23.11.2023

Миннатдорлик эзгуликка очилган йўлдир

Инсон дунёга келиб биринчи англайдиган тушунчаси нима? Албатта, яхшилик! Гўдакнинг онгида энг биринчи бу яхши, бу ёмон, деган тушунча пайдо бўлиб, у ана шу филтр орқали дунёни англай бошлайди. Масалан, иссиқ нарсага тегма, қўлинг куяди, дейилса, унинг ёмонлигини, китоб ёки ручкани келтириб берганда уни мақтаб қўйсангиз, қилган иши яхши эканини фаҳмлайди. Хурсанд бўлиб кетса, шу ишни яна қилиб, қайта-қайта олқиш эшитишни истайди. Ҳа, инсон илк қадамларини қўйиши биланоқ, яхши ва ёмонни ажрата бошлайди, қилган яхши ишига рағбат билдирилганда севинишни билади. Улғайгач, яхшилик ҳам ибодат эканини, Қуръонда инсон яхшиликка буюрилганини, ҳадисларда яхшилик қилувчилар мақталганини билиб, яхшилик сўзига бошқача ёндошади. Яхшилик барча ютуқ ва нажот калити, саодат саройига олиб борувчи энг осон чиқиладиган зинапоядир.

Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 36-оятида бандаларини эзгу ишларга чорлаб : “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнигиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтончоқ кишиларни севмайди”, дея марҳамат қилади.

Жобир ибн Абдуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир яхшилик садақадир”, деганларини айтиб ўтган. 

Хўш, яхшиликни ўлчови, бирор бир белгиланган миқдори борми? Йўқ, Исломда  икки кишининг бир-бирига жилмайиб қараши ҳам, биродарининг челагига ўз челагидан сув қуйиб бериши ҳам, аксирганда “Соғ бўлинг!” дейиши ҳам, кўчада кишилар йўлига тушиб ётган тош ёки ўтинни оёғи билан четга суриб қўйиши ҳам уни жаннатга етаклайдиган яхшиликлардан ҳисобланади.

Яхшилик, у қандай бўлмасин-каттами, кичикми, номи яхшилик бўлса, пулидан ёки молидан садақа қилиб, савоб олгандек бўлаверади.  Шунинг учун ҳар биримиз катта-кичик, арзийди-арзимайди, демасдан, яхшилик борки, ҳаммасини қилишнинг пайида бўлишимиз керак. Шу билан бирга, ўша қилинган яхшиликнинг ҳар биридан бизга садақанинг савоби етиши, номаи аъмолимизга ёзилиши, охиратда манфаат беришини унутмаслигимиз лозим.

Бир жамиятда яшайдиган кишилар орасида бир-бирига маъруф иш яъни яхшилик қилиш Исломнинг муомала бобидаги бош таълимотларидан ҳисобланади.

Маъруф иш –ҳадя бериш, қийин ҳолатда ёрдам бериш, обрўсини ҳимоя қилиш, умуман, мусулмонлар бир-бириларига қиладиган барча яхшиликларидир. Ҳар бир яхшилик кўрган одам ўзига  яхшилик қилган шахсга унинг қилган яхшилиги  учун ташаккур, раҳмат ва дуо қилиши исломий одоб тақозосидир.  Шунинг учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор бериб “Кимга бир маъруф (яхшилик) қилинса, унга мукофот берсин” дедилар.  Бу ҳадисдаги мукофотдан мақсад яхшилик кўрган одам ҳам яхшилик қилсин ва инсонларнинг бир-бирига қилган яхшилги, уларнинг номаи аъмолларига садақа қилганлик савоби ёзилишидир.

Бошқа бир ҳадиси шарифда “Инсонларнинг Аллоҳга шукрлироғи инсонларга миннатдорчилик билдирадиган (яхшилигини унутмайдиган)ларидир”, дейилгани ривоят қилинади.  Киши биродарининг унга қилган эҳсонига  жавобан  берадиган нарсаси бўлмаган чоғда бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам миннатдорчилигини билдирса, бу амали Аллоҳга хуш ёқиб, унга ўша яхшиликни зиёда қилиб қўяди. Ташаккур ва раҳмат сўзлари қилинган яхшиликнинг шукри булади. Бизга қилинган яхшиликни оз санамай, чин дилдан Аллоҳга шукр этиб, ўша ишни қилган инсонни дуо қилсак, самимий миннатдор бўлишни билсак, яхшилик эшигининг кенг очилишига сабабчи бўлишимиз мумкин. Аллоҳ барчамизни яхшиликларга муносиб кўрсин.

 

Хайрулло Мардонов – Таълим муассасаси Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари        

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar