21.12.2023

ИСЛОМ ТАРИХИГА НАЗАР: АНАС ИБН МОЛИК РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ (2-қисм)

  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада бирор жойга муқим ўрнашмасларидан туриб у зотнинг хузурларига Милҳоннинг қизи Ғумайсо яъни Анас розияллоҳу анҳунинг оналари келди. Онаси билан бирга ёш Анас ҳам ўша ерда эди. У онасининг атрофида ўйнаб юрар, жингалак кокиллари эса пешонасида тебранарди.

  Сўнгра Ғумайсо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Ҳамда "Ё Росулуллоҳ! Мадина аҳлидан бирор аёл ёки эркак қолмадики сизга туҳфа олиб келмаган. Мен эса сизга туҳфа қилиш учун шу ўғилимдан бошқа нарса тополмадим. Уни олинг эй Аллоҳнинг Росули сизни хизматингизни қилсин" деди.   Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан жуда ҳурсанд бўлди. Ҳамда ёш Анаснинг бошини муборак қўллари билан силар, ва муборак бармоқлари билан унинг кокилларини ушлаб кўрарди. Шундай қилиб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик Анасни ўз аҳлига қўшиб қўйди.

  Анас ибн Молик Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматига келганда ўн ёшда эди. У зот розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғамхўрликлари ва риоялари остида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам рофиқул аълога кетгунларига қадар яшади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг бу бахтли ҳаёт муддати нақд ўн йил давом этди. Мана шу ўн йил мобайнида ҳидоятдан иборат нафсни поклайдиган нарсаларни аввалини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан олди. Ҳамда У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан қалбини тўлдирган даражада олди. Шунингдек У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатларидан, хабарларидан, сир-у асрорларидан ва шамоилларидан Анас ибн Моликдан бошқа саҳоба билмайдиган даражада ҳадисларни билди.

  Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай меҳр кўрдики, биронта бола отасидан кўрмайдиган меҳр эди. Анас ибн Молик Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоилларининг энг олийсидан ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хислатларини юксак намунасидан татиб кўришга муяссар бўлган зот эди. Ҳа! Бу дунёлар ҳавас қиладиган мартаба эди.

 

Абдураҳмон РафъатПошонинг «Саҳобалар ҳаёти» китобидан

 

Хамидов Абдулбосит – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси      

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar