АЛЛОМАЛАРИМИЗ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ЁШЛАР ТАРБИЯСИДАГИ ЎРНИ
Мовароуннаҳр дейилганда дунё олимлари – илм фан тарақииётига ҳисса қўшган улуғ зотларнинг ватанини тушунади. Мусулмон Шарқ давлатларида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий, Имом Бурҳониддин Марғилоний каби алломаларнинг номини эшитиши билан таъзим бажо келтиради. Бу замин шундай табаррук масканки, ҳар бир босган қадамингиз остида бир улуғ зотнинг қўним топган табаррук зиёратгоҳи бор. Ўзбекистоннинг қайси гўшасига борсангиз, бир зиёратгоҳ борлигига гувоҳ бўласиз. Халқимиз азалдан олиму уламо, фозилу фузало, шоиру шуаро, адибу удабо ва ҳокиму ҳукамоларни эъзозлаган. Бу зотларнинг вафотидан сўнг қабрлари устига мақбара қурдирган. Қайси мадраса, масжид, мақбара деворлари ва пештоқларига қарасангиз комил инсон тарбияси учун қисқа ва кенг маъноли ўгитлар ёзилган. Ҳар бир диққатга сазовор жойларда илм ўрганиш, олимларни қадрлаш, инсонларга яхшилик қилиш борасида Қуръон оятларидан, ҳадиси шарифдан ва мутасаввиф зотларнинг ҳикматли сўзларидан намуналар ёзилган. Шу каби хайрли ишлар орқали, азалдан халқимиз илм ўрганишга нисбатан ёшларимиз қалбига муҳаббат уйғотишган. Мақбара, мадраса ва масжидларда ёзилган ўгитлар ёшлар тарбиясига маълум даражада ўз таъсирини кўрсатган. Ушбу ўгитларни кўриб ёшлар илм ўрганишлик, олимларни ҳурмат қилишлик ва инсонларга яхшилик қилишлик гўзал фазилат эканлигини билганлар. Албатта, бунинг негизида яна бир ҳикмат яширин. Бу ҳам бўлса, ёшлар қалбига олиму уламоларимиз асарларини ўқишга чорлов бор. Мисол учун айтайлик, Сўфи Оллоёрнинг қуйидаги байти бирон бир мадраса ёки мақбара пештоқида ёзилган бўлса,
Агар уч кунда топсанг бўрдайи нон,
Ема ёлғиз, ани ярмин қил эҳсон. (“Саботул ожизин”).
Мана шу байтнинг ўзи қалбида заррача илмга ихлоси бўлган толиби илмни Сўфи Оллоёрнинг “Саботул ожизин” номли асарини ўқишга чорлайди. Албатта, шундай ёзувлардан англашиладики, азалдан бизнинг халқимиз жаҳолатга, маърифатсизликка, ахлоқсизликка, илмсизликка, диний мутаассибликка қарши тарғибот олиб борганлар. Ушбу тарғиботнинг муҳим аҳамияти шундаки, доно халқимиз қайси касбда ишлашидан қатъий назар инсонларга керакли маънавий озуқа берадиган ва ҳиссий таъсир кўрсатадиган ўгитлардан кенг фойдаланган. Бунинг натижасида юртимиз “буюк алломалар юрти” деб ном қозонишга эришган.
Жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг иккинчи томони шундан иборат эдики, улуғ мутафаккирларимиз томонидан бу соҳада минглаб асарлар ёзилган. Бугунги кунга қадар дунё мусулмонлари ва бошқа дин вакиллари алломларимизнинг илмий мероси асосида илм-фан соҳасида янгидан-янги кашфиётларни амалга оширмоқда. Алгебра соҳасида ал-Хоразмийдан дунё олимлари қарздорлигини кўпчилик билса керак. Табиий фанлар соҳасида Аҳмад ал-Фарғоний ва Абу Райҳон Берунийдан дунё олимлари қарздор бўлса, тиббиёт соҳисида эса Абу Али ибн Синодан бутун башарият қарздор, шеърият мулкида эса бутун шоирлар Рудакий Самарқандийдан қарздордир. Дунё илму фан тараққиётини Мовароуннаҳр уламоларисиз тасаввур қилиш амри маҳол.
Шунинг учун бугунги ахборот хуружи, мафкуравий урушлар авж олган замонда, ёшларни оммавий маданият балосидан муҳофаза этиш учун биз аждодларимизнинг маънавий озуқасига катта эҳтиёжимиз бор. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий каби улуғ олимларнинг бой маънавий меросини ўрганиш, кенг китобхон омммасига тақдим этиш долзарб масалалардандир. Инсон зоти моддий озиқага қанчалик эҳтиёжи бўлса, маънавий озиқага ҳам шунчалик эҳтиёжи бор. Зеро, инсон руҳи тирик бўлса, жисми соғлом ва юзида нур порлаб туради. Буни Хожа Баҳодуддин Нақшбанд ҳазратлари “Дил ба Ёру даст ба кор” (“Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда” деган қимматли ўгитидан ҳам билса бўлади. Баъзи валий зотлар руҳияти соғлом инсонни “зиндадил” (“тирик қалб соҳиби”) деб келтиради. Ахлоқсиз ва жоҳил кишиларни “мурдадил” (“қалби ўлик”) дейишади. Руҳ жисмнинг карвони. Руҳияти соғлом бўлмаган жамиятнинг иқтисодиёти ва турмуш тарзи соғлом бўлолмайди. Фаровон ҳаётга фақат мукаммал руҳий тарбиягга эга бўлган кишилар эришади. Баъзилар айтиши мумкинки, дунёда ақлсиз бойлар жуда кўп-ку! Лекин ана шу бойларнинг ҳаётига теранроқ назар ташласак, аслида фаровон ҳаёт соҳиби эмаслар. Бойлиги бўлса-ю, қалбида хотиржамлик ва ҳузур бўлмаса, бундай бойлик унга ҳар куни кулфат келтириши мумкин. Шу нуқтаи назардан бизнинг улуғ мутафаккирлармиз ўз асарларида соғлом ҳаётни икки нарса билан қўлга киритиш мумкинлигини таъкидлайдилар: Биринчиси руҳий тарбия; Иккинчиси жисмоний тарбия ва ҳалол меҳнат орқали.
Жамаҳматов Каромиддин - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar