
ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАРНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ
Фиқҳ илмининг тарихига назар соладиган бўлсак, исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаган эди.
Дастлаб Маккаи Мукаррамада 13 йил давомида асосан ақийдага тааллуқли оятлар тушди. Кейинроқ, айниқса, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилингандан сўнг, ҳукмга тегишли оятлар туша бошлади. Уларнинг ҳаммасини Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳали унча кўпаймаган муслулмонлар жамоасига ўқиб, тушунтириб берар эдилар. У вақтдаги муслумонларнинг деярли барчаси араб бўлиб, араб тилини нозик жойларигача яхши тушунишар, Қурьони карим оятлари ва Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ҳеч қийналмай англашар ва уларга амал қилишар эди.
Мабодо баьзи тушунмовчиликлар бўлса дарров Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзидан сўраб олишар эди. Ўша вақтда саҳобаларнинг содда ҳаётидаги асосий ишлари ҳам шундан иборат эди.
Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келиб Қурьони карим оятлари тушуши ниҳоясига етиб қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг кўплари ҳукмларга тегишли эди.
Турли қабила ва юрт одамлари исломни қабул қилишди. Янги муслумонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида тушиб тўпланган оятларни ўқиб ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларида татбиқ қилиш вазифаси турар эди.
Табийки ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар эскиларидан шарьий масалаларни сўрай бошлашди.
Бу ишларда баьзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар. Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган саҳобаларга тўрт халифани, Абдуллоҳ ибн Масьуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳони мисол қилиб келтирадилар.
Шунингдек Набийимиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларни ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш учун ўз вакилларини юбора бошладилар.
Жумладан, Яманга Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни юборишни ирода қилдилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўз жойларига жўнаб кетаётганларида Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан у киши ўртасида қуйидаги ривоятда зикри келган суҳбат бўлиб ўтди.
Муоз ибн Жабалнинг Ҳимс аҳлидан бўлган соҳибларидан ривоят қилинади:
“Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Муозни Яманга юборишни ирода қилганларида:
“Сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?”- дедилар.
“Аллоҳнинг китоби ила”,- деди.
“Аллоҳнинг китобида топмасанг-чи”,- дедилар.
“Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ила”,-деди.
“Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидан ҳам Аллоҳнинг китобидан ҳам топмасанг-чи”,- дедилар.
“Фикрим билан ижтиҳод қиламан, бўш келмайман”,- деди ҳамда бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил ҳам бўлиб келмоқда.[1]
Ҳижрий биринчи асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи асрда ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Араб бўлмаган турли ҳалқлар ҳам муслоумон бўлдилар. Табийки, улар ўзларига Қурьони карим ва Набийимиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмас эдилар. Бир тарафдан, тил билмайдиган, қолаверса, илми йўқ. Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак.
Шундай қилиб, аста-секин, кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажраб чиқа бошладилар. Кейинчалик, шароит бутун бошлик китоблар таьлиқ қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни тақозо қилиб қолди.
Бу ҳақиқатни халифа Жаьфар Мансур ва Имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади.
Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жаьфар Мансур билан ўқиган эканлар. Катта бўлганларида ёшлари турлича бўлиб, Имом Молик илмда, айниқса, фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар.
Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш Жаьфар Мансур Имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига:
“Яқин орада мен билан сендан билимлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен мана бу иш ила машғул бўлиб қолдим ( яьни халифалик). Сен одамларга диний ишларни енгиллаштириб берсанг”.- дедилар.
Имом Молик рози бўлдилар ва “Муватто” китобини талиф қилдилар. Янги ҳаж мавсумида “Муватто” китоби билан танишган Жаьфар Мансур қойил қолди ва Имом Моликка:
“Жуда яхши қилибсан, агар хоҳласанг, ҳамма одамларни жамлайман“ – дедилар. “Йўқ ундай қилма, Росуллуллоҳнинг саҳоблари ҳаммаёққа тарқалиб кетишди уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиларнини олиб кетди”,-дедилар
Ушбу қиссадан кўриниб турибдики ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозим эканлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушиниб этганлар.
Аста-секин Ислом оламининг турли жойларида фиқҳ уламолари етишиб чиқа бошладилар. Мазкур уламолар ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларга тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар.
Биринчиси: Қурони Карим. Яьни, фиқҳ исломда бири нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввал Қуьонга мурожаат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч иккиланишсиз қабул қилади.
Иккинчиси: Росуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Агар фиқҳ бирор масалага Қурьондан жавоб топа олмаса суннатга мурожаат қилади. Уни топиб ҳукмини баён қилади.
Учинчи: Ижмоь. Бир даврнинг ижтиҳод аҳли бўлган уламоларнинг бирор масалани қабул қилишларидир. Мисол учун, Қурьони каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қурьоннинг ўзида ҳам Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам таькидланмаган.
Аммо Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин урушларда Қурьонни ёд биладиган қорилар кўплаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Қурьонни жамлашга амр қилдилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Бу иш ижмоь орқали амалга ошди.
Тўртинчиси: Қиёс. Яьни аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани, шунга ўхшаш мазкур манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.
Мисол учун, Қурьонда ҳамр, яьни ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб, улардан бошқа маст қилувчи ичимликларни ҳам ҳаром деб атаганлар.
Фақиҳларимиз суянадиган масдарлардан яна урф, масолиҳул мурсала, шарьу ман қоблана шарьун лана каби баьзи манбалар ҳам бор. Улар мазкур тўртта асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан, фиқҳий ишлари қолиб кетган.
Аммо мусулмонлар оммасига кенг тарқалган, шогирдлари ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар “Фиқҳий мазҳаб соҳиблари” деб тан олинган.
Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан “Расмий фиқҳий мазҳаблари” деб тан олинган. Булар қуйидаги мазҳаблар:
Ҳанафий мазҳаби.
Шом, Туркия, Туркистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Ўрта Осиё ва бошқа юртларда тарқалҳан.
Шофеий мазҳаби.
Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Таиланд ва Африканинг баьзи давлатларида тарқалган.
Моликий мазҳаби.
Либия, Тунис, Жозоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва Африканинг бошқа давалтларида тарқалган.
Ҳанбалий мазҳаби.Арабистон ярим оролида тарқалган. [2]
Мисол учун ҳанафий мазҳабининг вужудга келишини олайлик
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ўзининг динини бандаларига етказишда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб, 23 йил мобайнида мукаммал қилиб берди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:
﴿ الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِيناً ﴾
“Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб, рози бўлдим”[3], деб айтган. (Моида 3-оят.)
Ислом динини мукаммал бўлиши Аллоҳ тарафидан биз бандаларга энг катта неъмат бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан олдинги пайғамбарлар каби фақатгина ўз қавмларигагина эмас, балки инсониятнинг барчасига Ҳақ субҳанаҳу ва Таоло айтганидек:
﴿ قُلْ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنِّي رَسُولُ اللّهِ إِلَيْكُمْ جَمِيعاً
“Сен: Эй одамлар , албатта, мен сизларнинг барчангизга, Аллоҳнинг расулиман, деб айт”[4](Аъроф 158-оят) пайғамбар қилиб юборилдилар. Пайғамбар алайҳис-салом бу ўта масъулиятли вазифаниقم فانذر “Тур ва огоҳлантир”[5](Муддассир 2-оят) ояти нозил бўлганидан бошлаб, умрларининг охиригача, яъни дин мукаммал бўлгунига қадар Аллоҳнинг омонатини саҳобаларга беками-кўст етказдилар ва шу йиллар давомида саҳобаларга У зотнинг динини қай йўсинда тарқатиш лозимлигини тушунтириб бордилар. Саҳобалар Пайғамбар алайҳис-саломнинг барча буйруқларига амал қилишиб, бу ишлари билан фақат Ҳақ таъолонинг розилигини талаб қилдилар. Улар фақат муаллимлари кўрсатган йўлдан юриб, гўё бир тана ва бир жон эдилар. Аввало, бу муборак дин Арабистон ярим оролида кенг тарқалиб, тез суръатда дунё юзини кўрди.
Саҳобалар, тобеъинлар ва улардан кейинги кишилар барча қийинчиликларга матонат билан туриб, пайғамбарлари ташлаб кетган омонатни шу қадар чиройли етказганлари туфайли, халқлар бу динга тўп-тўп бўлиб киришди. Дин таълимотлари жамият ичида мукаммал бўлган аввалги даврида, Ислом уммати ичида кўзга ташланадиган жиддий муаммолар деярли туғилмади. Кейинчалик дин атрофга кенг тарқалиши билан айрим исломни юзаки қабул қилган кишилар туфайли баъзи тушунмовчиликлар ҳам пайдо бўла бошлади. Бундай ҳодисалар хулафои рошидинлар, хусусан, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумоларнинг халифалик вақтларида турли хил зиддиятлар оқибатида кучая борди. Тарихдан маълумки бу машъум ҳодисалар туфайли Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлар ноҳақдан ўлдирилдилар. Бундай жирканч ишни хаворижлар каби Қуръон ва суннатга зид разил тоифалардан бошқа ҳеч ким қилмайди. Бора-бора буларнинг сони ва тури ҳам кўпайиб борди. Мўътазилийлар, жаҳмийлар, қадарийлар шулар жумласидандир. Лекин бундай гуруҳларга ўша даврдаги халифалар томонидан умуман имкон берилмасди. Шу билан бирга, жамиятда бундай нопок ақидалар кўпайиб кетмаслиги ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган омонатни соф ҳолда келажак авлодга етказиш учун уламолар ҳам катта жонбозлик кўрсатишди. Бу таълимотни уламолар дастлаб алоҳида фан сифатида эмас, умумий тарзда олиб борар эдилар. Турли нопок ақидалар кўпайгани туфайли улар Исломнинг асосларини тўғри тушинтиришга бел боғлашди. Бу ҳодисалар ақоид илмини ривожланишига туртки бўлди. Вақт ўтиши билан бошқа фанларга ҳам асос солинди ва натижада бу илм ривожланиши билан бирга ҳадис ва фиқҳга ҳам катта эътибор берилиб кенг тарқалди. Макка ва Мадинада асосан ҳадисга эътибор берилган бўлса, ажамлар ери бўлган Ироқда эса, ҳадис ва фиқҳга катта эътибор қаратилди. Бағдод ўша даврнинг кўзга кўринган тижорат марказларидан бўлиб, аҳоли турли миллатлардан ташкил топган эди. Ундан ташқари бу минтақаларда деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик яхши йўлга қўйилиб, турли даражадаги шахслар ҳам топиларди. Уларнинг мана шундай тараққий этиб турган даврида сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини ҳал этишда жамиятдаги кишиларга оят ёки ҳадис матнини келтиришдан кўра масалани жавобини тўғридан-тўғри айтиш қулай эди. Воқеликда кечаётган бундай ҳодисалар уламоларни ижтиҳод қилишга ундади. Табийки бу нарса оят ва ҳадис асосида бўлиши керак эди. Дастлаб Ироқ ўлкасида фиқҳ мактабига асос солган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳ васалламнинг улуғ фақиҳ саҳобаларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эди. Бу ўлкада у кишининг кўп меҳнатлари туфайли фиқҳ ривожланиб янги-янги фиқҳий мактабларга асос солинди. Уламолар, Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айрим саҳобаларга ижтиҳод қилишга рухсат берганликларини далил қилишиб, фақат Аллоҳнинг ризолигини истаб, бу ўта масъулиятли ва шарафли ишга қўл уришди. Кейинги уламолар ўша пайтни ижтиҳоднинг гуллаган даври , деб эътироф қилишади. Мужтаҳид уламолар бу илмни жуда пухта эгаллаб шаръий манбалар асосида ўз мазҳаблари қонун-қоидаларини ишлаб чиқишди. Улар бу қоидаларни тузиб, ҳукмларни истимбот қилишда ҳеч кимга тақлид қилмадилар. Ўша даврда фиқҳий мактаби кенг тарқалиб, машҳур бўлган уламолар сирасига Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит, Молик ибн Анас, Суфён Саврий, Ибн Абу Лайло, Муҳаммад ибн Абдураҳмон, Абдураҳмон Авзаъий, Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳлар киради. Кейинчалик бу мактаблардан тўрттаси кенг тарқалиб, фиқҳий мазҳаб тушунчаси буларнинг ўзига хосланиб қолди. Булар Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Ибн Ҳанбалларнинг мазҳабларидир. Бу мужтаҳидларнинг иттифоқи қатъий ҳужжат, ихтилофлари эса кенг раҳматдир.
Довутов Саййидбурхон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
[1] “Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тошкент-2011
[2] “Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Шарқ” матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти. Тошкент- 2011 26-31-бетлар
[3] “Тафсири Ҳилол”. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Тошкент., – 2008. 2- жуз, - Б.9.
[4] “Тафсири Ҳилол”. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Тошкент.. 2-жуз. - Б. 405
[5] “Тафсири Ҳилол.” 6-жуз. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф - Тошкент – 2008 Б. 298
Izohlar