19.12.2023

СОХТА СЎФИЙЛАРНИНГ САЖДАКОРЛИГИ ҲАҚИДА

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бизда мурид ва мухлисларнинг ўз муршид ва муқтадолари олдида сажда қилиш ҳолати мавжуд эмас, авваллари ҳам, ҳозир ҳам бу нарса эшитилган эмас. Шунингдек, қабрларга ростакамига сажда қилиш ҳолатлари ҳам учраган эмас ва учрамайди ҳам. Фақат авом ва жоҳиллар орасида зиёратгоҳ остоналарини ва қабрларни қўл билан ушлаб, юзга суртиш ҳоллари мавжуд. Авомнинг ўз муршидлари олдида ва қабрларга сажда қилиши бошқа юртларда кузатиладиган ҳолат бўлиб, таассубга берилган одамларда учрайди. Бу ҳолатлар тасвири туширилган видеолар интернет тармоғида кўпайиб кетган

Бир жоҳил “Нима қилибди сажда қилинса?!  Фалончи шайхнинг ҳам мурид ва мухлислари унга сажда қилаяптилар-ку, уни ҳеч ким гапирмаяпти-ку?! Муршидга сажда қилган билан унинг йўли бузуқлиги келиб чиқмайди”, дебди. Ана сизга жаҳолат! Сўфи Аллоҳёр (алайҳи раҳмат ас-Саттор) бундай дейди: “Эй, басо, сўфиёнки пур-оманд, Ки, зи омий ба-куфр анжоманд” (“Эй, қанча-қанча оми сўфилар борки, авомлиги орқасидан куфрга тушиб қоладилар!”)

Ўзга юртлардан кириб келиши мумкин бўлган сохта сўфийлар, ўзларини “ҳанафиймиз, мотуридиймиз, нақшбандиймиз” десалар ҳам, одамларни чалғитувчи шиорлар билан кириб келса ҳам, ушбу тоифаларнинг хавфи мана қаерда экан?!

Хуллас, таъзим учун ҳам, бошқа жиҳатдан ҳам, Аллоҳдан ўзгага сажда қилиб бўлмайди. Аллоҳдан ўзгасига сажда қилиш мумкин, деган гапга ошкора қарши чиқилмаса, бепарво бўлинса, муршидларга ва қабрларга сажда қилувчиликка мансуб қилинган жамоаларнинг ёни олинаверса, юқорида ўтган самарқандлик жоҳилнинг қалбида ўрнашаётган ботил ақидадек ақоидлар шаклланиб қолиши мумкин.

Ана энди савол, сиз Туркистондаги Аҳмад Яссавий (қуддиса сирруҳу), Тошкентдаги Занги ота (қуддиса сирруҳу), Самарқанддаги Шоҳи Зинда (қуддиса сирруҳу), Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд (қуддиса сирруҳу), Қорақалпоғистондаги Султон Увайс Қараний (қуддиса сирруҳу) ва бошқа зотларнинг қабрларига ростакамига сажда қиласизми? Ўзингиз ихлос қўйган, қўл берган пири муршид, устоз ва уламо олдида саждага бош қўясизми? Сиз ҳам буни жоиз ва мумкин иш деб биласизми? Йўқ, Аллоҳдан ўзга учун саждага бош қўйилмайди!

Бизнинг мақсадимиз ўзга юртларда тарқалган оқим, тоифа ва бузуқ йўллардан огоҳлантиришдир. Бутун дунёда ёмонотлиқ бўлган тоифаларни кўрсатиб беришдир. Ана шу мақсадда яна ўзимизда маъмул бўлган китоблардан, ўзимизда танилган ва қўлланаётган фиқҳий манбалардан Аллоҳдан ўзгага сажда қилиш ҳаромлиги борасидаги маълумотларни тақдим қиламиз:

1) “Хулосат ал-фатово”да бундай дейилган:

“Анави зулмкорларга сажда қилишга келсак, у гуноҳи кабирадир. Айрим уламолар мутлақо куфр бўлади, деганлар. Аксар олимлар эса бу масъаланинг тафсилоти бор, деганлар. Агар ибодат нияти билан сажда қилса, куфр бўлади. Агар таҳийят – саломлашиш нияти билан сажда қилса, кофир бўлмайди. Афзал шуки, бошқага умуман сажда қилмасин. Чунки, бунда куфр сурати бор” (Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ал-фатово. 4-жилд. – Лакнау: Наволкишвар, 1911. – Б. 389)

2) “Фатовойи Қозийхон”да ҳам бу масъала келтирилган бўлиб, султонга таъзим ва таҳийят учун қилинган сажда куфр бўлмаслиги, агар ибодат маъносида мажбур қилинса буни қилмаслик кераклиги каби масалалар ёритилган (Фахриддин Қозийхон. Фатовойи Қозийхон. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2009. – Б. 329)

3) Ибн Нужайм ал-Мисрий (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг “Баҳр ар-роиқ” асарида бундай деган:

“Зулмкорларга сажда қилиш куфр. Агар ибодатни мақсад қилса шундай. Кўпчилик олимлар гапига қараганда, агар таҳийят – саломлашувни ирода қилса ҳам” (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 5-жилд. – Миср: Илмия, 1893. – Б. 134)

Демак, юқоридаги тақрирлардан маълум бўлдики, Аллоҳдан ўзганинг қаршисида ерга бош қўйилмайди, саждага борилмайди. Яралмишнинг таъзими учун ҳам, таҳийяти учун ҳам сажда қилинмайди. Сажда фақат ва фақат яратувчи Аллоҳга қилинади! Интернетда берилаётган видео роликларидан шу нарса маълум бўладики, дунёнинг турли тарафларида ўзларининг шайхларига сажда қиладиган тоифалар ва одамлар бор. Қабрларга сажда қилиб, ўпиб камоли ҳурматини ҳаром йўллар билан изҳор қилаётганлар бор. Бу нарсалар шариати исломияга кўра ҳаромдир. Бинобарин, ана шундай тоифаларни ва одамларни яхши билиб олиб, уларни юртимизга йўлатмаслигимиз керак, уларнинг қилмишларидан ҳазар қилмоғимиз лозим.

 

Тўхтаев Насрулло – Таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавий – маърифий бўлим бошлиғи

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar