28.02.2024

ҚОН ЧИҚСА, ТАҲОРАТ СИНАДИМИ?

Ҳанафий мазҳабимизда оқувчи қон таҳоратни синдиради. Яъни, қон чиқиб баданнинг таҳорат ёки ғуслда ювиш вожиб бўлган қисмига оқса, таҳорат бузилади. Лекин жароҳат катта бўлиб, чиққан қон ёки йиринг шу жароҳат ичидан ташқарига чиқмаса, таҳорат синмайди. Қон чиқиб, оқмасдан, ўрнида қотиб қолса, таҳорат бузилмайди (“Мухтасарул виқоя” китоби).

Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган қуйидаги ҳадис далил бўлади:

Яъни: “Ким намозда сув ёки таом қайт қилса ёки бурни қонаса, дарҳол намоздан чиқиб, таҳорат қилсин ва намозини охирига етказсин» (Имом Дорақутний ривоятлари).

Бу ҳадиси шариф бадандан қон чиқса, таҳорат бузилишига далолат қилади. Бундан ташқари Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилган қуйидаги ҳадис ҳам юқоридаги масалани кўллаб қувватлайди:

Яъни: “Ҳар бир оқувчи қондан таҳорат қилинади” (Имом Дорақутний ривоятлари).

Бундан ташқари олди ва орқа нажосат йўлидан бошқа жойдан чиққан қон ёки йиринг ҳам таҳоратни бузиши ҳақида катта саҳобалар, жумладан жаннат башорати берилган ва фақиҳ саҳобалар; Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ, Абдурроҳман ибн Авф ҳамда Саъид ибн Зайд, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Амр, Зайд ибн Собит, Абу Мусо ал-Ашъарий ва Абу Дардо розияллоҳу анҳум фатво беришган ва бу масалада якдил бўлганлар.

«Қон чиқса, таҳорат бузилмайди», деган кишилар Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабидаги гапни айтишган. Ҳар бир мазҳабнинг ўз далили бор. “Қон чиқса таҳорат бузилмайди”, маъносидаги ҳадисларга бизнинг уламолар улар ё заиф, ё асли йўқ, ё матрук ёки аксар саҳобийларни сўзига хилоф, деб жавоб берганлар ва қон чиқса таҳорат синиши ҳақидаги ҳадисларга амал қилганлар.

Ҳозирги кунимизда баъзиларнинг бир мазҳабдан бир масала, бошқа мазҳабдан яна бир масалани олишлари, ҳар мазҳабдан энг енгил ҳукмларни топиб олишлари ҳавои нафсга эргашиш ҳисобланиб, уламоларимиз уни «талфиқ» дейдилар. «Талфиқ»нинг хукми эса ҳаромдир. Дарҳақиқат, ҳар ким ўз мазҳабига амал қилиши тўғри йўлдир. Фақат ҳанафий мазҳаби тарқалган юртларда бошқа мазҳабларнинг фатволарини тарқатиш ҳам фитнадан бошқа нарса эмас.

 

Манбалар асосида тайёрланди: Ӯзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Фиқҳ ва Ақоидга оид ихтилофли масалалар ечими китоби асосида тайёрланди. 

 

Абдуллаев Фатҳуллоҳ - Имом Термизий ӯрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar