12.01.2024

ТЕРМИЗИЙЛАР АВЛОДИМИЗ

Сўнги йилларда мамлакатимизда алломалар меросини ўрганиш, улар бизга қолдирган бой маънавий меросни ҳар томонлама тадқиқ этиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Шеробод туманидаги Абу Исо Термизий мақбараси обод қилинган бўлса, 2017 йил 14 февралда давлатимиз раҳбарининг Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарори қабул қилинди. Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишдан асосий мақсад юртимизда ва минтақада ижод қилган мутафаккирларнинг илмий-маънавий меросини ҳар томонлама тадқиқ этишдан иборатдир.

Бугунги глобаллашув замонида улуғ мутафаккирларимизнинг бебаҳо дурдона асарларини ҳар томонлама ўрганиш ва уларни халқимиз орасида тарғиб қилиш масаласи янада долзарб аҳамият касб эта бошлади. Зеро, аждодларимиз босиб ўтган йўл, улар бизга қолдирган бебаҳо асарлар туганмас ибрат намуналари бўлиб, ёш авлодни маънан етук, ахлоқан баркамол шахс бўлиб шаклланишларида ва шу орқали ватан тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишларида асосий воситалардан биридир.

Бугунги кунда Термизий алломалар меросини ўрганишда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази таянч илмий-тадқиқот марказига айланиб бормоқда. Унда ислом дини, жумладан, ҳадис илми, Абу Исо Термизий ҳамда Термизий алломалар мероси чуқур ўрганилади. Таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланишга қаратилган дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрланади. 

Сурхон воҳаси азалдан илм-фан ва маданият бешиги бўлиб келган. Ислом илмларининг тараққий этишида,айниқса Термиз шаҳри алоҳида ўринга эга бўлган. Қадимда бу шаҳар Самарқанд ва Бухорони Балхнинг ўтмишдаги илм маркази билан боғлаб турган. Шу боис Термизда кўплаб алломалар етишиб чиққан. Бу диёрдан “Термизий” тахаллуси билан ижод қилган 200 дан зиёд алломанинг етишиб чиққанлиги фикримизга далилдир. Улар ҳадис, фиқх, тилшунослик, шеърият, тарих ва тасаввуф каби йўналишларда ноёб асарлар яратган. Чунончи Ҳаким Термизийнинг илмий карашлари мусулмон оламида ҳозирги кунда ҳам юксак эътирофларга сазовор бўлаётган бўлса, Исо Термизий ҳадис илмидаги бебаҳо асарлардан ҳисобланган “Сунани Термизий” орқали илм-фан ривожига бебаҳо ҳисса қўшди. Муқаддас ислом дини теран ғояларининг мумтоз тарғиботчилари Ҳаким ат-Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий, Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий, мусулмон оламида эътирофини топган «Сиҳоҳи ситта» (Олтита ишончли хадис китоби)нинг муаллифларидан бири Имом Абу Исо ат-Термизий шулар жумласидандир. Шунингдек, Абулмузаффар Термизийнинг Абдуллоҳ Ансорийдек буюк шахснинг отаси Муҳаммад Ансорийга пир бўлгани ёки Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизийнинг жаҳонга машҳур Жалолиддин Румийга устозлик килгани бизни фахру ғурургa буркайди.

Ислом дунёсида Варрок Термизийнинг жияни Имом Исо ат-Термизийнинг хадис илмидаги фаолиятини ҳар бир мўмин-мусулмон яхши билади. Имом Исо ат-Термизий — улуғ мухаддис, етук олим, Имом Бухорийдек улуғ муҳаддисдан сабоқ олган, унинг эътирофида сазовор бўлган муҳаддисдир. Унинг «Сунани Термизий» асарида ҳадислар илк бор туркумларга ажратилиб, уларнинг даражаси белгилаб берилди.

Пири Ҳирот номи билан машҳур шайхулислом Абдуллоҳ Ансорий (1006—1088) томонидан Имом Исо ат-Термизийнинг «Сунани Термизий» асарига берилган баҳо диққатга сазовордир. «Менинг учун унинг (Термизийнинг) китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки, Бухорий ва Муслимдан фақат теран илмли мутахассис олимларгина истифода этади. Термизийдан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин».

Термизий алломлар нафақат диний илмлар борасида, балки фалсафа, шеърият, рассомлик, астрономия каби соҳаларда ҳам сермаҳсул ижод қилганлар. Жумладан, X аср Термиз адабий муҳитининг фаол намоёндаларидан бири, моҳир ҳажвиянавис Мунжик Термизий кам сонли девон тартиб берган ва бу орқали Шарқ шеърияти ривожига катта ҳисса қўшган бўлса, асли термизлик Мир Сайид Али Термизий Шарқ миниатура санъати ривожига янгича маъно-мазмун бахш этган кўп сонли дурдона асарлар муаллифидир. Хожа Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулук” асари эса ҳукмдор ва сарой мулозимлари учун ўзига хос йўриқнома ҳисобланади.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Термизий алломалар меросини чуқур ўрганиш, уларнинг бой маънавий меросини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг ҳаёт йўлларидан, илм мақсадидаги саъй-ҳаракатларидан ибрат олиш маънан етук, ахлоқан баркамол авлодни етиштиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро

 илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

 

Имом  Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar