23.02.2024

Саййида Оиша бинту Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга никоҳланишлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолага битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом саловату дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз Росули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқин дўстлари Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг Умму Рувмон бинти Омир Канония исмли аёлларининг қизлари бўлганлар. Таҳминий милодий 614-йилда таваллуд топганлар.

Никоҳ. Кейинчалик Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га жуфти ҳалол бўлишдек бахтга муяссар бўлдилар. Шу сабабли ҳам уларнинг тақволари энг юксак намуналардаги тақводорлардан эди. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади; “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: - “Менга уч кеча тушумда кўрсатилдинг. Фаришта сени менга яшил ҳарир матога солиб, олиб келар ва “Мана шу сенинг аёлинг”дер эди. Юзингни очсам сен бўлар эдинг. Ўзимча “Агар бу Аллоҳнинг  Ўзидан бўладиган бўлса, тушумни ўнгидан келтирар” дер эдим. 

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. Термизийнинг лафзи:

“Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яшил ҳарир матода Оишанинг суратини олиб келди ва Бу сенинг бу дунё ва охиратдаги завжанг”, деди. 

Ана шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол рози бўлиб Ҳавла бинти Ҳакиймдан ўз номларидан Оиша розияллоҳу анҳога совчи юбордилар.

Бу пайт Абу Бакр розиаллоҳу анҳу Оиша онамизни Мутъим ибн Адийнинг ўғли Жубайрга ваъда қилган эди. Жубайр ўша пайт мушрик эди. Жубайрнинг онаси ўғли никоҳдан кейин ҳам исломга кирмаслигини айтади. Шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ваъдасини қайтариб оладилар ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари никоҳлаб қўядилар.

Ўшанда Оиша онамиз олти ёки етти ёшда эдилар. Маҳрлари беш юз дирҳам бўлганлар.

Ҳижратдан икки йил ўтгач шаввол ойида (мил 624-й) Росуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча ансорий аёлларни тўплаб тўй қилдилар ва шу кундан кейин бирга яшай бошладилар. Ўшанда Оиша онамиз тўққиз ёшда эдилар.

 Ислом оламидаги улуғ саҳобалар қаторида шубҳасиз, Оиша (розияллоҳу анҳо) онамизнинг номлари зикр қилинади.

Оиша онамиз Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га инсонлар орасидаги энг севимлиси эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳадича онамиздан сўнг ҳеч бир аёл Оиша онамизчалик суюкли бўлмаганлар.

 

Имомқулов Ҳикматуллоҳ – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar