ШАЪБОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ
Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий ойларнинг саккизинчиси бўлиб, у рамазондан битта олдинги ой ҳисобланади. Бу ойнинг бундай ном билан аталиши
пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бешинчи боболари Кулоб ибн Мурра яшаган давр, яъни 412-милодий йилга бориб тақалади.
Фазилатли ойлардан бири шаъбонда қилинган хайрли амалларнинг ажри жуда улуғдир. Айниқса, бу ойнинг биринчи ярмида нафл рўза тутиш ниҳоятда савоблидир.
Шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан биридир. Бу кечани "Бароат кечаси" дейилади. Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм қилиниб, ажал ва умр белгиланади ва амал саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига
кўтарилади. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмати ер юзига ёғилади.
Бу ҳақида Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Шаъбоннинг ярмидаги кечада Аллоҳ дунё осмонига нузул этади ва Бани Калбнинг қўйлари жунидан ҳам кўп одамни мағфират қилади, дедилар» (Ибн Можа, Имом Термизий ва Аҳмад ривояти).
Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Мен: «Ё, Расулуллоҳ, сизни ҳеч бир ойда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганингизни кўрмадим? деб сўраганимда, у зот: Бу ой ражаб билан Рамазон ўртасидаги ой бўлиб, одамлар ундан ғафлатда қолади. Ҳолбуки, барча амаллар оламларнинг Роббисига мана шу ойда кўтарилади. Мен эса рўзадор бўлган ҳолатимда амалим кўтарилишини истайман, дедилар» (Имом Насоий ва Абу Довуд ривояти).
Юқоридаги ҳадисдан маълум бўлиб турибдики шаъбон ойида инсон қилган барча амаллари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. Ва пайғамбар (с.а.в) бу амалларини рўзадор бўлган холатида Аллоҳ таолога йўлиқишини ирода қилганлар.
Шаъбон ойида солиҳ амалларни кўпроқ қилишга тарғиб этилишидан мақсад, бандаларни келаётган Рамазон ойига жисмонан ва руҳан тайёрланиб бормоқларини таъминлаш ҳамдир.
Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шаъбоннинг ўртасидаги кечада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилишини айтганлар: “Истиғфор айтгувчи борми? Уни мағфират қилурман. Ризқ сўровчи борми? Унга ризқ берурман. Мубтало борми? Унга офият берурман”.
Шундай экан биз бандалар Аллоҳ таолонинг ҳақ ваъдасига ихлос қилган ҳолда бу ойда, умуман кундалик ҳаётимизда истиғфорни кўпайтиришимиз, агар кимдандир ризқ сўраш керак бўлса, фақатгина ҳақ таолонинг ўзидан сўрамоқлигимиз лозим.
Шаъбон мусулмонлар қошида ғоят аҳамиятли ва муборак саналган ойлардан бири ҳисобланади. У рамазондан битта олдинги ой бўлганлиги туфайли ҳам унда рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрилади. Кўп нафл рўзалар тутилади. Қуръони карим тиловатига киришилади. Хайрли амалларга қўл урилади. У рўзаси фарз бўлган рамазон ойи учун бамисоли фарз намозларини ҳаммаёғидан ўраб турувчи ва нуқсонлардан ҳимоялаб турувчи аввалги ва кейинги суннатлари кабидир. У рамазоннинг муқаддимасидир. Бу ойда нафл рўзалар тутиш билан машғул бўлган киши Рамазон рўзасини ортиқча машаққат ва қўрқувсиз бошлайди. Балки, бу иш унга бирмунча енгил бўлиб қолади. Натижада фарз бўлган рамазон рўзасига ғайрат ва шижоат билан киришади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда кўп нафл рўза тутардилар. Оиша онамиз (разияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади (мазмуни): “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафл рўзаларни тутишни бошлаганларида шундай кўп тутардиларки, ҳатто энди доим рўза тутиб юрсалар керак, деб ўйлаб қолардик. Кейин рўза тутишни тўхтатардилар ва шундай узоқ пайт тутмай юрардиларки, ҳатто энди рўза тутмасалар керак, деб айтардик. Расулуллоҳни рамазондан бошқа бирор ойни тўлиқ рўзадор бўлиб ўтказганларини кўрмадим. Ва у кишини шаъбондан бошқа бирор ойда шаъбондагичалик кўп нафл рўза тутганларини ҳам кўрмадим” (Бухорий, Муслим).
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бу ой ундан кейин келадиган муборак рамазон ойига тайёргарлик ойидир. Бу ой бандани амаллари роббиси ҳузурига кўтариладиган шарафли ойдир. Бу ой Аллоҳ таоло истиғфор айтган бандаларини мағфират қилувчи, ризқ сўраган бандаларига ризқини кенг қилиб берувчи, мубтало бўлган бандаларга Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло томонидан офият берилгувчи фазилатли ойдир. Шундай экан бу ойда истиғфор ва нафл ибодатларни кўпайтирсак охиратимиз учун улкан захира қилган бўламиз.
Аллоҳ таборак ва таоло бизларни фазилатли шаъбон ойида ўзи рози бўладиган бандалари қаторида қилсин!
Абдураҳмонов Усмонжон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar