ОДОБНИНГ ТАЪРИФИ
Тилимизда “одоб” тарзида талаффуз килинишга одатланиб колинган арабча «адаб» сўзи аслида яхшиликка чакиришни англатади, у «маъдаба» (مأدبة зиёфат, ноз-неъмат, базм) ўзагидан олинган. Маъдаба эса одамларни яхшиликка, маънавий зиëфатга чакиришни англатади. Одоб хам одамлар доимо даъват килинадиган маънавий «маъдаба», яъни зиёфат бўлгани учун шу номни олган. Демак, одоб яхшилик демакдир. «Фалон киши одобли экан» дейилгани ўша одамнинг яхшилиги кўп экан, деганидир. «Кийиниш одоби» деганда яхши кийиниш тушунилади. «Суҳбат одоби» деганда сухбатни энг яхши савияда олиб бориш кўзда тутилади. “Ижтимоий одоблар” ижтимоий муомалаларни энг яхши тарзда олиб бориш деганидир. Абу Муҳаммад «Китобул Воъий» асарида: “Одоб одамларни макталган нарсаларга чакиргани учун одоб деб номланган”, дейди. Абу Зайд раҳматуллоҳи алайхи: «Одоб фазилатлардан бирига элтувчи энг яхши уринишга ишлатиладиган ном», деганлар. Одобнинг куйидагича таърифлари хам келган:
«Мактовга сазовор сўзни ишлатиш ва мактовга сазовор амални килиш одобдир»;
«Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир»;
«Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичикка мехр кўрсатишинг одобдир».
Шу ва шунга ўхшаш таърифлар тўпланганида, Исломда кўзланган «одоб» маъноси юзага келади. Мухаммад Зехний айтади: «Фазилат насл-у насаб билан эмас, балки одоб билан топилади». «Ҳар бир киши касб - корни мукаммал билмоғи, яхши тарбия олмоғи ва яхши хулк - одоб, фазилатларга эга бўлмоғи керак», дейди Абу Наср Форобий. Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида «одоб»ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овкатланиш маданияти» дейилади. Баъзида ижтимоий одоблар деган маънони ифода этиш учун французча «этикет» сўзи ҳам ишлатилади. Демак юқоридаги таърифлардан шундай хулосага келиш мумкинки “одоб бу инсон боласига ярашадиган, одамлар қалбида ҳурсанчиликни пайдо қиладиган сифатдир”.
Манбалар асосида тайёрланди: “Ижтимоий одоблар” китоби. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф . “Ҳилол-Нашр”, 2016. (6-бет)
Мамаюсупов Жўрахон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar