АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ “НАСОЙИМУЛ МУҲАББАТ” АСАРИДА ТЕРМИЗ ВА ТЕРМИЗИЙЛАР
Алишер Навоий ҳазратларининг “Насойимул муҳаббат” (Муҳаббат шабадалари) номли асари туркий тилда сулук намоёндаларини табақот шаклига келтирилган дастлабки асар ҳисобланади. 770 нафар валий зотлар ва тариқат аҳли ҳақидаги ушбу асар ўзидан олдинги, Абу Абдураҳмон Сулаймийнинг “Табақотус суфийя”, Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Табақотус сўфийя”, Фаридиддин Атторнинг “Тазкиротул авлиё” ва Абдураҳмон Жомийнинг “Нафахотул унс” китоблари асосида битилган бўлса-да, тариқат намоёндалари таржимаи ҳоллари ва уларнинг нозик ибораларининг илк бор туркий тилдаги оҳангини намоён этиши билан алоҳида қимматлидир. Қолаверса, муаллиф ушбу асарига 19 нафар шахсни “Тазкиротул авлиё” асаридан олиб қўшганидан ташқари, Абу Мансур Мотуридий, Аҳмад Яссавий, Ҳаким (Сулаймон) ота, Паҳлавон Маҳмуд каби 100 дан ошиқ турк дунёси, 36 нафар ҳинд машойихлари (527-562 тартибидаги шахслар) намоёндаларини ҳам киритганки, бу ҳам асар қийматини янада оширади. Шунингдек, Ҳазрат Навоийнинг ушбу асарида Термизийлар зикри ҳам алоҳида ўрин тутиб, қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.
1. 128-рақам остида улуғ машойихлардан “Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий қаддасаллоҳу таоло руҳаҳу (Аллоҳ руҳини пок айласин)” ҳақида сўз юритилиб, у зотнинг ҳар якшанба кунида Хизр алайҳиссалом билан мулоқот қилишлари, ҳикматли сўзларидан намуналар ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг у зотни пиру муршид тутган ҳолда у зотнинг руҳониятига таважжуҳ қилишлари – юзланишларини баён этган.
2. 135-рақам остида “Абубакр Варроқ Тирмизий қаддасаллоҳу таоло руҳаҳу” зикри бўлиб, у зотнинг исми Муҳаммад ибн Умар Ҳаким Тирмизий сифатида баён этилади. Бу зот асли Термиздан бўлиб, қабри ҳам ундадур. Аммо Балхда бўлар эди. Абу Исо Термизий тағойисидир. Аҳмад Хизравайҳ билан суҳбат тутган бўлиб, кўп асарлари бор. “Таврот” ва “Инжил” ва осмоний китобларни ўқиган бўлиб, унинг шеърий девони ҳам бордир. Ҳикматли сўзларидан бири шуки, бошлиқ-умаронинг фасоди зулм билан, уламонинг фасоди тамаъ билан ва фуқаронинг фасоди риё биландир.
3. 140-рақам остида “Абу Зарр Термизий раҳимаҳуллоҳи таъоло” қайд этилади. Бу тоифадан баъзилари дейишганки, “Б из жам бўлсак, бир-биримиз била суҳбат тутар эрдик. Ҳар қайсимизга бир нима керак бўлса, Абу Зарр туриб, намозга киришар эди. Шунда Тангри у нарсани ўша замон еткизарди”.
4. 190-рақам остида “Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий қодассаллоҳу сирраҳу (Аллоҳ сирини (маънавий мартабасини) пок айласин)” зикр қилинади. У зотнинг кунияси Абубакрдир. Машойихларнинг жавонмардларидандир. Аҳмад Хизравайҳ Балхийни ҳам кўрган эди ва унинг ўғли Абунаср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳомид Хуросон диёрининг машҳур кишиларидандир.
Муҳаммад Ҳомид ҳикматларидан: “Сенинг нақд асосий сармоянг кўнглинг ва вақтингдир. Шунинг учун кўнглингни хотирингга келган гумонларга машғул қилсанг, вақт аталмиш қимматли сармоянгни кераксиз ва номуносиб нарсаларга зое қилгайсан. Энди сармоясини зиёнга берган киши қачон фойда қилгай?
Яна деди: “Инсон ўзининг эски кийимида бировнинг янгисида бўлганидан кўра гўзалроқ ва яхшироқдир”.
5. 351-рақам остида “Абулмузаффар Термизий раҳимаҳуллоҳи таоло” қайд этилади. У зотнинг исми Ҳаббол ибн Аҳмад. Бу зот Имом ва зоҳид бўлиб, Термизда музаккирлик – воизлик қилар эди ва Хизр алайҳиссалом билан суҳбат тутарди. Шайхул Ислом Абдуллоҳ Ансорий дейдики, унинг муомалот, зуҳд, вараъ ва тақвода.яхши сўзлари кўп.
Ҳикматларидан бири шуки, Абулмузаффар Термизий ва у зотнинг устози Абу Ҳомид чивинни ўзларидин қўримаслар эдики, токи улардан учиб бориб, яна биров устига қўнмасин. Шу тариқа улар ёнларида бирон киши бўлганида чивинни ўзларидан қўримас эдилар ва ҳеч ким уларнинг бу ишни қилганини кўрмагандир. Аммо айнан шу хислатлари сабабли Тангри уларни чивин қўнишидан Ўзи ҳимоя қилиб, бу масалада кифоя қилган экан.
6. 501-рақам остида “Саййид Бурҳонуддин Муҳаққиқ қоддасаллоҳу сирраҳу” келтирилган. У зот Имом Ҳусайн авлодидан саналган саййид бўлиб, Термиздан эди ва Шайх Баҳоуддин Валад қоддасаллоҳу сирраҳунинг асҳоби ва муридларидиндир. Унинг кишиларнинг ички ўй-хаёллари кайфиятига фаросати етгани учун “Саййиди сирдон” номи билан машҳурдир. Устози Шайх Баҳоуддин Валад оламдин ўтган куни Саййид Термизда ўтирган эди. Дедики, шайхим ва устодим ҳазратлари дунёдан риҳлат қилдилар. Ва неча кундан сўнг Мавлоно Жалолуддин тарбияти учун Кўня сари йўлга чиқди. Ва Мавлоно Жалолуддин Румий ҳазратлари тўққиз йилгача уларнинг хизматларида бўлуб, иршодлар кўриб, тарбият топтилар.
Дейдиларки, Шайх Шиҳобуддин Суҳравардий Румга келди. Саййид ҳазратларини кўргани борди. Саййид кул устига ўтирганди, ўрнидин тебранмади. Шайх йироқдин таъзим қилди ва ўтирди, ҳеч воқеъ бўлмади. Муридлар сукут сабабин сўрадилар. Шайх дедики, ҳол аҳли билан сўзлаш учун ҳол тили керак, бунга қол тили кифоя қилмас! Муридлар сўрадиларки, Саййидни қандай топтингиз? Шайх деди: “Дарёдек топдик, маъно дурлари мавжлари ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳақиқатларидан бағоят ошкор ва асру яширин”.
Шайх Салоҳиддин Заркўп Кўнявий Саййиднинг муридларидандир. Саййид дер эканларки, ҳолимни Шайх Салоҳиддинга бағишладим, қолимни эса Мавлоно (Румий)га. Саййиднинг мозори Қайсариядадир.
Шунингдек, “Насойим ал-муҳаббат” асарида Термизий олимларнинг айрим маноқиблари – мақтовга сазовор жиҳатлари қайд этилиши ҳолатлари ҳам учрайди. Жумладан 141-рақам остида зикр қилинган Абу Бакр Варроқ Термизийнинг муридларидан бўлган Ҳошим Сўғдийнинг таржимаи ҳолида келтирилишича, “Муҳаммад ибн Муслим Ҳусрий Юсуф Хайёт Термизий билан бирга меҳмонда эди. Мезбон бир иш билан машғул эди. Муҳаммад ибн Муслим: “Тез бўлки, бир ишим бор (яъни, тез уйга боришим керак) деди. Ҳолбуки, у зот зоҳид ва обид киши эди. Кўнгли дардига (Жомийда: вирдига- зикрдан иборат кундалик вазифаларига) тааллуқли эди. Шунда Юсуф Хайёт айтдиларки: “Аллоҳ таоло олдингга келтирган ишдан ҳам кўра сенга бошқа қандай иш бор?! Яна ўша уйга қайтиб бориш нияти билан уйингдан чиқдингми? Ўттиз йилдирки, мен ҳаргиз уйга қайтиб бориш нияти билан уйдан чиқмайман”. Абу Бакр Варроқ айтадилар: “Юсуф Хайётнинг бу икки сўзи Муҳаммад ибн Муслимнинг юз йиллик ибодатидан яхшидир”.
