РАҲМАТАН ЛИЛ ОЛАМИЙН (1-қисм)
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ
“ Биз сизни оламларга раҳмат қилиб юбордик” – дейди Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га хитобан. Яъни, Эй расулим, биз сизни пайғамбар этиб юборишимиздан мақсад – оламларга фақат раҳмат бўлишингиздир.
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) барча оламларга раҳмат бўлиб келдилар. Бутун инсоният жаҳолат чўлида қақраб ётганида, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)ни Аллоҳ таоло дунёга келтириб, раҳмат ёмғири каби махлуқотлар боши узра ёғдирди. Раҳматнинг кўринишларидан энг улуғи ва олий чўққиси бир киши бутун инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолишидир. Яъни, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) башариятни жаҳолатдан ва залолатдан, ҳидоятга ва нури иймонга олиб чиқишликларидир. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг оламларга раҳмат бўлиб келишлари бу абадийдир. Инчунин Ислом дини Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га насиб қилди, Ислом дини келиб барча динларни мансух қилди ва то қиёмат кунигича Аллоҳ таолонинг паноҳида бу дин қолажакдир. Шу билан бирга қиёмат кунида инсониятнинг кўп қисмини ўз шафоати мубораклари остига оладилар.
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бир киши Роббим ҳузуридан менинг олдимга келиб деди – Умматингни ярми жаннатга киришини хоҳлайсанми ёки шафоатни ихтиёр қиласанми? Мен шафоатни ихтиёр қилдим. У Аллоҳ таолога ҳеч бир нарсани ширк келтирмай ўлган киши учундир”, деб марҳамат қилдилар.
Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг умматлари учун раҳмат бўлиб келишлари мана шундай. Умматнинг ярми ҳам эмас, балки ҳаммасини ихтиёр қилдилар. Қиёмат кунида Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг марҳаматларини кўриб, ҳаттоинки Иброҳим (алайҳиссалом)ҳам, қолган пайғамбарлар ҳам бир умматнинг расули бўлибмас, балки Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг умматлари бўлишини орзу қиладилар.
Бир куни Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Жаброил (алайҳиссалом)билан бирга бўлганларида сўрабдилар: “Эй Жаброил Аллоҳ таоло мени бутун оламларга раҳмат қилиб юборган. Мана шу раҳматдан сизнинг ҳам насибангиз бўлганми?” деганларида, Жаброил (алайҳиссалом): “Ҳа, албатта менга ҳам раҳмат бўлган. Мен охирги пайтларда оқибатимдан қўрқардим – фаришталар саййиди бўлмиш шундай улуғ фаришта Жаброил (алайҳиссалом) оқибатидан қўрққанда Аллоҳ таоло Қуръони каримда ушбу оятларни нозил қилди : “Жаброил қувватли, Аршнинг соҳиби Аллоҳ таоло ҳузурида мартабали, у жойда (фаришталар томонидан) итоат этилувчи ва ишончли зотдир”. Ва шунда мен буни кўриб, Аллоҳ таолога ҳамд айтдим. Сиз туфайли Қуръонда мени оқибатимни хайриятли эканлигини Аллоҳ таоло билдирди. Мана шу сизнинг раҳматингиздан менинг насибам.
Ҳазрати Одам (алайҳиссалом)га ҳам Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) раҳмат бўлганликлари. Одам (алайҳиссалом) гуноҳ қилганларида роппа роса 300 йил йиғладилар, яъни, Эй Роббим, ўзимизга ўзимиз зулм қилдик. Агар Ўз раҳмату мағфиратингга бизларни олмасанг, бизлар ҳасрат ва надоматда қолиб кетамиз – деб йиғладилар, Аллоҳ таоло кечирмади, охири Арафотда турганларида Худои таолога муножот қилиб дедилар “Ё Парвардигоро, ҳабибинг Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳурматидан гуноҳларимни кечир”. Аллоҳ ҳақ субҳанҳу ва таоло ўша заҳоти Одам атонинг гуноҳларини кечирди. Шунда Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)дан сўради: ,,Эй Одам, сен қаердан билдингки, менинг ҳабибим Муҳаммад (алайҳиссалом)ни шафеъ келтирсанг гуноҳларингни кечираман?” Шунда Одам (алайҳиссалом): ,,Эй Парвардигорим, сен мени яратиб, жон ато этганингда, биринчи бўлиб Аршингга кўзим тушди.
Аршда لا إله إلّا الله محمّد رسول الله деган ёзувни кўрдим. Мана шунда билдимки, Аллоҳ таолонинг номи билан ёнма ён турган исмнинг эгаси ҳам улуғ бир бандадир ва менга бунинг илҳоми келди ва шуни васила қилдим‘‘, – дедилар. Худои таборак ва таоло: ,,Эй Одам, дарҳақиқат бу улуғ банда сенинг наслингдан ва агар сен Муҳаммад (алайҳиссалом)ни шафеъ келтирмаганингда сени кечирмасдим”, деди. Ана отамиз Одам (алайҳиссалом)га ҳам Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) баракотларидан гуноҳларининг кечирилиши, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг раҳматларидир.
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) расули сақалайндирлар. Яъни нафақат инсониятнинг, балки жинларнинг ҳам пайғамбаридирлар. Аҳқоф сураси 30-оятда қуйидагича келади:
قَالُوا يَا قَوْمَنَا إِنَّا سَمِعْنَا كِتَابًا أُنزِلَ مِن بَعْدِ مُوسَى مُصَدِّقًا لِّمَا بَيْنَ يَدَيْهِ يَهْدِي إِلَى الْحَقِّ وَإِلَى طَرِيقٍ مُّسْتَقِيم يَا قَوْمَنَا أَجِيبُوا دَاعِيَ اللَّهِ وَآمِنُوا بِهِ يَغْفِرْ لَكُم مِّن ذُنُوبِكُمْ وَيُجِرْكُم مِّنْ عَذَابٍ أَلِيمٍ
" Улар(жинлар) дедилар, ,,Эй қавмимиз! Дарҳақиқат, биз Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги(илоҳий китоб)ларни тасдиқловчи ҳақ(дин)га ва тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китоб(Қуръон)ни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳ таолонинг даъватчиси (Муҳаммад)ни қабул қилингиз ва унга иймон келтирингиз! (Шунда Аллоҳ таоло) гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур".
Жинларни ҳам ҳидояти Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг иршодлари билан бўлди. Жинларнинг озиқ овқати бўлмиш суякларни ва жинларнинг маркабларининг озиғлари тезакни ишлатишни шариатда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) манъ этдилар. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) суяк ва тезак билан инстинжо қилмас эдилар.
Низомиддинов Ҳошимжон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar