ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШНИНГ ЖАЗОСИ
Бир ноқобил ўғил отасига жуда ёмон муносабатда бўлар эди, ҳатто отасини калтаклар, кийимидан судраб, бир дўконнинг олдига ташлаб келар эди, дўкондагилар бирор егулик берса, шўрлик ота ўшандан еб кун кечирар эди. Йиллар ўтиб, ота вафот этди. Бағри тош фарзанд эса улғайди, уйланиб фарзандли бўлди. Ана шунда дўкон эгаси ажиб бир ҳақиқатга гувоҳ бўлди отасини уриб, кийимларидан судраб, дўкон олдига етаклаб келган ўша болани энди ўзининг фарзанди яна ўша дўкон олдига уруб, сўкиб судраб келди. Отасининг бошига не кунларни солган бу болага худди ўша оқибат фарзандидан қайтди. Бола отасини яна дўкони олдига судраб келгач, сотувчи чидай олмай: “Бўлди, етар хой бола! Отанг бобонгни шу ергача судраб келган эди. Ундан ошириб юборма”-деди.
Буни қайтар дунё дедилар. Буғдой эккан буғдой ўради, арпа эккан арпа. Ким яхшилк қилса, яхшилик кўради ёмонлик қилган одам албатта ёмонлик кўради.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандасининг қилган гуноҳларига бериладиган азобни қиёматга қолдиради. Аммо ота-онага оқ бўлганларнинг жазосини шу дунёнинг ўзида, ўлишидан олдин беради”.
Демак, Аллоҳ таоло одамларнинг гуноҳларини кечириб юбориши ҳам мумкин, кечирмасдан, охиратда ҳисоб-китоб қилиши ҳам мумкин. Бу иш ҳам Аллоҳнинг ихтиёрида. Аммо ота-онасига оқ бўлганларни Аллоҳ таоло шу дунёнинг ўзидаёқ жазолаб, оқибатни ўша бадбахтларнинг фарзандларидан ёки бошқа томондан қайтариб қўяди. Ота-онасига оқ бўлганлар астойдил пушаймон бўлиб тавба қилмоғи лозим. Аллоҳ таоло ота-онасига оқ бўлган фарзандга баъзан шундай ибратли воқеаларни кўрсатиб қўядики, бу билан фарзанд ота-онасига нисбатан қилган ишларига пушаймон бўлиб, астойдил тавба қилишни хохлаб қолади. Бундай холатда фарзандлар қуйидаги кўрсатмалрага амал қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади:
1. Ота-онасининг ҳузурига бориб, улардан кечирим сўрайди. Фарзанд ҳар қанчалик одобсизлик қилган бўлса ҳам, ота-онанинг қалби юмшоқ, кечиримли бўлади, жигаргўшасининг айбини дархол кечиради.
2. Ота-она кечирса, энди қилган гуноҳи учун Аллоҳ таолога ҳам тавба қилиб, мағфират сўрайди, дуо-илтижолар қилади.
3. Бундай ахлоқсизлик, одобсизликни иккинчи марта такрорламайди. Ота-онанинг мехрибонлигини, фарзандга кечиримлилигини суистеъмол қилмайди.
4. Ота-онасига мехрибонлик, ғамхўрлик қилади, уларнинг буйруқлари, насиҳатлари, маслаҳатларига амал қилади.
5. Ота-онасининг хаққига доимо дуода бўлади.
Агар ота-онаси дунёдан ўтиб кетган бўлса:
1. Ота-онасининг қабрини зиёрат қилиб туради.
2. Аллоҳ таолога астойдил тавба қилиб, мағфират сўраб, эрта-ю кеч тазарру қилади.
3. Ота-онасининг руҳини шод қилиш учун қўлидан келганча хайр-эҳсонлар қилади, садақалар беради, ибодатларидан сўнг уларнинг хаққига кўп дуолар қилади.
4. Ота-онасининг қариндошлари билан қариндошчилик алоқаларини давом эттиради, имкони борича уларга яхшилик қилиб туради.
5. Ота-онасининг дўстларини зиёрат қилиб, уларга ҳам яхшилик қилиб туради.
Мана шу ишларни қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечириши умид қилинади. Аллоҳ таоло фарзандларни ота-онага яхшилик қилишга буюрган, аммо ота-оналарни фарзандларга яхшилик қилишга буюрмаган. Чунки ота-она фитратида фарзандга меҳрибонлик қилиш, ғамхўрлик қилиш туйғуси бор бўлгани учун уни эслатишнинг, буюришнинг ҳожати йўқ. Бироқ фарзандларда бундай туйғу фитратида бўлмайди. Шунинг учун улар доимо ота-онага яхшилик қилиш, уларни иззат икром қилиш, ҳолидан хабар олишга буюрилади ва эслатиб турилади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизга бу дунёда ота-оналаримизнинг розилигини олишни насиб-у рўз айлаган бўлсин!
Турдалиев Ҳабибулло – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar