08.01.2024

ЛУҚОТА НИМА?

Луқотанинг луғавий ва истеълоҳий маънолари.

Араб тилида “лақото Аш-шая” бирор нарсани ердан олди деган маънони англатади. 

Луқота сўзи асли манашу сўздан келиб чиққан бўлиб, луғатда ердан топиб олинадиган нарсага қўйилган ном. Луқота сўзини тўрт хил ўқиш мумкин: 

Биринчиси:  луқоототун 

Иккичиси:  луқототун

Учинчиси: луқтотун

Тўртинчиси: луқотун

Луғатшунос Холил роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Луқототун сўзи тушириб қўйиш кўп кузатиладиган нарса бўлса, луқтотун сўзи эса, ердан топиб олинган нарсадир”. 

Абу Мансур роҳимаҳуллоҳ айтади: Луқототун деб ўқилса фоил вазнида бўлиб, ердан топиб олувчи маъносида бўлади. Агар луқтотун деб ўқилса мафъул вазнида бўлиб, тушиб қолган нарса маъносида бўлади. Абдулҳай ибн Абдулҳалим Лакнавий роҳимаҳуллоҳ “Шарҳи Виқоя” китобининг шарҳи “Умдатур Риоя”да бундай дейдилар: “ Луқота сўзини 3 хил ўқиш мумкин: 

Биринчиси: Луқототун 

Иккинчиси: Лақототун 

Учинчиси: Луқтотун. Мулла Али Қори ушбу матнни қуйидагича шарҳлайди:

“Луқота сўзи икки хил ўқилади: Луқотатун ёки луқтотун.

Ҳанафий фақиҳлари луқотага бир нечта таърифларни айтганлар. Улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

Бурҳониддин Марғиноний роҳимаҳуллоҳ “Ал-Ҳидоя шарҳу Бидоятул Мубтадий” китобида луқотага бундай тариф берганлар: “Луқота уни топиб олган киши сақлаб қўйиб, эгасига қайтариб бериш учун олганлигига гувоҳ келтирса омонатдир”.

Тожушшариа роҳимаҳуллоҳ “Виқоя”нинг матнида луқотага бундай таъриф берганлар: “Луқота истеълоҳда луқотани топиб олган киши уни эгасига қайтариб бериш учун олганига гувоҳ келтирса омонат. Агар луқотанинг эгаси луқотани топиб олган кишининг унга қайтариб бериш учун олганини инкор қилса тўлаб беради”. Содрушшариаъҳ роҳимаҳуллоҳ “Шарҳул Виқоя” китобида ушбу матннинг шарҳида қуйидагича гапларни айтганлар: “Билингки, луқотани топиб олган киши луқотани ўзи учун олганига иқрор бўлса билижмо тўлаб беради. Агар ўзи учун олганига иқрор бўлмаса, эгасига қайтариб бериш учун олганига гувоҳ келтирса тўлаб бермайди. Агар гувоҳ келтирмаса Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад роҳимаҳумаллоҳнинг наздида тўлаб бермайди”.

Абдулҳай ибн Абдулҳалим Лакнавий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: Луқота истеълоҳда топиб олинган, эгаси маълум бўлмаган, мубоҳ бўлмаган молдир. Ҳарбий (кофир)нинг моли, уй ва сондиқ каби ҳимоядаги жойдан топиб олинган мол ва топиб олинган мубоҳ нарсалар луқота эмас.

Алоуддин Касоний “Бадое Ас-Саное фий тартиб Аш-шарое” китобида луқотага бундай тариф берганлар:

“Ҳанафий фуқаҳолари луқотани бундай таърифлайди: “Луқотани ердан топиб олган киши луқотани сақлаб, эгасига қайтариб бериш мақсадида олса ва гувоҳ келтириб қўйса омонат ҳисобланади”.

Қудурий роҳимаҳуллоҳ луқотага бундай тариф берганлар: “Луқота уни топиб олган киши сақлаб, эгасига қайтариб бериш учун олганлигига гувоҳ келтирса омонатдир”.

Луқота сўзи “луқтотун” сўзининг жами бўлиб, луғатда – топилма, кутилмаган даромад, соф ҳолда топилган металл маъноларини англатади.

Абдуллоҳ Ҳамид Маҳмуд Тоҳмаз Ал-Фиқҳил ҳанафий фий савбиҳил жадид китобида луқотага қуйидагича таъриф беради: “Луқота луғатда – ерга тушган мол”. Қудурийнинг шарҳи Лубоб китобида ҳам бундай таъриф берилган: 

“Луқота истеълоҳда – ердан топиб олинадиган мол. 

Зуҳайлий роҳимаҳуллоҳнинг Ал-Фиқҳул ҳанафий Ал-Муяссар китобида: “Луқота ердан топиб олинадиган ёқолган молга қўйилган ном”. 

Шайх Абу Лубоба ҳафизаҳуллоҳ Ҳидоя китобига ёзган таълиқида бундай таъриф беради: “Луқота истеълоҳда – ердан топиб олинган ва эгаси маълум бўлмаган молга қўйилган ном”.

Акмалиддин Бобартий Ҳидоянинг шарҳида луқотага қуйидагича таъриф берган: “Луқота истеълоҳда – ердан топиб олиниб, омонат сифатида олинган нарса”.

Убайдуллоҳ ибн Масуъд ибн Тожушшариа “Мухтасарул виқоя” китобида бундай таъриф берган: “Луқота истелоҳда – луқотани олувчи одам эгасига қайтариш мақсадида олаётганига (икки адолатли кишини) гувоҳ қилиб қўйса омонат бўлади, агар (икки кишини) гувоҳ қилиб қўймаса, эгасига қайтариб бериш учун олмагансиз деб даъво қилса луқотани топиб олган одам (луқота ҳалок бўлса) эгасига тўлаб беради”. Луқота Ҳилда, Ҳарамда ва бошқа жойда тушган бўлсин фарқи йўқ эгасига қайтариб бериш учун олганига гувоҳ келтирса омонат бўлади. Луқота мато ёки ҳайвон бўлсин фарқи йўқ. Бу Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад роҳимаҳумаллоҳнинг наздида”.

Рофиқ Юнус Ал-Масрий “Фиқҳул муомалот ал-молия” китобида луқотага бундай таъриф беради: “Луқота истеълоҳда – йўқолган мол”.

Жалолиддин ибн Шамсиддин Ал-Карлоний Ал-Хоразмий “Ал-Кифоя фий шарҳил Ҳидоя” китобида бундай таъриф беради: “Луқота истеълоҳда ерга тушган мол”.

Хулоса қилиб айтганда, луқота сўзи луғатда ерга тушган мол маъносида бўлиб, у - пул, қимматбаҳо нарсалар ва йўқолиб қолган жониворлар, ҳужжатлар ва қийматли буюмларга тўғри келади. Шариъат истеълоҳида эса бирор жойда тушириб қолдирилган, эгаси маълум бўлмаган ва бирор мусулмонга тегишли мол (хоҳ пул бўлсин, хоҳ буюм бўлсин, хоҳ жониворлар бўлсин фарқи йўқ). 


Фойдаланилган адабиётлар:

1.  Алоуддин Абу Бакр ибн Масуъд Ал-Касоний. Бадоеус-Саное фий тартиб Аш-Шароеъ. – Байрут: Дор Ал-Кутуб Ал-илмия. 2003. Ж.8. – Б. 326. 

2.   Файруз Ободий. Ал-Қомусул Муҳит. – Байрут: Дор-у-л-фикр. 1980. Ж.2. –Б. 297. 

3.  Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя шарҳу бидоятул мубтадий. Девбанд: Ал-Мактабата юсуфийя. 2014. Ж.2. – Б. 412. 

4.  Абдулҳай ибн Абдулҳалим Лакнавий. Умдатур Риоя ала шарҳил виқоя. – Байрут: Дорул-кутуб-илмия. 2018. Ж.4. – Б. 517. 

 

 

 

Шарипов Исроилжон - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar