улов берганини айтганда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир яхшиликка далолат қилса, ўша яхшилик қилган кишига берилган савоб баробарида савобга эга бўлади", дедилар". Имом Бухорий ривоят.

  Дарҳақиқат насиҳат ҳам инсон ўз биродарини яхшиликка далолат қилишликнинг айни ўзидур. Шундай экан савобда баҳраманд бўлишлик учун насиҳатни кўпайтирайлик, шунда ҳамюртларимиз орасида яхшилик қилишлик ҳислати кўпаяди.

 

Хамидов Абдулбосит – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar