ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ (3-қисм)
Оламларни йўқдан бор этган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар, башариятга Роббини танитиб, умматларини икки дунё саодати йўлига йўллаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва салавотлар бўлсин.
Ат-Термизий зеҳнининг ўткирлиги ҳамда қувваи-ҳофизаси кучлилиги хусусида тарихий манбаларда кўплаб мисоллар, ривоятлар келтирилади. Жумладан, араб тарихчиси Шамсуддин аз-Заҳабийнинг (1274-1347) «Тазкират ул-ҳуффоз» («Ҳофизлар ҳақида тазкира») номли асарида қуйидаги ҳикоя келтирилади: Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий Маккага ҳажга бораётганида йўлда машҳур муҳаддислар билан мулоқотда бўлади ва уларнинг биридан ҳадислардан сабоқ беришини илтимос қилади. У олим: «Бўлмаса қоғоз-қалам ол», деган. Аксига олиб шу пайт ат-Термизий қалам топа олмаган ва олим рўпарасида ўтириб эшитган ҳадисларини ёзиб олаётгандек қоғоз устида қўлини ҳаракат қилдираверган. Олим эса турли-туман ҳадислардан етмишга яқинини ҳикоя қилган. Шу орада олим қоғозга қараб унда ҳеч қандай ёзув йўқлигини кўрган ва ат-Термизийнинг бу ишидан жаҳли чиққан. Ат-Термизий шунда бамайлихотир «Сиз айтган ҳадисларингизни ёддан айтиб берайми?», - дегану ҳозиргина олимдан эшитган ҳадисларнинг ҳаммасини бирин-кетин такрор айтиб берган. Ат-Термизийнинг хотираси кучлилигидан ўша олим ҳайратга тушиб қойил қолганлигини билдирган.
Бу хусусда яна бир ҳикоя ат-Термизийнинг сўзига асосланиб келтирилади: Маккага кетаётганимда бир шайх тўплаган ҳадислардан икки қисмини ёзиб олган эдим. Тасодифан ўша шайх билан учрашиб қолдим. Ёзиб олинган ҳадислар мазмунан уларга ўхшаш-у, бироқ бошқа ҳадислар экан. Салом-аликдан сўнг ҳадисларни айнан унинг ўз оғзидан эшитишни илтимос қилдим. У рози бўлиб, ҳадисларни ҳикоя қила бошлади. Кейин менга қараб қўлимдаги оқ қоғозни тоза, яъни ҳеч нарса ёзилмаган ҳолда кўргач: «Бу қилиғинг учун мендан уялмайсанми?», - деди. Мен маъзурона ҳолда бор ҳақиқатни айтиб: «Сиз ҳикоят қилган ҳадисларнинг ҳаммасини ёддан биламан», дедим ва уни бирин-кетин сўзма-сўз айтиб бердим. Шайх эса сўзларимга ишонқирамасдан «Нима, менинг ҳузуримга келишдан олдин уларни махсус ёдлаган эдингми?», - деди. «Йўқ», деб жавоб қилиб: «Агар сўзларимга ишонмасангиз, бошқа ҳадислардан айтинг», дедим. Шунда у ўзининг ғаройиб ҳадисларидан қирқтасини ҳикоя қилди. Мен унга уларни ҳам бошдан охир бирма-бир айтиб бердим. Шунда у: «Сенга ўхшаганини ҳеч қачон кўрмаган эдим», - деди.
Ризаев Ғайрат – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar