ЭЪТИҚОДИЙ МАЗҲАБЛАРНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ: ИМОМ АБУ МАНСУР АЛ-МОТУРУДИЙ (2-қисм)
Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мотурудий самарқандда туғилиб, ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, шу ернинг ўзида 333 ҳижрий санада вафот этган.
У киши ҳанафий мазҳабида бўлиб, имом Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан Раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлган. Яъни, у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.
Имом абу Мансур ал-Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳи Мавороуннаҳрда Аҳли суннанинг шайхи бўлган. Бу ерда Аҳли сунна ғолиб бўлгани учун у киши имом ал-Ашъарийга ўхшаб хар ҳил йўлларда ва турланишларда бўлмаган. Балки, аввал мутадил йўлдан бориш имконини топган. У киши кези келганда нақлга, кези келганда ақлга суяниб иш кўрган. Имом Абу Мансур ал-Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳи фуқаҳолар ва муҳаддислар даъват қилган нарсага чақирган. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мавороуннаҳрда барча унга мурожаат қилган. У кишидан фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмларни таълим олишган.
Имом Абу Мансур ал-Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича “Китабул жадал”ни ва фиқҳда “Маъохизуш шариъа” китобларини талиф қилганидан кейин шуҳрати яна ҳам ошиб кетди. шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳлининг мазҳаб соҳибига айланган.
Имом Абу Мансур ал-Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳининг ақидадаги мазҳаби Абул Ҳасан ал-Ашаърийнинг мазҳабига тенг бўлган. Имом Абу Мансур ал-Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳи бир қанча китоблар ёзган. “Китобур радди ала ал-Каъбий ал-Мўътазилий”, “Китоб авҳомул Мўътазила”, “Китобур радди ала ал-Қаромита”, “Китобур радди ала ар-Рофиза”, “Китобут тавҳид” ва “Таъвилоту аҳли сунна” китоблари шулар жумласидандир.
Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг икки катта имомларининг ақидаларини солиштириб кўрган шайх Муҳаммад Абдуҳу икки томон ўттизга яқин масалада хилоф қилганларини, аммо аксари уламолар бу хилофлар фақат лафзда экани, жавҳари эса тамоман бир-бирига ўҳшаш эканини таъкидлашларини қайд қилган.
Баъзи муҳаққиқ уламолар ал-Мотурудий билан ал-Ашаърийнинг орасида асосан учта масалада хилоф борлигини айтадилар.
Биринчиси, ал-Ашаърий холни нафий қилади ва шунинг учун, унинг фикрича, сифати зоидалар йўқ ҳисобланади. Ал-Мотурудий эса, уларни собит дейди.[1]
Имом Абу Мансур ал-Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳи, таквин сифати бор, у ҳар бир маҳлуққа шомил сифатдир, дейди. Ал-ашаърий бу номдаги сифат йўқлигини айтади. Шунингдек, Улар савобу иқоб ҳамда ирода хурлиги ҳақида ихтилоф қилишган.
Имом Абу Мансур ал-Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг тафсирида муътазила, ҳавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган.
Кейинчалик Имом Ғаззолий, Саъдуддин, Тафтазоний, Имом Таҳовий, имом Умар Насафий ва бошқа уламолар ақоид илмида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.
Саййидбурхон Раббоний – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] “Сунний ақидалар” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тошкент-2008
Izohlar