01.02.2024

ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Оламларни йўқдан бор этган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар, башариятга Роббини танитиб, умматларини икки дунё саодати йўлига йўллаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва салавотлар бўлсин.

Имом Термизийнинг илмий фаолиятлари ҳақида сўз кетганда, у кишининг ислом уммати учун сермаҳсул ҳизматларини такидлаб ўтиш ўринли. Биргина “сунан”ларининг ўзи ҳадисшунослик соҳасида алоҳида аҳамиятга эга. 

Ўз ижодий фаолияти даврида имом ат-Термизий[1] ўндан ортиқ асарлар яратган. Унинг маданий меросида, шубҳасиз, «Ал-Жоми» асари катта аҳамиятга эгадир. Бу асар «Ал-Жоми ас-саҳиҳ» («Ишончли тўплам»), «Ал-Жоми ал-кабир» («Катта тўплам»), «Саҳиҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») номлари билан ҳам юритилади.

Муаллифнинг йирик асарларидан яна бири «Аш-шамоил ан-набавийя» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари»)дир. Бу асар «Аш-шамоил муҳаммадийя», «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллоллоҳу алайҳи вассаллам» номлари билан ҳам аталади. Ушбу асар Саудия Арабистонида истиқомат қилган ватандошимиз Саид Маҳмуд Тарозий (у 1992 йили вафот этган) томонидан ўзбекчага ўгирилган (араб алифбосида ва кириллчада Тошкентда бир неча бор нашр қилинган). «Китоб ат-тарих», «Китоб ал-илал ас-сағийр ва ал-илал ал-кабийр», «Китоб уз-зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ал-асмо вал-куна» («Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб»), «Ал-илал фил-ҳадийс» («Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар ҳақида»), «Рисола фил-хилоф вал-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Асмо ус-саҳоба» («Пайғамбар саҳобаларининг исмлари») шулар жумласидандир.

 

Ризаев Ғайрат – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

 

 


 

[1] Мақолада баъзи ўринларда “имом Термизий” ва бошқа ўринларда “имом ат-Термизий” номи билан келтирилиши араб тили мандаларидаги “ал” придлоги билан боғлиқ, ҳар иккисида ҳам буюк ватандошимиз, муҳаддис Абу Исо ат-Термизий тушунилади.

Izoh qoldirish

Izohlar