СИЛАИ РАҲМ
Аллоҳ таборак ва таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
Яъни: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур».
Бу оят борасида “Муфассирлар шоҳи” лақаби билан машҳур бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши: “Қуръондаги энг жамловчи шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган”, деганлар.
Бу ояти каримадаги Аллоҳ таолонинг “қариндошга яхшилик қилишга буюради” деган амрини қуйдагича тушунишимиз мумкин:
Бошқаларга яшлик қилиш ичида, айниқса, қариндошларга яхшилик этиш алоҳида ўрин тутади. Чунки, уларнинг икки ҳаққи бор, бири инсонийлик ҳаққи бўлса иккинчиси қариндошлик ҳаққидир.
Тафсири Табарий соҳиби айтадиларки: “Қариндошларга яхшилик қилиш Аллоҳ таоло сенга қон-қариндошлик сабабидан юклаган ҳақдир”.
Силаи раҳм борасида пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган.
Анас ибн Молик (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади (маъноси): “Кимки, ризқи кенг бўлиб, умри узун бўлишини яхши кўрса (истаса), бас, силаи раҳм қилсин (яъни ўз қон-қариндошлари билан яхши алоқада бўлсин)”.
Демак, қариндошлар билан гўзал муомалада алоқани ушлаб туришлик, умр узайишининг, ризқ мўл бўлишининг сабабчиларидан экан. Умри узайишини хоҳлаган одам, қариндошларига яхшилик қилсин, ризқи кенг бўлишини, топган-тутганига барака киришини истаган одам қариндошлари билан борди-келди қилсин!.
Таъкидлаб айтиш лозимки, силаи раҳмнинг бир қанча фойдалари мавжуд:
1. Юқорида зикр қилган ҳадисимизга мувофиқ инсоннинг ризқини кўпайтиради. Яъни ризқи кўп, ҳамма нарсаси тўкин-сочин бўлган инсонда хотиржамлик деб аталувчи неъмат бўлади.
2. Силаи раҳм орқали инсонлар ўзаро меҳр-муҳаббатли бўладилар. Инсонлар орасидаги меҳр ва оқибат каби гўзал ҳислар ўзаро муносабатларни ҳам яхшилайди ва натижада инсонлар бир-бирларига адоват кўзи билан эмас, балки шафқат кўзи ила қарай бошлайдилар. Бу эса ўз ўрнида атрофдаги инсонларнинг адоватини даф қилади.
3. Яна юқоридаги ҳадисга мувофиқ Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ким ажалининг кечга сурилишини хоҳласа, силаи раҳм қилсин, деб марҳамат қилдилар, ушбу ҳадисни шарҳида силаи раҳм умрнинг маънан зиёда бўлишига сабаб бўлиши айтилган. Яъни силайи раҳм қилган одамнинг умри баракали бўлади, оз муддат ичида кўплаб хайрли амаллар бажаришга қодир бўлади, деб айтилган. Зеро ҳақиқий ихлосли мусулмон учун умрнинг яхши ва савобли амаллари узун бўлишидан кўра, ибодат ва тақвога тўла баракотли бўлиши муҳимдир. Ва бу умри узун ва баракали бўлишига сабаб бўлади.
4. Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитади: “Аллоҳ азза ва жалла айтади: Мен Раҳмондирман. Мен «раҳм»ни яратдим. Ва унга ўз исмимдан исм ясадим. Бас, кимки, раҳмни боғласа, уни боғлайман (яъни уни яхшиликка боғлайман, қилган хайрли амали учун мукофотлайман). Кимки, раҳмни узса, уни кесиб ташлайман!”. (Бухорий: «ал-Адаб ал-муфрад»)
Мана бу ҳадисдан кўриниб турибдики силаи раҳм алоқаларини узмаган инсон охиратда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилигини топади.
5. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Роббисидан тақво қилса, силаи раҳм қилса, ажали кечга сурилади, моли кўпаяди ва аҳли уни яхши кўради", дедилар".
Бу ҳадисдан оладиган фойдамиз шуки, силайи раҳм соҳибини Аллоҳ таоло ва бошқа инсонлар яхши кўради.
Шу ергача силаи раҳм алоқаларини боғлаган кишининг фазилатлари ҳамда дунё ва охиратда кўрадиган фойдалари ҳақида қисқача маълумот бердик. Энди бу алоқаларни узиб қўйган кишиларга бериладиган жазоларни ҳам айтиш ўрни келди назаримда.
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қариндошлик алоқасини узувчи жаннатга кирмайди", дедилар". (Бухорий ривояти)
Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, ичида силаи раҳмни узувчи кимса бор қавмга раҳмат тушмайди", дедилар". (Бухорий ривояти)
Маълумки, инсонга бу дунёда бирор синов берилса, ушбу синовга чиройли сабр қилса маълум бир гуноҳлари каффорот ўлароқ ювиб юборилади, охиратда яна қайтадан ушбу гуноҳларига жазо олмайди. Аммо силайи раҳмни узиш шунчалик катта ва уқубати оғир гуноҳки, уни узган инсон бу дунёда яхшиликлардан маҳрум қилиниб, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиши билан бир қаторда дунёда ҳам синовга дучор бўлади, ушбу синовлари гуноҳларини ўчирмайди, балки охиратда ҳам яна азобга гирифтор бўлади.
Шу ўринда силаи раҳмнинг бир қанча кўринишлари мавжуд бўлиб улар:
- Қариндошларни зиёрат қилиш
- Даъват қилса, ижобат қилиш. Яъни, меҳмонга ёки бирор йиғинга чақирса боришлик
- Имконияти етса моддий жиҳатдан ёрдам қилишлик
- Имконияти бўлмаса, ҳеч бўлмаганда ширин сўз билан кўнглини олишлик
- Бирор бир мусибат етганда ёнида бўлишлик, хусусан жаноза ва шу каби ишларга қатнашишлик
- Касал бўлганда ҳолидан хабар олиш
- Салом беришлик
Хулоса ўрнида айтамизки, инсонлар силаи раҳмни бир қарз сифатида қабул қилиб қолмасликлари керак. Сизни кўришга келса ёки ёрдам қилса, энди мен ҳам унга шундай қилиб қайтаришим керак деб эмас, балки ҳадисда келиганидек, яъни, яқинингиз сиздан узоқлашиб, қариндошлик алоқаларини узган пайтда уни ёнига бориб, қариндошлик алоқаларини боғлашлик, мана шу энг улуғ ибодат ҳисобланади.
Абдураҳмонов Усмонжон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar