ҲАҚИҚИЙ МЎМИНЛИК СИРИ
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Тоинки мени ўзидан ҳам, боласидан ва ота-онасидан ҳам ва барча инсонлардан ҳам кўра афзалроқ кўрмагунича киши ҳақиқий мўмин бўла олмайди”.
Қачон биз Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)ни севишимиз мумкин? Вақтики биз У зотнинг ҳаётларини ўқиб ўргансак, ундан кейин қилган ишларига, айтган сўзларига амал қилсакгина бу нарсага эришамиз. Чунки Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатлари инсонларнинг фитратидаги амаллардир, яъни бу амаллар одамзодни аслига қайтаради. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) эрта қиёматдаги шафқатларини ўз байтларида назм этган Сўфи Аллоҳёр бобомиз бундай деганлар:
Муҳаммадким, эрур Ҳақнинг ҳабиби,
Маосий дардининг ҳозиқ табиби.
Белин ҳиммат қўрига боғлаб ул эр,
Ҳама нафси деса, ул умматим дер.
Ҳама ўз нафсила бўлса гирифтор,
Муҳаммад уммати мискин учун зор.
Агар бўлса эматурғон бола гум,
Топилганда нечук жавлон қилур ум.
Минг андоғ онадин кўпроғу беҳроқ,
Муҳаммадким, ғариб уммат учун доғ.
Оқар дарё бўлур ул муҳтарамдин,
Шафоат шири пистони карамдин.
Қилур Ҳақ изни бирла ҳар тараф жўш,
Насиб этган ул дарёдин қилур нўш.
Азиз ўқувчи, у дарёи шафоатдан ичишлик учун, ҳақиқий уммат бўлиш керак. Уммат дегани Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатларини ўрганиб доимо амал қиладиган кишидир. Шунинг учун қиёмат келмасдан бурун, берилган умримизни ғанимат билиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг гуфтору рафторларига диққат билан амал қилайлик. Ҳар бир нарсанинг ўлчов мезони бўлгни каби Пайғамбаримизга уммат бўлиш мезони бу у зоти бобаракотнинг суннату санияларига амал қилишлик билан бўлади. Энди биз ўзимизни бир ўлчаб кўрайлик-чи, қанчалик даражада биз Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га яқинмиз.
Бир киши катта шаҳарга боради. Бозорни айланиб юриб, атторлик дўконига киради. Турли хушбўй ҳидлардан боши айланиб, кўзи тиниб, ҳушидан кетади. Халқ ҳушсиз одамнинг бошида тўпланади. Кимдир қўлларини уқалар, баъзилари эса ўткир ҳидли нарсаларни юзига сепиб, уни ўзига келтирмоқчи бўларди. Лекин бу киши асло ўзига келмас эди. Чорасиз қолган кишилар бу одам ким ўзи, бу яқин орада қориндош-уруғи борми, деб суриштира бошладилар. Лекин бирор киши уни танимас, ҳеч ким “Бу одам менинг қариндошим”, деб яқинига келмас эди. Оқшом пайти у ердан ўтаётган теричилардан бири ҳушсиз ётган одамни таниди ва уни ўраб олган халққа:
–Зинҳор унинг юзига хушбўй нарсалар сепа кўрманг. Мен унинг хасталиги сирини биламан. Сизлар ундан узоқроқ туринг – мен ҳозир унинг дардига даво бўладиган дорини олиб келаман, - деди ва воқеа жойидан шошилинч узоқлашди.
Бу одам бир харобага кирди ва у ердан бир оз гўнг олиб ортига қайтди. Ҳушсиз ётган одамга ўша гўнгни ҳидлатган эди, воажаб, бу одам кўзини очди. Сал ўтмай ўрнидан туриб, гўнг келтирган киши билан у ердан узоқлашди. Чунки бу одам ҳам теричи эди. Узоқ йиллардан бери бадбўй ҳидлар ичида ишлаб, уларга ўрганиб қолган, аттор дўконидаги хушбўй ҳидлар эса уни ҳушидан ажратган эди.
Буюк мутафаккир олим Мавлоно Жалолиддин Румий ўз Маснавийларида бу ҳикояни шундай таърифлайдилар: “Қўнғиз гўнг титкилагани учун ҳам хушбўй ҳидлардан қочади... Унинг насибаси худди шу кўнгил беҳузур қилувчи ёқимсиз ҳидлардир. Чунки у шунга ўрганган – гўнг жони тани бўлиб кетган. Киши ўз биродарига ҳикматли сўзлар билан насиҳат қилади, хушбўй ҳидлар билан тарбия қилмоқчи бўлади. Кимга хушбўй ҳидли нарсалар ёрдам бермаса, демак бундай одам бадбўй ҳидларга ўргангандир. Сен ҳам яхшиликдан, нурдан насибангни ол. Бурнингни гўнгга тиқиб, қўнқизга айланиб қолма.
Чунки Аллоҳ таоло бандасини дунёга келтирганда фитратда, яъни мусулмон қилиб, бегуноҳ маъсум қилиб дунёга келтиради. Демакким, инсон зотининг табиатида гуноҳ бу бегона нарса, ёд нарса экан. Бизлар ҳам аста секинлик билан гуноҳлардан қайтиб, асл фитратимизга қайтайлик. Бу асл инсонийлик фитратини бизларга Пайғамбаримиз ўзларининг суннатларида кўрсатиб ўтганлар. Юқоридаги ҳикояда зикр қилинган хушбўйлик бу Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг гуфтору рафторлари, ҳаётларидаги бизларга намуна бўладиган амалларидир, бадбўйлик эса бу дунёдаги гуноҳ ишлар. Очиғини айтсак, бизлар ҳам ўша теричига ўхшаб кетганмиз. Маъсиятимизнинг кўплигидан хушбўйлик билан бадбўйликнинг фарқига бормасдан ҳаётгузаронлик қилиб юрибмиз. Келинг энди, бўлиб ўтган гуноҳларга тавба қилиб, асаларига ўхшаб доимо хушбўйликларга талпинайлик. Шоядки шунда ғанимат умримиз саодатлик ҳаётга айланса.
Илоҳий лутф қил ҳасратли соат,
Ҳабибингдин насиб этгил шафоат.
Айирма яхшиларнинг орасидин,
Йироқ этма ҳабибинг соясидин.
Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar