20.12.2023

ДЎСТЛАР – ТУРЛИ ХИЛ ТАНАДАГИ БИР ЖОН КАБИДИР!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳужурот сурасида шундай марҳамат қилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ إِنَّا خَلَقۡنَٰكُم مِّن ذَكَرٖ وَأُنثَىٰ وَجَعَلۡنَٰكُمۡ شُعُوبٗا وَقَبَآئِلَ لِتَعَارَفُوٓاْۚ إِنَّ أَكۡرَمَكُمۡ عِندَ ٱللَّهِ أَتۡقَىٰكُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٞ

“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир.”

Ушбу ояти каримада «Эй одамлар!» деб барча инсониятга қарата нидо қилинмоқда, шу билан бирга уларнинг асли бир эканлиги эслатилмоқда. Демак, одамларнинг асли бир — ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳаводан таралганлар. Айни чоғда Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб ҳам қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишини сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда. Демак, буларнинг барчалари оға-инилардир. Яъни Аллоҳни бир деб унга шерик келтирмайдиган ва пайғамбарларга иймон келтирган барча мўмин бандалар биродардирлар.

Ҳадиси қудсийда келтирилади:

Аллоҳ таоло деди: “Менинг ризолигим учун севишганлар, ака-ука тутинганлар ва ўтириб суҳбат қурганлар ва бир-бирларига ёрдам берганлар ва бир-бирларини зиёрат қилганлар Менинг севгимни қозонгайлар”.

Яна пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

“Кимики  бирор бир бандани Аллоҳ йўлида яхши кўрса, тоат, илоҳий муҳаббат учун яхши кўрса. Аллоҳ таоло унинг даражасини жаннатга кўтаради. У амали билан у даражага етиша олмасди. Бировни дўст тутгани учун, бировга муҳаббат қуйгани учун, бировни Аллоҳ йўлида яхши кўргани учун Аллоҳ таоло унинг мартабасини кўтаради”.

Дарҳақиқат Аллоҳ таоло ўзининг оятида мўминлар бир-бирларига биродар эканлига ва пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида Аллоҳ учун  дўст тутинишга тарғиб борлигига ишора қилди.

Шунда экан биз кимни дўст тутишимиз лозим? Дўстликни мезонлари ва даражалари қандай? Кимни дўст тутсак Аллоҳ таоло бизни жаннатдаги даражамизни кўтаради?

Абу Ҳурайра (р.а) айтадиларки: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши Маҳшаргоҳга дўстининг динида келади, бас, ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига қарасин”, дедилар.

Бу ҳадиси шарифнинг зоҳирига қарайдиган бўлсак биз дўст тутаётган кишимизни аввало динига эътибор бермоқлигимиз лозим. Яна дўстликда қуйидаги одоблар ҳам мавжуд бўлиб бир қанчасини санаб ўтишни лозим тутдик:

1. Аввало уни дўст тутиш ҳақида унга хабар бериш керак. 

Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бир киши биродарига муҳаббат қилса, унга ўзининг муҳаббати хабарини берсин», дедилар».

(Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.) 

«Анас розияллоҳу анҳу:«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши бор эди. Унинг олдидан бир одам ўтиб қолди. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен мана шуни яхши кўраман», деди. «Буни унга билдирдингми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Унга билдир», дедилар. У унинг ортидан етиб борди ва: «Мен сени Аллоҳ учун яхши кўраман», деди. Сен мени ким учун яхши кўрсанг, У Зот ҳам сени яхши кўрсин», деди».

(Абу Довуд ривоят қилган.)

Ким бировни яхши кўрса, дўст бўлмоқчи бўлса, унга бу хабарни етказмоғи керак. Шунда иккинчи тараф ҳам муҳаббатга ўтади ва одамлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланади. 

 

2. Дўстининг олдида ҳам, орқасидан ҳам фақат унинг ўзига ёқимли исми билан атасин. 

«Умар розияллоҳу анҳу: «Уч нарса сен учун дўстинг муҳаббатини мусаффо қилади: унга йўлиққанингда аввал салом беришинг, уни ўзи учун энг маҳбуб исми ила чақиришинг ва мажлисда унга жой беришинг», деган».

(Ибн Муборак ривоят қилган.)

3. Дўстингнинг мақталишини ёқтирадиган одам ҳузурида унинг ҳақида билган яхши сифатларини айтиб мақташинг.

Бу иш унинг обрўсини орттиради ва сенга бўлган муҳаббатини зиёда қилади.

4. Кези келганда дўстингнинг оила аъзолари, ишлари, яхши сифатлари ва бошқа фазилатларини ҳамда сенга қилган яхшиликларини муболаға қилмасдан, меъёрида гапириб туришинг.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Ким ўз дўстини яхши ният ила мақтамаса, уни қилган яхшилиги учун ҳам мақтамайди», деган.

5. Дўстинг ҳақида ёқимсиз гап эшитганингда дарҳол уни ҳимоя қилишинг унинг дўстлик ҳаққидир.

Бу ишни қилмаган одам дўстлик ҳаққини поймол қилган бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди», дедилар».

(Тўртовлари ривоят қилишган.)

Мусулмонга зулм қилиш ҳаромдир. Мусулмон одам бошқа бир мусулмонга зулм қилса, ўз биродарига зулм қилган бўлади. Зеро, мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. У баъзи бир сабабларга кўра зулмга учраганда ҳам, биродари ундан зулмни кўтаришга ҳаракат қилмоғи керак.

6. Билмаган нарсасини таълим бериш.

Агар сен дўстинг билмайдиган нарсани билсанг, унга ўша нарсани ўргатишинг керак. Чунки дўст молга муҳтож бўлганидек, илмга ҳам муҳтождир. Бинобарин, унинг дини ва дунёси учун зарур бўлган нарсаларни билсанг, ўргатиб қўй.

7. Керак бўлганда насиҳат қилиб туриш. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Албатта, насиҳат қилиш бошқаларнинг олдида эмас, ёлғиз ҳолда амалга оширилади. Аслида бировга унинг айбларини айтиб, йўл кўрсатиб насиҳат қилиш яккама-якка бўлади. Бу ишни бошқанинг олдида қилиш насиҳат эмас, дўқ-пўписа бўлади.

  Хулоса ўрнида айтамизки:

الأخلاء كنفس واحدة في أجساد متباعدة

Дўстлар – турли хил танадаги бир жон кабидир! Бу сўзнинг тагида бир қарашда жуда чуқур мазмун яширинган. Яъни ҳақиқий дўстлар дўстини ҳурсандчилигида ҳурсанд, бошига мусибат келганда елкадош бўладиган кишилардир. Энг муҳими инсонлар дунё ёки бўлмаса манфаат учун бир бирлари билан дўст тутинмаслиги керак чунки Аллоҳ таоло оятида айтадики:

ٱلۡأَخِلَّآءُ يَوۡمَئِذِۭ بَعۡضُهُمۡ لِبَعۡضٍ عَدُوٌّ إِلَّا ٱلۡمُتَّقِينَ

Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир. (Қиёмат куни ҳамма ўз оқибатини билгач, гарчи бу дунёда яқин ўзаро дўст бўлса ҳам, бир-бирига душманга айланади. Чунки у дунёда бир-бирларини турли амалларга ундаган дўстларнинг дўзахга тушиб жазо тортишлари аниқ маълум бўлиб қолади. Ана ўшанда, ёмон билан дўст бўлганига афсусланади.)

Аллоҳ таоло барчамизга ўзининг йўлида юрадиган дўстлардан бўлишни насиб-у рўз айласин. 

 

Фойдаланилган адабиётлар: 

  1. Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири ҳилол” асари.
  2. islom.uz sayti.

 

Ярашев Хабиб – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати.

Izoh qoldirish

Izohlar