Оқим пайдо қилувчилар аҳволи ҳақида
Ҳақиқат ҳар замон ва маконда ҳақиқатлигича қолаверган. Баъзида эзилса, баъзида юқори чўққиларни забт этган. Лекин ҳеч қачон йўқ бўлмаган. Ва ҳақиқат бирлик бўлган. Сабаби, барча нарсалардан воқиф ва хабардор бўлган Зот ҳам бирдир. Ҳақиқат ундан таралади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўз йўли ҳақида маълум қиларкан, унинг йўли битта эканлигини ҳам билдиради. Оятда: «Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шоядки тақво қилсангиз». (Анъом 153).
Эътибор қилсангиз, менинг йўлларим демади. Балки менинг йўлим деди. Демак, юрт мусулмонлари эргашган бир имом ҳамда ўша эргашувчиларнинг йўли бирта экан. Ким бу йўлдан ажралса гуноҳ ва маъсиятда қолади. Фирқаланиб бўлиниш кишини ботил томон ундайди. Ҳақиқатдан узоқлаштиради. Ибн Касир р.а. ҳам китобларида: “Аллоҳ таоло ўз йўлини битта эканлигини маълум қилди. Чунки ҳақиқат битта бўлади. Ҳақиқатдан узоқ бўлган бошқа йўлларни эса кўплик лафзида келтирди. Зеро, фирқаланиб бўлинишлик турли йўлларга олиб келади” (Ибни Касир тафсири 2/182).
Аллоҳ таоло Ислом динини ўз Пайғамбари билан етказганлигининг асосий сабаби ҳам одамларга битта ягона ҳақиқат йўлини кўрсатиш эди. Оятда шундай марамат қилади: «Бунинг сабаби, албатта, Аллоҳ китобни ҳақ билан нозил қилган эди. Китоб хусусида ихтилоф қилганлар эса, тубсиз тортишувдадир». (Бақара 176).
«Агар иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, ҳидоят топадилар. Ва агар юз ўгирсалар, бас, албатта, улар хилофдан бошқа нарсада бўлмайдилар. Аллоҳ сенга улар (ёмонлиги)дан кифоя қилади. Ва У эшитувчи, билувчи зотдир». (Бақара 137).
«Албатта, золимлар (ҳақдан) узоқ адашувдадирлар». (Ҳаж 53).
Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло ҳаққа қарши чиқувчиларнинг ҳолини баён қилмоқда. Уларнинг ҳаммасини “шиқоқ”да деб айтди. Уччала оятда уч хил ҳолат кўрсатилмоқда: ҳақ билан бирга келган “шиқоқ”, ҳақни қоим қилгувчилар билан бирга келган “шиқоқ” ҳамда ҳаққа даъват қилгувчилар билан бирга келган “шиқоқ”. Демак, оятларни тафаккур қиладиган бўлсак “шиқоқ” калимаси уч маънода келмоқда (Низомиддин Ҳасан Найсабурий “Ғароибул Қуръон ва рағоибул Фурқон”):
1. “Шиқоқ” – ихтилоф, қайсарлик, ўзаро тортишувчи маънода келади. Гўёки, икки тоифа бир-бирига ҳеч ҳам қўшилмайди (Қуртубий тафсири 2/97, Шавконий “Фатҳул Қадир” 1/147).
Бу ердаги “шиқоқ” калимаси Ислом динини тан олмай қайсарлик қилган, залолат ва куфрда бардавом бўлган бошқа дин вакилларига нисбатан келмоқда. Улар очиқчасига душманлик ва адоват қилдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Сод сурасининг 2 оятида куфр келтирганлар ҳақида ва Бақара сурасининг 137 оятида яҳудий ва насронийлар ҳақида “шиқоқ” калимасини келтирди. Яъни, улар доимий исёндадир. Улар Аллоҳга ва Пайғамбарига уруш эълон қилганлардир (Табарий тафсири 1/444).
Шунингдек, Аллоҳ таоло бидъат аҳлини “қалблари касал” бўлганлар деб сифатлаб, “шиқоқ” калимасини келтирди:
«(Аллоҳ таоло) Шайтон ташлайдиган нарсани дилларда иллати бўлган кимсалар (мунофиқлар), (ва) тошбағир кимсалар (кофирлар) учун синов сифатида (пайдо қилур). Дарақиқат, золимлар (кофирлар) узоқ тортишувдадирлар». (Ҳаж 53).
Демак, Аллоҳ таоло шайтон алайҳи лаъна қалбига ташлаган икки тоифа одамни залолат ва адашувда қилган: биринчиси, қалбида касали борлар, яъни қалбида иккиланиш ва нифоқ бор кишилар. Иккинчиси, қалби тошлар, яъни мушриклар. Уларнинг қалби абадий муҳрланган. Қандай бўлмасин ҳақиқатни қабул қилмайдилар (Ибни Касир тафсири 3/224, Шавконий “Фатҳул Қадир” 3/462). Сўнг ҳар иккаласини ҳам золимлар, деб қайд қилди.
2. “Шиқоқ” – иккинчидан “ёриш”, “бўлиш”, “икки нарса орасини ажратиш” маъносида келади (Қомусул муҳит 1159). Бу маъно барча фирқаланувчи, оқим пайдо қилувчи, тарафкашлик билан шуғулланувчи тоифалар ҳақида келган. Сабаби, улар мусулмонлар жамоасини бўлинишга, ажратишга олиб келади ва улар осийлардир (Ғароибул Қуръон тафсири 1/441).
3. “Шиқоқ” – учинчидан мутлақ “машаққат”, “қийинчилик”, “аҳволи танглик” маъносида келади. Чунки бўлинишга олиб келингандан сўнг айрилиқ, ўзаро низо ва тангликка олиб келади.
Ҳар уччала маъно ҳам танқид остига олинган. Биронтсида эзгулик ва яхшилик йўқ. Балки нафрат ва ғазаб бор, холос. Мусулмонлар жамоасини бўлинишга ва айрилишга олиб келинган ҳар қандай ҳолат қаттиқ жазога маҳкум.
«Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўъминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз». (Нисо 115).
«Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур». (Анъом 159).
Бу иккала оят эса гуруҳбозлар, оқим яратувчиларнинг борар жойини кўрсатмоқда. Ислом динини ичидан кемиришга ҳаракат қилган бундай манфур шахслар икки дунё саодатидан бебаҳра қоладилар. Охиратда уларга ҳеч бир яхшилик бўлмайди. Улар таъсирига тушиб қолганлар эса Аллоҳ улар учун танлов ихтиёрини берган эди. Лекин улар эса оқимларни танладилар. Уларга ҳам яхшилик асло тегмайди.
Аллоҳ ҳаммамизни тафриқага тушиб қолишдан, тафриқага тушишга даъват қилишдан, оқим пайдо қилишдан ва оқибат дўзахга киришдан ўзи асрасин. Омин!
✍️ Ҳайбатулло РАШИДОВ - Шўрчи тумани “Толли ота жоме масжиди” имом хатиби
Izohlar