29.02.2024

ГУНОҲДАН ТАВБА ҚИЛГАН КИШИ ГУНОҲИ ЙЎҚ КИШИ КАБИДИР

Барчага маълумки, албатта инсон бу дунёга синов учун юборилди. Аллоҳ таоло инсонга ҳам ақл, ҳам нафс истакларини берди. Инсоннинг ақлидан нафси устун келса гуноҳ иш қилиб қўйиши табиий ҳолдир. Ҳаттоки китобларда зикр этилишича одам фарзанди ўз нафсига эргашар экан ҳайвонларданда паст даражага тушиб кетади дейилган. Ислом динида шу ҳолатга қандай қаралади, у қандай муолажа қилинади? Гуноҳкор бандага раҳмат эшиклари бутунлай ёпиладими ёки унда яна Аллоҳ таолонинг марҳаматига эришиш имконияти борми?

Агар банда астойдил тавба қилса, ҳар қандай гуноҳнинг кечирилишига умид бор. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришни ваъда қилган. Қуръони каримнинг 87 ўрнида тавбага тарғиб қилинган. Жумладан,

Яъни: “Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз” (Нур сураси, 31-оят).

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни насуҳ (чин) тавба қилишга тарғиб қилиб, шундай деган:

Яъни: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!» (Таҳрим сураси, 8-оят).

Аллоҳ таоло ўзининг фазлу карами билан жаҳолат туфайли гуноҳ қилиб, кейин тезда унга афсус-надомат чеккан кишиларнинг гуноҳларини кечиришини ваъда қилган:

Яъни: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).

Сарвари олам, барча пайғамбарларнинг афзали бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам каттаю кичик гуноҳлардан сақланган бўлсаларда умматларга таълим учун ҳар куни тавба қилар эдилар. Ҳадиси шарифларида ҳам бундай деганлар:

Яъни: «Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Унга истиғфор айтинглар! Зеро мен бир кунда юз марта тавба қиламан» (Имом Бухорий ривоятлари).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳлардан маъсум бўлишларига қарамасдан, Аллоҳга тавба қилишлари – биз каби гуноҳдан холи бўлмаган умматлар учун катта дарс ва кўрсатмадир. Яна бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилганлар:

Яъни: «Гуноҳдан тавба қиладиган киши гуноҳи йўқ киши кабидир» (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Мазкур ояти карима ва ҳадисларга асосан гуноҳ қилган банданинг тавба қилиши вожиб саналади. Бепарво бўлиш, ҳали фурсатим бор деган нотўғри тасаввурга берилиши асло мумкин эмас.

Тавба эса гуноҳларнинг турига қараб ҳар хилдир:

Биринчиси: Банда билан фақат Аллоҳ орасидаги гуноҳлар. Масалан, зино, ароқхўрлик, ғийбат, бўҳтон. Агар ғийбат ва бўҳтон қилинган кишига хабар етиб бормаган бўлса, бу гуноҳлардан покланиш учун чин қалбдан Аллоҳга тавба қилиш кифоя. Шу билан банда оқланади.

Иккинчиси: Банда, банда ва Аллоҳ орасидаги гуноҳлар. Масалан мўмин биродарини ғийбат қилди ва унга етиб борди ёки ўзганинг ҳаққини еган бўлса, бу гуноҳдан покланиш учун тавбанинг учта шарти бор: Банда қилган гуноҳидан афсус-надомат қилиши, дарҳол ўша гуноҳни тарк қилиши ва ундан чекиниши, гуноҳини қайта такрорламасликка қатъий азми-қарор қилмоқлиги шарт бўлади.

Учинчиси: Банда ва Аллоҳ ўртасидаги тавбанинг ўзи билан кечирилмайдиган гуноҳлар. Масалан узрсиз рўза ва намоз каби фарзларни тарк этиш гуноҳи. Бу гуноҳлар азобидан халос бўлиш учун банда астойдил тавба қилиши ва яна қолдирилган ибодатлар ўрнига қазосини бажариб бериш лозим бўлади. Демак, тавба муҳим ахлоқий омилдир. Кимки уни кечга сурса, инсоний фазилатлардан маҳрум бўлади. Аксинча, шошилса ўзини ислоҳ қилган бўлади ва гуноҳлардан фориғ бўлади.

 

Абдухолиқов Ғайрат – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3 - босқич талабаси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar