20.01.2024

МЎМИНЛАР ЖАННАТДА АЛЛОҲНИНГ ЖАМОЛИНИ КЎРИШЛИГИ ҲАҚИДА

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Росулулллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига саловот ва саломлар бўлсин. Жаннат аҳли учун Аллоҳ таъолонинг дийдорига етишдан кўра суюклироқ бирон нарса йўқдир. Аллоҳ таолони жамолини кўриш ҳақида ўткан даврда ҳам хозирда ҳам бахслар кўп. Бу мавзуда далиллар китобу суннат ва саҳоба ва тобеъинлар ижмоси билан собит бўлган. Аллоҳ таоло ўз каломида марҳамат қилади: 

У кунда (мўминларнинг)юзлари яшнаб, Парвардигорига боқиб турувчидир! (Қиёмат сураси 22-23-оят.) 

Бошқа бир оятда эса: 

Чиройли амал   қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёдалик бордир. (Юнус сураси 26-оят.) 

Муфассирлар зиёдаликдан мурод Аллоҳ таолонинг жамолини кўришдир деб тафсир қилганлар

Имом Бухорий ва Муслим Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Биз Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдик. У Зот ўн тўрт кунлик ойга қараб: 

“Албатта сизлар яқинда Парвардигорингизни худди мана шу тўлин ойни кўриб турганингиздек очиқ-аён кўрасизлар, Аллоҳ таолони ҳеч қандай шубҳасиз аниқ кўрасизлар”. 

Бадъул амолий китобида Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришлари борасида мўминлар Аллоҳ таолони қандайдир бир холатсиз ҳамда бирор идрок қилишсиз  ва зарбул масалсиз кўрадилар дедилар. 

Сўфи Оллоҳёр бобомиз ҳам ушбу маънода байт айтадилар:

Кўнгулда кечса, кўзга тушса ҳар шай

Эрур  андин муназзаҳ Холиқи Ҳай

Яъни банда ҳаёлида Аллоҳ таолони зоти қандайлигини ҳар қанча ўйламасин Аллоҳим у ўйлаган нарсалардан мутлоқ муназзаҳ Зот бўлиб ақл идроқ этолмайди. Хулоса шуки Аллоҳ таолони дунёдаги кўз билан кўриш мумкин эмас. Аммо Аллоҳ таоло Ўзининг дўстларига инъом этган бешта сезгидан ташқари олтинчи сезгини яратади, Аллоҳ таолони ўша алоҳида сезги билан охиратда  кўрадилар. Ҳа Азиз биродарим Аллоҳ таолони жамолини жаннатга кирган барча мўминлар кўришади. Тафаккур қилиб ўйлаб кўринга Аллоҳим мўмин бандаларига қанчалик меҳрибонлигига яна бир бор тасанно айтасиз. Дунёда иймон, ислом, қуръон ва шу каби хисобсиз неъматларни бериб,  яна мўмин бандаларини сабрлари, итоатлари сабаб, уларни  жаннатда ҳам кўзлари қувонадиган, қалблари ором оладиган, қулоқ эшитмаган, кўз кўрмаган неъматларни берса, бундан ташқари жамолини кўрсатса, во ажаб! демак мўмин бўлишлик қандай яхши  бахт экана!

Афсуслар бўлсинки бундай улуғ неъматдан Аллоҳ таолони жамолини кўришдан баъзи бечора Муржийлар, Муътазилийлар ва Жаҳмийлар каби адашган фирқалар ва уларни издошлари маҳрум бўладилар. Бу хақида бахслар кўп бўлгани учун шу кифоя қилади. Аллоҳ таоло кўзларимизни ўзини жамолини кўрсатиш билан хурсанд қилишини сўраб қоламиз. Амийн Я Роббал аламийн!

 

Тўхтаев Насрулло – Таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий бўлим бошлиғи

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar