23.01.2024

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу (3-қисм)

Келинг энди олийжаноб ва саҳий Набий алайҳиссолоту васалламнинг маконларида ўзи унга дуч келган гўзал муомиладан ёрқин кўриниш ҳақида сўзлашни Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга қолдирсак, зеро У зот бу соҳада билимдон ва уни васфлашда қучлироқдир.

  Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: "Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг гўзал хулқлиси, ғоят бағрикенги ҳамда ўта раҳмдили эди. Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени бир иш учун юбордилар. Уйдан чиқиб, бозорда ўйнаётган болалар билан ўйнашни қасд қилиб улар томон кетдим. Лекин У зот алайҳиссолату васаллам буюрган ишларига бормадим. Болаларнинг олдига етиб борганимда, ортимда бир одам турганини ва у мени кийимимдан тутиб олганини ҳис қилдим. Қарасам, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам менга табассум қилиб турарди. Шунда У зот алайҳиссолату васаллам менга эй Унайс (Анас исмининг кичрайтириш шакли бўлиб, "Анасгина" маъносини беради) буюрган жойимга бормадингми? дедилар. Мен эса ҳижолат бўлиб, йўқ! Ҳозир тезда бораман Ё Расулуллоҳ дедим.    Аллоҳга қасамки! Ўн йил У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматини қилдим. Лекин бирор марта қилган ишимга "нима учун бу ишни қилдинг", ёки қилмаган ишимга "нима учун бу ишни қилмадинг" демадилар”.          Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни чақирмоқчи бўлса, эркалаган ва кўнгил қўйган ҳолда тасғийр (кичрайтириш, эркалатиш) лафзларини ишлатарди. Гоҳида, Эй Унайс! Бошқа вақтларда эса, Эй болажоним! деб чақирардилар. Набий алайҳиссолату васаллам Анас ибн Моликни ақлини эгаллаган ва қалбини тўлдирган насиҳат ҳамда ваъзлар билан кўмиб ташларди. Ана ўша ваъз ва насиҳатлардан бирини қуйида келтирамиз.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Эй, болажоним! агар ҳеч кимга нисбатан қалбингда ғиллу ғашлик бўлмаган ҳолингда тонг оттириш ва кеч боттиришга қурбинг етса шу ишни қил. Эй, болажоним! Албатта бу менинг суннатим. Ҳамда ким мени суннатимни тирилтирадиган бўлса, батаҳқиқ у мени яхши кўрибди. Ким мени яхши кўрса жаннатда мен билан бирга бўлади. Эй, ўғилгинам! қачон аҳлингни олдига кирсанг, уларга салом бер, бу нарса сенга ва аҳли оилангга барака бўлади" дер эди.

 

Манбалар асосида тайёрланди: Абдурраҳмон Рўфат Пошо “Саҳобалар ҳаётидан лавҳалар” китобидан

 

ХамидовАбдулбосит – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar