16.01.2024

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМ ДАВРИДА ФАТВО БЕРИШ

Ислом динида биринчи бўлиб фатво берган киши Пайғамбар алайҳиссалом бўлган. Берган фатволари Қуръони каримдан кейинги ислом шариатининг иккинчи асосий манбаси ҳисобланади. Саҳоблалар у зотнинг берган фатволарини қалбларида ва китобларда сақлардилар. Пайғамбар алайҳиссалом даврида бошқа бир киши фатво бериш билан шуғулланмаган. Фақат Пайғамбар алайҳисссалом баъзи саҳобаларига фатво бериш ёки ҳукм қилишни топширганлари истисно тарзида бўлган. Эҳтимол, бундан саҳобаларни ижтиҳод қилишга Ўргатиш қасд қилинган бўлиши мумкин. Масалан, икки киши Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурига хусуматлашиб келганида Абдуллох ибн Амр розияллоҳу анҳумога "Иккиси ўртасида ҳукм килинг", дейдилар. Абдуллох ибн Амр розияллоҳу анҳумо: "Эй Расулуллох, сизнинг ҳузурингизда иккиси ўртасида ҳукм киламанми?" деди.

У зот: “Ҳа, агар сен тўғри ҳукм килсанг, ўнта ажрга эга бўласан. Агар ҳукм килишда ижтиҳод килсанг ва хато килсанг ҳам, сенга битта ажр берилади", дедилар.

Маъкил Музаний розияллоху анху айтади: "Пайғамбар алайҳиссалом мени икки киши ўртасида ҳукм килишга буюрди. Мен: "Эй Расулуллох, мен ҳукм қилишни яхши билмайман", дедим. У зот: "Модомики, қози касддан бировга зулм қилмас экан, Аллоҳ таоло у билан бирга бўлади", дедилар.

Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссалом баъзи саҳобаларни узоқ вилоятлар ва шаҳарларга жўнатар хамда уларга фатво беришга ва ҳукм килишга изн берардилар.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга волий қилиб жўнатаётган вақтида айтади: "Сенга бирор ҳукм қилиш лозим бўлган масала рўбарў келса, нима билан ҳукм киласан?" дедилар.

Аллохнинг Китоби билан.

Агар унда топа олмасангчи?

Расулулллох соллаллоху алайхи васалламнинг суннати билан.

Агар ундан топа олмасангчи?

Бор илмимни сарфлаб ижтиход киламан.

Пайғамбар алайҳиссалом Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг бу сўзидан хурсанд бўлиб, кўксига уриб: "Ўз Расулининг расулини Расули рози бўладиган ишга муваффақ килган Аллоҳга хамд бўлсин", дедилар.

Амр ибн Ос розияллоху анху Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деяётганларини эшитди: "Качон ҳоким ҳукм қилса ва бор куч-ғайратини сарфлаб ижтиход килса, сўнг тўғри ҳукм килса, унга икки ажр берилади. Агар ҳукм килганида бор кучини сарфласа хам, хато килса, унга битта ажр берилади".

 

Манбалар асосида тайёрланди.

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar