САРФ ИЛМИ ВА УНИНГ ПАЙДО БЎЛИШ ТАРИХИ
Ҳар бир фаннинг тарихи уни тушуниш учун муҳим кириш-эшик нуқтаси саналади. Тарихий воқеалар, мунозаралар ва илмий эҳтиёжлар таъсирида кўплаб фан масалалари кўтарилган ва шакллантирилган. Бу тарихий маълумотлар илмий матнларда эмас, фан тарихида тилга олинади. Сарфга оид мавзуда эътиборимни тортган нарса унинг тарихий жиҳатига оид асарларнинг камлигидир. Наҳв илмининг тарихига алоқадор маълумотлар араб тилида ҳам ўзбек тилида ҳам етарлича. Бироқ сарф илми қачон пайдо бўлган, қанақа олимлар бу борада қалам тебратишган, бу борадаги саволлар ўша соҳага қизиққан ҳар бир кишининг онг-шууридан ўтмасдан қолмайди. Шунинг учун ушбу китобимнинг муқаддима қисмида ўша фаннинг келиб чиқиш тарихи ва шунга алоқадор маълумотларни ҳам илова этиб кетишга қарор қилдим.
Сарф илмининг пайдо бўлиши тарихи наҳвнинг пайдо бўлиши билан бир вақтда бўлиб, бу ҳижрий биринчи асрнинг ўрталарига тўғри келади[1]. Жумладан, бу босқичда иккала илм бир вақтнинг ўзида бир-биридан ажратилмаган ҳолатда тўғрироғи, умумий нуқтаи назарга кўра, наҳвнинг бир қисми бўлган.
Зеро, улар гоҳ “илмул луғат”, гоҳида “илмун наҳв” номлари билан аталган[2]. Бу фанннинг пайдо бўлиши борасида баъзи маълумотлар Муоз ибн Муслим ал-Ҳаро замонида милодий 803 йилда бошланганлигини кўрсатади, Жалолиддин Суютий ушбу фикрни маъқуллаган кишилардан бири бўлган.
Бироқ, наҳв ва сарф қоидаларига оид кўплаб араб китоблари, жумладан, Ахбар ан-наҳвиййин ал-Басрийийн (Басралик наҳвшунос олимлар тўғрисидаги хабарлар), ат-Тафкир ан-наҳвий (Грамматик тафаккур), Табақоту фуҳулиш шуъарои ва бошқа китобларда айтилишича, наҳв ва сарф фанларининг асосчиси тобеин Абу Ал-Асвад Ал-Дуъали[3] (ваф. ҳиж. 69 йил) эди, чунки бу унинг кузатишлари ва тадқиқотларидан кейин содир бўлган. Дарҳақиқат, бу олим Басра мактабининг йирик намаёндаларидан бири саналади.
Сарф илми ҳозирги ҳолатга келгунга қадар наҳв илми билан биргаликда тўрт босқичда ривожланган ва қуйида уларнинг изоҳи келтирилган:
Биринчиси “бошланиш даври”:
Бу “Сарф ва наҳв” илмининг пайдо бўлган босқичи бўлиб, у ҳиж. 40-154/660-771 оралиғидаги даврда ва бошланиши Басра шаҳрида бўлган.
Ушбу босқич икки этапнинг пайдо бўлиши билан тавсифланади:
Бу этаб дин илмларининг илм сифатида пайдо бўлиш этапидир. Сарф ва наҳв ҳамда қироат илмларида таснифлаш ва уларни фарқлаш билан боғлиқ ҳеч қанақа иш қилинмаган ҳолатда эди. Бу босқичда одамлар ҳифзларида ёд олган нарсаларга таянишар эди. Ушбу босқичда таниқли олимлар орасида Абу Ал-Асвад Ал-Дуъалий ва унинг кўплаб шогирдлари, жумладан: Наср ибн Осим Ал-Лайсий, Анбаса Ал-Фил, Абдуллоҳ ибн Аби Исҳоқ ва Абдураҳмон ибн Ҳурмуз бор эди.
Иккинчи этаб: Қироат илми сарф ва наҳв илмидан ажралиб чиққан, сарф ва наҳв илмида китоб тасниф қилиш бўйича янги ҳаракат пайдо бўлган босқичдир. Бу босқичда машҳур бўлганлар орасида Ийсо ибн Умар Ас-Сақофий ва Абу Амр ибн Ал-Ало каби кўплаб китоб тасниф этган олимлар мавжуддир.
Иккинчи давр: Бу даврда сарф ва наҳв илми соҳаси кенгайиб, унда кўплаб олимларнинг етишиб чиқиши бу илмларни равнақ топтиришга сабаб бўлди. Таъкидлаш жоизки, бу босқич Басра ва Куфа шаҳарларида юзага келган бўлиб, 155-ҳижрий 220-йиллар оралиғида шаклланган.
Абдуллоҳ ибн Аби Исҳоқ Ал-Ҳазрамий (ваф. 117 ҳижрий) ёзган китоб бизгача етиб келган энг қадимги сарф асарлардан бири бўлиб, “ал-Ҳамзату” номи билан аталган.
Бу вақтда Басра шаҳрида Халил ибн Аҳмад ал-Фароҳидий, Юнус ибн Ҳабиб ҳамда наҳв ва сарф илмида илк ёзилган китоблардан “Ал-Китоб” асари муаллифи Сибавайҳи бўлган. Яна шунингдек, улар орасида Ал-Ахфаш ал-Авсат ҳам бор. Куфа шаҳрига келсак, Муоз ибн Муслим ибн Ал-Ҳирро, Ал-Кисоий ва Ал-Фарро номи билан машҳур олимлар жамоаси шаклланган эди.
Учинчи давр
Бу босқич сарф фанининг наҳв илмидан ажралиши билан тавсифланади. 221-ҳижрий 292-йиллар оралиғида бўлган давр сарф ва наҳв илмиларининг камолга ета бошлаган ва тўлақонли шакллана бошлаган босқичи ҳисобланган, шунинг учун бу босқич уларнинг ажралиши ва сарфнинг мустақил фан сифатида бошланганлиги билан эътибор қилинади. Бу босқич Басра ва Куфа шаҳарларида ва Басранинг энг кўзга кўринган уламолари орасида бўлганлигини таъкидлаш лозим. Бу даврда Абу Умар ал-Жармий, сарф илмига оид “Тасриф ал-Мазиний” китобининг муаллифи Абу Усмон ал-Мазиний, шунингдек ал-Мубаррад каби йирик олимлар фаолият юритишган. Куфа уламоларига келсак, уларнинг энг кўзга кўринганлари Яъқуб ибн ас-Сокит ва Саълаб бўлган.
Тўртинчи давр
Бу босқич олдинги уч босқичнинг энг узунидир. У ҳижрий 293-йилда бошланиб, ҳозирги даврга қадар давом этди. Бу босқичда жуда кўплаб олимлар етишиб чиққан бўлиб, уларнинг энг йириклари Абу Саид Сирофий, “Такмила” номли китоб муаллифи Абу Али Форсий, “Тасриф ал-Малукий” асари муаллифи Ибн Жинний каби олимлар фаолият юритишган.
Дарҳақиқат, бу асрда фақатгина Арабистон ярим ороли эмас балки Мовароуннаҳр ўлкасида ҳам наҳв ва сарф илми борасида забардаст алломалар етишиб чиққан ва бу соҳада қимматли асарлар ёзиб қолдирганлар. Жумладан, Аз-Замахшарийнинг (467-538/1075-1144) “ал-Муфассал фи наҳв”, “Ал-Ҳарокот”, “Асасул балоға”, Умар Жундийнинг “Ал-Иқлид” асари, тарихда Замаҳшарийнинг издоши номи билан танилган Ал-Муторризийнинг “Ал-Мисбаҳ фи наҳв”, “Ал-Иқнаъу фил луғат”, Муҳаммад Ал-Муизийнинг “Тасрифул афъал”, Ҳамидиддин Доририйнинг “Муқаддимату Ад-Доририй” ва Абдураҳмон Ал-Жомийнинг “Шарҳ Мулла” асарлари шулар жумласидандир. Бу асарлар Ислом оламидаги бебаҳо асарлар сирасига киради.
Бугунги кунда юртимизда ҳам Сарф илми борасида кўплаб китоблар ёзилди, бундан кейин ҳам ёзилажак. Юртимизда шу вақтгача ёзилган китоблар орасида Дўстмуҳаммад Насриддин Бодарий қаламига мансуб “Мукаммал сарф дарслиги”, Ибодуллоҳ Аҳроров қаламига мансуб “Тайсиру сарф” (енгил ва осон сарф), Раҳматулло Расулжон ўғли қаламига мансуб “Жаноҳут толиб”, Сунъатуллоҳ Бекпулат қаламига мансуб “Мабдаус сарф” китоблари машҳурдир. Бу муътабар китоблар бир-биридан ажойиб тарзда ёзилган бўлиб, бири иккинчисини тўлдириб бораверган.
Нуралиев Умид – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси АРМ кутубхоначиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] Шайх Абдуллоҳ Раҳмо ҳазратларининг “Тариху илмис сарф” номли мақоласи. “Al-ketabat. Alhawza” сайти. 2021 йил. 25 декабр.
[2] Фи тарихи илмис сарф ва мустолаҳатиҳи. 300 – Б. Муаллиф: Проф.Др.Мазен Ал-Муборак / Журнал: Ислом ва арабшунослик коллежи - Дубай / Нашр: Ўн тўққиз, Рабиъул-аввал ҳижрий 1421 йил - милодий 2000 йил июн.
[3] У кишининг исмлари Залим ибн Амр бин Суфён ибн Жандал ал-Дуъали ал-Киноний бўлиб, наҳв илмининг асосчиси ҳисобланади. У киши наҳв илмининг тамойилларини Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан олганлар. Маълумки, у киши эса бу илмни Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар. У Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Басрада яшаган сўнгра Али розияллоҳу анҳу даврида эса Басрада амирлик ишлари унга топширилган.
Izohlar