МАСКАН ОДОБЛАРИ (1-қисм)
Инсон ўзини энг бехавотир, эмин-эркин сезадиган маскани унинг уйидир. У ўз уйида бошқанинг назари тушишидан, гаплари эшитилиб қолишидан хавфсирамай, азият чекмай яшаши керак.Акс ҳолда унинг уйидаги роҳат-фароғати кетади, ҳаловати йўқолади. Донишмандларнинг «Уйинг сиғдирсин» деб қилган дуоларида ажиб ҳикмат яширинган. Ҳаттоки замонавий қонунларда уй-жой дахлсизлиги ҳақида алоҳида моддалар киритилган. Ахлоқимизда эса бировнинг хонадонига, ҳузурига изнсиз назар солган, рухсат сўрамай кирган киши қаттиқ қораланади ва одамлар бу ёмон ишдан ҳамиша қайтариб келинган.
Маскан сўзи “сокинлик топиш жойи” деган маънони англатади. Бизда инсоннинг ўз оиласи билан бирга яшайдиган жойи “маскан”, яъни турар жой, ҳовли-ҳарам дейилади. Инсон ҳаётида хавф-у хатардан омонлик топиш, иссиқ-совуқдан пана топиш, молу мулкини дахлсиз сақлаш, аҳли аёли билан фароғатда яшаш, ҳаётдаги машаққатлар ва чарчашлардан дам олиб, роҳат топиш учун, қисқа қилиб айтганда, барча нарсалардан сокинлик топиш учун бир масканга муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кенг маскан мусулмон кишининг саодати омилларидан бири эканини ўз ҳадисларида эълон қилганлар.
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб (улов) мусулмон кишининг саодатидандир», дедилар».
Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мусулмон кишининг саодатига омил бўладиган нарсалар ҳақида бир қанча ривоятлар собит бўлган. Ушбу ҳадиси шариф ўшалардан биридир.
Кенг маскан киши саодати омилларидан бири бўлиши бежизга эмас. Албатта, маскан – турар жой одам боласи умрининг кўп қисмини ўтказадиган ердир. Умрнинг энг нозик ва масъулиятли қисми одамнинг шахсий масканида ўтади.
Масканнинг кенг бўлиши яшаш шароитининг қулайлиги маъносидадир. Киши ўз уйида яшаш учун барча шароитларга эга бўлса, саодатли бўлиши турган гап. Умрининг кўп қисми ўтадиган масканда ўзи учун керак бўлган барча қулайликлар мавжуд бўлса, албатта, бу нарса ҳам саодат омилларидан бири бўлади.
Инсон дунё ҳаётида яшар экан, турли ҳолатларга дуч келади. Чарчайди, асабийлашади, дам олгиси келади, ухлайди ва ҳоказолар. Шундай пайтларда унинг ўз уйи ўлан тўшагига айланади. Жамоатчилик жойлари, сафарда, меҳмонхона ёки ижарага турган ерида керакли сокинликни топа олмайди. Ўз уйига эса бемалол кириб боради, дам олади, ором топади, ҳордиқ чиқаради...
Шунинг учун ҳам Исломда кенг маскан киши саодати омилларидан бирига қиёсланган.
Ислом инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олгани ва бузилишдан ислоҳ қилгани каби маскан соҳасини ҳам қойиллатиб қўйган. Масканларни қуриш ва уларни тутишнинг гўзал намуналарини бутун дунёга намойиш қилган. Мусулмонлар қурган масканлар қулайлиги, гўзаллиги ва бошқа имтиёзлари ила барчанинг таҳсинига сазовор бўлган. Самарқанд-у Бухорога келган бир ғарблик сайёҳ “Бу мусулмонларнинг бошқа нарсалари каби қурган бинолари ҳам кишига хотиржамлик бағишлайди-я” дея ажабланган экан. Масканларнинг моддий тарафи билан бирга маънавий тарафига ҳам алоҳида эътибор берилади.
Исломда ҳар бир шахснинг маскани дахлсизлиги кафолатланган. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг турар жойи, ундаги оилавий сирлари ҳимоя қилинади. Ўзининг розилигисиз ҳеч ким унинг масканига кира олмайди, назар солиб қарай олмайди, у ердаги гапларга қулоқ солиб эшита олмайди. Ким бирор хонадон эшиги олдида туриб, ҳовли ичига соҳибларининг изнисиз назар солса ҳатто унга нисбатан энг оғир танбеҳ ва жазо чораларини қўллашга ижозат берилган. Агар бирор киши ёпилмаган эшик, пардасиз дераза олдидан ўтаётиб ичкарига назар солса, бунинг гуноҳи унга эмас, уй аҳлига бўлади.
Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманглар. Ана шундай қилмоғингиз сизлар учун яхшидир, шоядки, эсласангиз» (27-оят).
Ушбу ояти карима хукмига биноан хеч ким бировнинг масканига унинг изнисиз кириши мумкин эмас. Ким бу ишни қилса, инсон ҳуқуқларидан энг мухим бир ҳаққини поймол қилган, катта гунох ишни содир этган бўлади. Чунки хар бир киши фақат ўз масканидагина ўзини эркин хис этади. Бировнинг бехосдан кириб қолишидан хадиксирамай бемалол холатда юришни ўзига эп кўради. Кийим-кечак, юриш-туриш ва ахли аёл билан муомалада хам ўзига эрк беришни раво кўради. Шунингдек, ўзгаларга билдиришни хохламаган сирли нарсалар билан хам фақат ўз масканидагина машғул бўлишни хохлайди. Агар маскан дахлсизлиги бузилса, бу дахлсизликка хуруж қилинса, инсон умуман тинчини йўқотади. хар лахзада бировнинг кириб қолишидан хадиксираб, хотиржамлигини йўқотади, жамоатчилик жойида тургандек хавотир ичра изтироб чекади.
Бировнинг масканига изнсиз кириш ман қилингани унинг сир-асрори, аврати каби биров билишини ўзи хохламаган нарсаларни бегона кишилардан ҳимоялаш, асраш учун жорий этилган. Шу боис, масканга кирмай туриб ҳам бегона одам мазкур нарсалардан огох бўлиши мумкин эмас. Мисол учун, бировнинг масканига унинг изнисиз назар солиш мутлақо ярамайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қавмнинг уйига уларнинг изнисиз қараса, улар унинг кўзини ўйиб олсалар хун тўлаш ҳам, қасос ҳам йўқ», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан Исломда шахсий дахлсизлик қанчалар юқори даражада ҳимоя қилиниши яққол кўриниб турибди. Ҳеч ким унинг масканига яширин равишда назар солиб турмаганини тўла ҳис қилгандагина инсон ўзини эркин ҳис қилиши, маскан дахлсизлиги ҳақидан тўла фойдаланиши мумкин.
Уламоларимиз бировнинг уйига яширин назар солиш ҳаромлиги ҳақидаги ҳадисга қиёс қилиб, бировнинг гап-сўзларини яширинча тинглаш ҳам ҳаромлигига ҳукм чиқаришган. Ҳеч ким бировнинг изнисиз унинг гап-сўзларига яширинча қулоқ солиши мумкин эмас. Ким бу ишни қилса, инсон ҳуқуқларидан катта бир ҳақни поймол қилган бўлади.
Масканнинг инсон ҳаётидаги улкан аҳамияти ва зарурати эътиборидан шариат мусулмон инсонларга бу борада ўзига хос одобларни жорий қилган. Мазкур одоблар инсоннинг ўз масканида бахт-саодат, ҳузур-ҳаловат ила яшашини тўла таъминлайди.
Манбалар асосида тайёрланди: “Ижтимоий одоблар” китоби. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳилол-Нашр”, 2016.
Мамаюсупов Жўрахон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar