23.01.2024

ОДОБНИНГ МАНБАИ

Одоб масаласини инсоният тарихида илк бор исломгина тўлақонли равишда бошлаган, унга катта аҳамият берган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Исломда инсон ҳаётидаги хар бир нарсанинг ўз одоби бор. Ҳар бир нарсага одоб билан муомала килиш керак бўлса, бунча одобни қандай қилиб ўрганиб бўлади, деган хаёлга бормаслик керак. Бу гапни бошқа диндагилар ёки миллатлар айтса бўлар, аммо биз, мусулмонлар зинҳор бундай дея олмаймиз. Чунки Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳарода ҳамма нарсанинг муомаласидаги одоблар кенг баён қилинган. Тафсир, ҳадис ва фиқҳ китобларимиз бу каби одоблар билан тўла. Ислом адабиётининг асосини ҳам одоб ташкил қилади.

Энг аввало Куръони каримдаги одобга оид оятлардан намуналар келтиришга ижозат бергайсиз. Аллох таоло Исро сурасининг 23-оятида марҳамат қилади: 

وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَنَّا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُل لَّهُمَا أُفٍ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا 

 «Роббинг факат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари хам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли суз айт!»

Бу ояти каримада ягона маъбудга, Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр қилинганидан сўнг, бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда. Аллоҳга тоат, ибодатдан кейин келадиган яна бир муҳим иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу хам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга буюрганидан кейиноқ шу жумланинг давомида ота-онага ях- шилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятдаги бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда ота-онанинг хаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади. «Агар ҳузурингда уларнинг бири ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема!, Бу жумладаги «уфф» сўзига боғлиқ икки ҳил маъно бор. Бир маъноси ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси ота-онанг олдида «Уфф», дема, чунки улар “Болам оғир ҳолга тушибди”, дея озорланадилар, деганидир. «уларга зажр қилма ва уларга яхши сўз айт!» дегани бу “Ота-онангга хеч бир озор етказма, уларга бирор озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга муносиб кўр, ёмон, қўпол сўзлар, жеркишлар билан дилларини оғритма!, деганидир. Аллоҳ таоло Нур сурасининг 27-оятида марҳамат қилади :

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتًا غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّى تَسْتَأْنِسُوا وَتُسَلِّمُوا عَلَى أَهْلِهَا ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ 

 “Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошка уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз”. Жоҳилият давридаги арабларда қишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, уларнинг шахсий, оилавий сир-асрорларини эҳтиром қилиш, Ҳурматлаш маданияти йўқ эди. Бировнинг уйига рухсат ҳам сўрамай, "Эрталабки салом", "Кечки салом", деб тўғри кириб боришаверарди. Уйда аёллар борлиги, уй эгаларининг турли ҳолатларда бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўришмас, бунга эътибор хам беришмас эди. Бу эса ўтакетган беодоблик бўлиб, турли ёмонликларга, шубҳа гумонларга, гап сўзларга сабаб бўларди. Шунинг учун хам Исломда ушбу ояти карима орқали ҳар бир кишининг шахсий хурмати, уйининг дахлсизлиги ҳаққига риоя қилиш жорий этилди. Исломда, ким бўлишидан қатъи назар, бир кишининг биров яшаб турган жойга эгасининг изнисиз киришга ҳаққи йўқ. Бу эса ижтимоий одобларнинг гўзал намунасидир.

 

Манбалар асосида тайёрланди: “Ижтимоий одоблар” китоби. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф . “Ҳилол-Нашр”, 2016.

 

Мамаюсупов Жўрахон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar