ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ (2-қисм)
Оламларни йўқдан бор этган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар, башариятга Роббини танитиб, умматларини икки дунё саодати йўлига йўллаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва салавотлар бўлсин.
Шу билан бир қаторда ат-Термизий пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини тўплашга алоҳида эътибор билан қарайди. Бу борада у ҳар қандай қийинчиликларга бардош беради. У ўзи ўқиган ёки бирор ровийдан эшитган ҳадисини алоҳида қоғозларга қайд этиб борар, уларнинг асли ва иснодини изчиллик билан аниқлаб тўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилсагина махсус қоғозларга қайд этарди. Ҳадисларнинг тўғрилигига шубҳа бўлганда уларни алоҳида ажратиб ёзарди. Шу тариқа ҳадислар саҳийҳ (тўғри, ишончли), ҳасан (яхши, маъқул), заиф (бўш, ишончсиз), ғарийб (ғалати) каби хилларга ажратилган.
Ҳадис илмини эгаллашда ва такомиллаштиришда имом ат-Термизий ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан таҳсил олди. Унинг устозларидан Имом ал-Бухорий, Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид, Ишоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғийлон, Саид ибн Абдурраҳмон, Муҳаммад ибн Башшор, Али ибн Ҳажар ал-Марвазий, Аҳмад ибн Мунийъ, Муҳаммад ибн ал-Мусанно, Суфён ибн Вақий ва қатор таниқли муҳаддисларни кўрсатиш мумкин.
Имом ат-Термизий ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўпгина шогирдларга устозлик ҳам қилган. Унинг шогирдларидан Мақҳул ибн ал-Фазл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Абу ибн Муҳаммад ан-Насафюн, Ҳаммод ибн Шокир, Хайсам ибн Кулайб аш-Шоший, Аҳмад ибн Юсуф ан-Насафий, Абул-Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб ал-Маҳбубий каби етук олимларни кўрсатиш мумкин. Юқорида кўриб ўтганимиздек, ат-Термизийнинг устоз ва шогирдлари орасида турли мамлакат ва элат вакиллари борлиги сезилиб турибди. Шу нуқтаи-назардан қаралганда, узоқ ўтмишда ҳам илм-фаннинг тараққиёти ва маърифат уруғларини тарқатиш борасида турли ўлкаларнинг вакиллари якдил бўлиб фаолият кўрсатиб самарали ҳамкорлик қилганликлари, умумбашарий қадриятлар равнақи йўлида ҳақиқий байналмилаллик руҳи мавжуд бўлганлиги ҳозирги давримиз учун ҳам ибратли бир ҳолдир.
Ризаев Ғайрат - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar