19.02.2024

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га салавот айтишнинг фазилати (1-қисм)

Оламларнинг раҳмати бўлмиш Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бизларни уммат қилган Парвардигори Оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. У зоти бобарокот туфайли бизлар ҳаёти саодатга эришдик. Шунинг учун Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га чексиз дурудлар ва бешумор салавотлар бўлсин. 

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабибини мақтаб Қуръони каримда марҳамат қилади:

قال اللهُ تعالى: إنَّ اللهَ و ملئكَتَهُ يُصَلُّونَ على النبيِّ يأيُّها الذين أمنوا صَلُّوا عليه و سلِّموا تسليماً

Албатта, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг[1].

Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловот айтиши таъкидланмоқда. Бошқа ибодатларда Аллоҳ таоло бандаларига буюриб қўя қолган. Аммо Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га саловот айтишда эса, Аллоҳ таолонинг Ўзи аввал саловот ўқиб, сўнгра малоикаларини буюрди. Ундан кейин мўминларга у кишига саловот йўлламоқни амр этди. Бундан маълум бўляптики, азиз биродарлар, Қуръони карим тиловати ва Аллоҳ таолонинг зикридан кейин Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловот айтиш энг афзал ибодатлардан бири ҳисобланади. Чунки, бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам, намознинг ташаҳҳудида, яъни аттаҳиётида Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га  саловот айтилади. Имом Шофеъий мазҳабларида ташаҳҳуддан кейин саловот айтишлик фарз.

Араб тилида “саловот” сўзи “солат”нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам “солат” дейилади. Чунки, намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо “солат” Аллоҳ таоло томонидан бўлганида “дуо” маъносини йўқотади. Худои таолонинг Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловот айтишининг маъноси, у зот (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади. 

Фаришталарнинг Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловот айтишлари, у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.

Мўмин-мусулмонларнинг Сарвари коинот (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.

        Аллоҳ таоло ояти каримада:

Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг

Бу амрга биноан, ҳар бир мўмин учун Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз, умрида бир маротаба ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг номлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак, деганлар.

Баъзи кишиларда, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га Аллоҳ таолонинг Ўзи саловот айтиб турса, Унинг фаришталари саловот айтиб турса, бизларнинг саловотимизга нима ҳожат бор, деган хаёлга бориши мумкин. Бунга жавоб шуки: Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мўминлар саловотига эҳтиёжлари йўқ. 

Анинг авсофини йўқ интиҳоси,

Нағу етмас деса васфин Худоси.

Яъни, ҳазрати Сўфи Оллоҳёр айтганларидек, У зоти бобаракотнинг васфларини ниҳояси йўқ, чунки инсу жиннинг мақтови етмайди Роббил аъламийннинг мақтови олдида. Қуръони каримнинг бир неча жойларида Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам)ни Худои таборак ва таолонинг Ўзи мадҳ этган. Холиқнинг мақтови олдида махлуқларнинг мақтови, албатта, заифдир.

Лекин мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам)ни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.

وعن عمر بن الخطاب رضي الله عنه قال : إن الدعاء موقوف بين السماء والأرض لا يصعد منه شيء حتى تصلي على نبيك .

       Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “ Албатта дуо еру осмон орасида муаллақ қолади, дуодан бирон бир калима ҳам кўтарилмайди. Тоинки Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га саловот юбормагунингча” дедилар.

وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " من صلى علي واحدة صلى الله عليه عشرا " . رواه مسلم

Абу Ҳурайра(розияллоҳу анҳу) дедилар: Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилдилар: “ Кимики менга битта саловот айтса, Аллоҳ таоло унга 10 та саловот айтади”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловот айтишни амр қилган экан, бу саловот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, худди шу савол ушбу оят нозил бўлганидан кейинроқ саҳобаи киромларда пайдо бўлган.

Каъб ибн Ужра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики:

فقلنا يا رسول الله كيف الصلاة عليكم أهل البيت فإن الله قد علمنا كيف نسلم عليكم

“Биз : “ Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку биламиз, аммо саловот айтиш қандай бўлади?” деди.Шунда у зот:

اللهم صل على محمد وعلى آل محمد كما صليت على إبراهيم وعلى آل إبراهيم إنك حميد مجيد اللهم بارك على محمد وعلى آل محمد كما باركت على إبراهيم وعلى آل إبراهيم إنك حميد مجيد "

  • деб айтинглар, дея марҳамат қилдилар.

 

 

 

Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1]Аҳзоб 56

Izoh qoldirish

Izohlar