Яна 171-рақам остида зикри келган Шайх Абулаббос Диноварий (ваф. 340/951) таржимаи ҳолида юқорида келган Абу Ҳомид Термизий ҳақида қуйидаги маълумот берилади: “Нишобурга келди ва муддате анда бўлуб, маърифат тили била хўброқ баён била элга мавъизат қилди. Ва Нишобурдин Тирмизға борди. Ва Хожа Муҳаммад Ҳомид – Абубакр Варроқнинг шогирди анга ўтру (дуч) келиб, рикобин ўпти. Муридлариға нохуш келиб, андин жиҳатни (сабабини) сўрдилар. Ул деди: “Эшитибменким, менинг Худовандимни яхши ситойиш қилур (яъни, ҳамду саносини хўп қилур)”.
Айрим ўринларда эса улуғ машойихларнинг Термизга ташрифи ҳам эсга олинади. Жумладан, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг етук шогирдларидан бири Хожа Муҳаммад Порсо (1348-1420) ҳақида (452-рақам) дейилади: “Ва саккиз юз йигирма иккида (822/1419) муҳаррам ойида Байт ул-ҳаром (Каъба) ва Набий зиёрати, алайҳис салавот вас-салом, нияти била Бухородин чиқдилар ва Насаф йўли била Чағониён ва Тирмиз ва Балх ва Ҳиротга мазороти мутабаррикаки, зиёрат қасди била азимат қилдилар. Барча ерда содот (пешқадам) ва машойих ва уламо уларнинг шариф мақдам (ташриф)ларини муғтанам (ғанимат) билдилар ва тамом эъзоз ва икром била талаққий қилдилар (кутиб олдилар)”.
Эътиборга сазовор жиҳати, Алишер Навоийнинг бу асари орқали Термизийларнинг сулук илмидаги мактабини аниқлаш мумкин. Асардаги тегишли қайдлар бунга очиқ ишора қилади. Ҳаким Термизий таржимаи ҳолида дейилади: “Абубакр Варроқким, онинг шогирдидур” “Хожа Муҳаммад Ҳомид – Абубакр Варроқнинг шогирди”. Абулмузаффар Термизий эса “Муҳаммад Ҳомид Дошгарднинг шогирдидур. Ва ул Шайх Абубакр Варроқнинг”.
Шундай қилиб, Навоий асаридан Термизийлар тасаввуф мактабининг қуйидаги силсиласи маълум бўлади:
Ҳазрати Шайх Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий.
Ҳазрати Шайх Абу Бакр Варроқ Термизий.
Ҳазрати Шайх Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий.
Ҳазрати Шайх Абулмузаффар Термизий.
Ворисийлик тамойилларини акс эттирувчи устоз-шогирдлик анъаналарининг бу каби шакли барака ва илму одоб асосларининг юксак чўққисига кўтарилишининг муҳим шартларидан ҳамда бугунимиз пойдевори учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган илмий-маърифий меросдир.
Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Абулбаракот Нуриддин Абдураҳмон ибн Низомиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Даштий Харжирдий Нақшбандий Жомий. Нафахот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс. Форс тилидан араб тилига таржима. – Қоҳира: “Азҳари шариф”, 1409/1989.
2. Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. Нашрга тайёрловчилар С.Ғаниева, М. Мирзааҳмедова. Арабча ва форсча матнларни таржима қилиб, нашрга тайёрловчи ва масъул муҳаррир: С. Рафиддинов. – Тошкент: “Фан”, 2001. XX. XVII.
3. Шу асар: нашрга тайёрловчи, сўзбоши, изоҳ ва кўрсаткичлар муаллифи Ҳамидхон Исломий. Тошкент: “Movaronnahr”, 2017.
Izohlar