ИЛМСИЗ ТАРИҚАТГА ЭРГАШИШ –ХАТАРДИР
Маълумки, инсон зотини Аллоҳ таоло дунёда турли синов ва бало-офатлар билан иродасини синайди. Бу ўткинчи имтиҳонда сабр қилувчилар ҳаёти нурга тўлиши ва охирати обод бўлиши айни ҳақиқат. Сабрсиз, шошқалоқ, машаққат ва имтиҳонларни ўзига жабр деб билувчи ва бунга қарши исён қилувчилар ўзига зарар етказишдан нариги томонга ўтмайди. Инсоннинг зулмкорлиги айнан мана шунда билинади. Илм ўрганмаслик зулмларнинг каттасидир. Чунки илм нажот ва ҳаёт гаровидир. Илм бандаликни қандай изҳор қилишни бизга тушунтирувчи восита демак. Ҳиссиёт ва руҳият тарбияси билан боғлиқ тасаввуф илми ҳам бугунги мафкуравий ихтилофлар авж олган замонда ахлоқни тўғрилашда кенг имкониятларга эга. Фақат бу соҳани ўрганиш учун юқорида таъкидлаганимиздек шариатга мувофиқ қадам ташлаш лозим. XVII-XVIII аср Мовароуннаҳр илмий-маънавий ҳаётининг йирик вакили Сўфи Оллоҳёр “Муродул орифин” (Орифлар муроди) асарининг در علوم صوفیه و حقیقت ایشان[1] (“Сўфийлик ҳақиқати ва унинг баёни ҳақида” номли иккинчи фаслида Мустамлий Бухорийнинг “Шарҳи таарруф” асаридан шундай мисолни келтиради: “Сўфийлик илми аҳвол илмидир, аҳвол илми эса амалларнинг самарасидан ҳосил бўлади. Бу ҳол фақат амалларини тўғрилаган кишиларга дахлдор. Амалларнинг тўғрилиги маъноси эса – шариатга иқомат ва қалбни нопокликдан поклаш билан бўлади. Бундан шундай маъно чиқадики, зоҳирий муомалалари пок бўлмаган кишининг ботини ҳам пок эмас. Мабодо, ўз руҳиятида бирон ғаройиб ажойиботларни сезса ва ёки гувоҳи бўлса, каромат деб ўйлайди. Банда шу ҳолни сезганида шариатнинг муомала тошини қалбига урсин. Агар шариат унинг шу каби ҳолларини қабул қилса кароматдир, лекин шариат одобига тўғри келмаса, ғафлат, ёлғон ва ғурурдан бошқа нарса эмас. Бу билан ўзининг зоҳирини ҳам вайрон қилиши аниқ”[2].
Дарҳақиқат, шариат дунё ва охират ҳаётини тартибга солувчи муҳим мезондир. Уни бузган ва нотўғри талқин қилган одам залолатга тушиб қолиш эҳтимоли юқори. Зеро, шариат дунё ҳаёти ва моддий бойликларни қораламайди, балки уни зийнат ва эҳтиёжлар сабабини муолажа қилувчи восита ва хайрли амаллар эшиги деб билади. Инсон қалбида васваса ва турли ҳоллар содир бўлиши мумкин, у дарров “мен каромат соҳиб бўлдим”, деб жар солишга ҳожат йўқ, балки сир тутиб, мутафаккир айтганидек “шариат тоши билан синаб кўриш керак”. Агар Қуръон, суннат ва мазҳабимизга тўғри келса, қабул қилсин. Бу ҳолнинг акси бўлса, дарров илм билан уни муолажа қилиши зарур. Бунга далил сифатида мутафаккир Қуръони каримдаги Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн қавми ўртасида содир бўлган воқеани келтиради.
قَالَ بَلْ أَلْقُوا ۖ فَإِذَا حِبَالُهُمْ وَعِصِيُّهُمْ يُخَيَّلُ إِلَيْهِ مِنْ سِحْرِهِمْ أَنَّهَا تَسْعَىٰ
(У: «Йўқ. Сизлар ташланг», деди. Бирдан уларнинг арқонлари ва асолари унга сеҳрларидан худди ҳаракатланаётгандек бўлиб кўринди).
“Руҳияти соғлом бўлган киши худди Мусо алайҳиссалом асоси каби ҳақиқий илонга айланади. Шуниси аниқки, хаёл ва шубҳада ҳеч қандай самара йўқ. Агар кўрувчи кишининг басират кўзи очиқ бўлса, ҳақиқатни англайди, Фиръавннинг сеҳргарлари ҳам ҳақиқатни охирда англаб етгани каби. Аммо басират кўзи бўлмаса, хаёл ва кибр билан овора бўлиб, залолатга кириб қолади”[3].
Сўфи Оллоҳёр Мусо алайҳиссалом асоси илонга айланиб, бутун сеҳргарларнинг алдов билан илонга айлантирган нарсаларини ютиб юборишини – илмнинг доимо жаҳолатдан устун келишига ўхшатади. Гарчи сурат билан инсонлар ҳаммаси бир-бирига ўхшаса-да, аслида сийратлар ўзгачадир. Агар сурату сийрат бир бўлганида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Жаҳл мақоми бир хил бўларди. Инсон сийрати билан дунё-ю охиратда мақом топади. Толиби илм шундай устоз топсинки, унинг сийрату сурати якдил бўлсин, амаллари билан қавлига эътибор қаратсин, токи суратга алданиб, Фиръавнинг сеҳргарлари каби надоматга қолмасин.
“Кашфур румуз” асарида шундай иборалар бор: “Банда ҳеч қачон шайтон макридан ўзини фориғман деб ўйламасин”. Шунинг учун Аллоҳ таоло ўз ҳабиби – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон ўқиш асносида шундай марҳамат қилди:
فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ[4]
(Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин. (Яъни, аввал «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин).
Бутун васвасаларни даф этувчи оятлардан бири Қуръони каримда мана шу оят саналади. Аллоҳ таоло гарчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб айтган бўлса ҳам, бу бутун уммат учун умумий хитоб ва қоида саналади. Шайтон макридан омонда бўламан деб бепарво юрмасин, балки илм ўрганиш жараёнида шайтоннинг ҳийлаларидан ўзини Аллоҳ ҳимоясига олсин. Толиби илмни кўпроқ шайтон кибрга берилиши ва фитналарга фитналашиш билан йўлдан оздиради. Аллоҳ бу ҳоллардан сақласин. Бунга йўлиқмаслик учун илм ўрганишда устознинг тарбияси муҳимдир. Тарбия одобли ва тиришқоқ толиби илмга комил устознинг дарси орқали ўтади. Сўфи Аллоҳёр ушбу мавзу давомида айтадики,
ای عزیز آنها که دعوای محبّت میکنند نیشان محبّت متابعت مصتفی علیه السلام است و متابعت او پاس داشتن شریعت است و دلیل صحّتی محبّت باطن درمتابعت ظاهر نهاد پس صحّتی باطن نباشد مگر به صحّتی ظاهر[5]
“Эй азизим, муҳаббат даъвосини қилувчи кишилар шуни билсинки, муҳаббатнинг нишони Мустафо алайҳиссаломга эргашишдир, унга эргашишнинг нишони эса шариатни азиз тутишдир, муҳаббатнинг тўғри бўлиши далили ботиннинг зоҳирга эргашишидир, ботиннинг тўғрилиги зоҳирнинг тўғрилигисиз бўлиши мумкин эмас”.
Зоҳир инсоннинг жисми бўлса, ботин эса руҳиятидир. Жисмнинг соғломлиги руҳнинг соғломлигига боғлиқ. Касал руҳдан жисм ҳам касал бўлиши муқаррар. Руҳиятнинг тўғрилигини биз руҳ соҳибининг ташқи оламдаги ҳаракатлари ва мувозанати билан англаб оламиз. Ибодат қилиш, рўза тутиш, ҳаж амалини адо этиш, закот бериш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, ота-она хизматини қилиш, одамлар фаровон яшаши учун дунёни обод этиш ва шу каби амаллар жисм билан адо этиладиган амаллардир. Энди бу амаллар тўғри ва нуқсонсиз Аллоҳ даргоҳига қабул бўлиши, одамлар амал соҳибидан барака топиши, руҳиятдаги қасд қилинган ният билан вобаста. Агар амал соҳиби нияти Аллоҳнинг ризолиги ва одамларнинг хушнудлиги бўлса, қилинган ишларидан ҳам ўзи ва бошқалар манфаат олади. Муҳаббатни даъво қилиш қуруқ гап ва дангасалик билан бўлмаслиги барчага аён. Муҳаббат итоат ва соғлом эътиқод билан шарафланган. Мен қалбимда фалончини яхши кўраман дейиш билан ҳеч ким ишонмайди. Балки, яхши кўришнинг сабабларини даъво қилувчи ўз ҳаётида кўрсатиши керак. Инсон оч қолса, сув ва нонга талпинади. Мана шу талпиниши унинг очлигидан далолат беради. Муҳаббат ҳам худди шундай, даъво қилувчи даъво қилинувчи томонга бориши керак. Сўфи Оллоҳёр назарда тутган муҳаббат ҳам худди шундай. Муҳаббатнинг биринчи шарти Аллоҳга итоат қилиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш, солиҳ олимларнинг йўлини маҳкам тутиш, хулқни зийнатлаш ва зикрга бардавом бўлишдан иборат. Бугун тариқат аҳлиданман, дегувчиларнинг баъзилари бу мезонга амал қилмасликлари ачинарли ҳол. Мени пиримнинг гапи гап деб, бошқа шайхлар ва илм йўлида машаққат чеккан олимларни тан олмаслиги оғриқли ҳол. Чунки соф тасаввуф илм ўрганишни биринчи ўринга қўяди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзи ва Расулига итоат қилиш билан биргаликда олимларга ва тўғри йўлдаги раҳбарларга итоат қилишни шундай баён этади:
[6] يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ۖ
(Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг).
Сўфи Аллоҳёр айтади: “Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни юбдордики, токи одамларнинг руҳиятидаги эътиқоди билан биргаликда зоҳирий амалларини ислоҳ этсин. Чунки инсоннинг ҳаёти жисм ва руҳдан таркиб топган. Агар фақатгина ботинни поклашни буюрилганида эди, нимага шариатда баъзи азобларни дунёнинг ўзида берилади ва баъзилари охиратда қолдирилади. Солиҳ амалнинг мукофотини Жаннат ва Ўзининг мислсиз жамолини кўриш билан тақдирлайди. Аллоҳнинг бу борадаги қавли шундай:
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَهُمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ ۚ ذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْكَبِير[7]ُ
(Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга, уларга, остидан анҳорлар оқиб турган жаннат бор. Бу эса ниҳоятда улкан ютуқдир).
[8] فَمَنْ كَانَ يَرْجُو لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا
(Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», дегин).[9]
Сўфи Аллоҳёр ушбу оятлар орқали ҳар бир шариат толибини дастлаб солиҳ амал кимдан қабул бўлишини уқтирмоқда. Солиҳ амаллар иймон аҳлидан қабул қилиниб, қиёмат куни унга ҳисобсиз ажр берилишини айтади. Шариат аҳлининг одобига кўра, толиб бировга тили, амали ва қули билан озор бермаслиги шарт. Илм ўрганиш билан бирга ҳилмни ҳам ўрганиши муҳим. “Шунинг учун зоҳирнинг соғломлиги ботиннинг соғломлигидан далолат беради. Анбиё алайҳимуссаломнинг ботиний оламлари барча халқнинг ботинидан кўра пок, зоҳири эса барчадан кўра одобли бўлганини эшитмаганмисан”.[10]
Пайғамбарларнинг сийрати ва сурати бутун инсонларнинг сийрати ва суратидан афзал бўлган. Демак шариат баъзилар айтганидек, фақат зоҳирий амаллар эмас, балки ботиний амаллар майдонидир. Шариат тарозисининг бир палласида зоҳирий амаллар турса, иккинчи палласида ботиний амаллар туради. Мабодо, тарозининг бир палласи оғир келиб қолса, ўлчов миқдори бузилади ва мувозанатни йўқотади. Тариқатни даъво қилувчилар мана шу мезонга амал қилсагина дунёда нажот ва охиратда саодат топади. Чунки ибодат илм ва итоат билан қадрланади.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) – Жамаҳматов Каромиддин
Таълим муассасаси матбуот хизмати
[1] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 59
[2] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 59
[3] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 59-60
[4] Наҳл сураси. – 98 оят.
[5] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 60
[6] Нисо сураси, 59 оят.
[7] Буруж сураси, 11 оят.
[8] Каҳф сураси, 110 оят.
[9] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 60.
[10] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 60.
Izohlar