ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ (1-қисм)
Оламларни йўқдан бор этган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар, башариятга Роббини танитиб, умматларини икки дунё саодати йўлига йўллаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва салавотлар бўлсин.
Юртимиз Ислом нури ила мунаввар бўлган аср инсоният тарихида Шарқ уйғониши даври деб аталади. Ўша асрдан бошлаб диёримизда бутун дунёга мударрис бўлган, бутун Ислом оламида эътироф қилинган буюк алломалар етишиб чиқа бошлаган. Хусусан, Ислом умматига Қуръони Каримни тафсир қилиш ҳамда саҳиҳ ҳадиси шарифларни етказиш ва шарҳлаш борасида буюк ватандошларимизнинг хизмати беқиёс бўлган.
Ана шу буюк муҳаддислардан бири – буюк ватандошимиз имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳдир. У зотнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳоқ Абу Исо ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий бўлиб, ҳижрий 209 (мелодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида ўрта ҳол бир оилада таваллуд топган. Марказий Осиёлик машҳур тарихчи Абу Саад Абдулкарим ас-Самъоний (1113-1167) ат-Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун ал-Буғий тахаллуси билан ҳам аталганини, олимнинг кўп йиғлаганидан умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигидан аз-Зарийр (кўзи ожиз) тахаллусини олганлигини ҳам қайд қилади. Лекин эл орасида ат-Термизий номи билан машҳур бўлишига сабаб унинг бутун ҳаёти ва фаолияти (ёшлигидан бошлаб) Термиз шаҳри билан чамбарчас боғлиқ бўлганлигидан, шунингдек, олим туғилган Буғ қишлоғи Термиз шаҳрига яқин бўлиб, маъмурий-идоравий жиҳатдан унга мансуб қишлоқлардан эканлигидан деб изоҳлаш мумкин.
Ат-Термизийнинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган. Тарихчилар унинг «Бобом асли марвлик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келган», - деган фикрини келтириш билан чегараланадилар. Шунингдек, ат-Термизийнинг кўзи ожизлиги хусусида ҳам ёзма манбаларда турли-туман маълумотлар келтирилган. Баъзи муаллифлар уни туғма кўзи ожиз бўлган деса, кўпчилик муаллифлар олимнинг кейинчалик, умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигини ёзадилар.
Ат-Термизий ёшлигидан ўта тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлганлиги боис ўз тенгдошлари ичида ажралиб турган. Илмга ўта қизиқиши туфайли ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллаган. Термиз, Самарқанд, Марв ва Марказий Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида истиқомат қилган машҳур уламо ва муҳаддислар асарларини қунт билан ўрганган, қўшни Балх ва Ҳайратон шаҳарларидаги илм аҳллари билан илмий алоқалар ўрнатилишига муносиб ҳисса қўшган олимлардан биридир. Ёшлигидан илм-фанга ташна ат-Термизий 850 йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошлаб узоқ юртларга, қатор хорижий мамлакатлар ва шаҳарларга сафар қилади. Жумладан, у Ҳижозда - Макка ва Мадина, Ироқ, Хуросоннинг қатор шаҳарларида кўплаб муҳаддис, уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан таълим олади, қизғин илмий мунозара ва баҳсларда иштирок этади.
Тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабийнинг таъкидлашича, ат-Термизий Миср ва Шомни шахсан зиёрат қилмаган, шу боисдан ҳам бу мамлакатлар уламоларидан билвосита ҳадислар ривоят қилган. Узоқ йиллар давом этган сафарлари чоғида ат-Термизий нафақат ҳадис илмидан, балки илм ал-қироат, ал-баён, фиқҳ, тарих каби фаннинг бошқа соҳалари ҳамда кўплаб устозлардан сабоқ олади.
Ризаев Ғайрат – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar