НАҲВ ИЛМИНИНГ МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ (1-қисм)
Наҳв сўзи луғатда «томон», «бурчак», «кўриниш», «ўхшаш», «грамматика» деган маъноларни англатади.
Истелоҳда эса, наҳв илми қоидалар тўплами бўлиб, унда арабча сўзларнинг шакллари, сўзларнинг бирлик, иккилик ва кўпликлари, исмларнинг раф, насб ва жар ҳолатлари, шунингдек, исм ва феълларнинг музаккар ва муаннаслари ўрганилади.
Наҳв илми тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бу лимнинг асосчиси Али розияллоҳу анҳу эканини гувоҳи бўламиз. Ривоят қилишларича, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бир қорининг тавба сурасидаги 3-оятидаги «росулуҳу» сўзини «росулиҳи» деб ўқиганини эшитиб, қаттиқ таъсирланадилар. Чунки бу холатда оят мазмуни «Аллоҳ мушриклардан ва росулидан безордир» бўлиб қолар эди. Шундан кейин ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўша замоннинг донишмандларидан Абул Асвад ад-Дуалийни чақириб, мусулмонларга Қуръони каримни тўғри ўқиб, тўғри тушунишларига ёрдам берадиган қоида ва йўриқларни ишлаб чиқишни вазифасини топширадилар ва: “Масалан, бундай бошлаган: “الكلمة اسم أو فعل أو حرف و نحوه Сўз исм ёки феъл ёки ҳарф бўлади ва ҳоказо”- дедилар”. Абул Асвад ад-Дуалий ўша «ҳоказо»- نحوه ни ишлаб чиққан ва ўшандан бери араб тилининг қонун-қоидалари илми «النحو» деб юритилади. Бир бошқа ривоятда эса, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Қуръондаги бу хатоликни эшитганларидан сўнг “Қуръон лафзларига шундай ҳаракатларни қўйингки, ينحوالناس عنها (инсонлар уни қасд қилсинлар)” деган эдилар. Ўшандаги ينحو дан «наҳв» сўзи келиб чиққан.
Яна бошқа бир ривоятда Абул Асвад ад-Дуалийнинг қизлари бир куни борлиқ ва оламнинг ажойиблигидан завқланган ҳолда осмонга қараб, «ма ажмалу ас-самаа» (осмоннинг нимаси чиройлироқ) деганларида, аслида «ма ажмала ас-самаа» (осмон нақадар чиройли) бўлиши керак эди. Абул Асвад бунга жавоб ўлароқ «нужумуҳа» (юлдузлари) деган эди. Чуни қизлари сўзни нотўғри талаффуз қилиб «ажмала» ни «ажмалу» деб заммали қилиб келтирган. Натижада мубтадо ва хабар кўринишидаги жумла хосил бўлиб қолган. Шунинг учун Абул Асвад «нужумуҳа» деб хабар берган эдилар. Шунда қизлари “Эй отажон сиздан “Нима чиройли?”, деб сўраётганим йўқ, балки таажжубланаяпман” деганида, “Ундай бўлса қизим «ажмалу» сўзини замма қилмасдан, «ажмала» деб фатҳали айтгин” деб танбеҳ берадилар.
Наҳв илм билан гаплар тўғри тузилади ва таркиб билинади. Ибн Молик «Кофия» асарида: “Наҳв тиллар ва қалбларнинг тўғрилигидир. Ким уни билмаса, «Алҳамду лиллаҳи роббил ъааламиин» ни ҳам, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» ни ҳам тушуна олмайди. Шунинг учун уни жузъий қисмларини билмаган ва масалаларига жавоб бера олмайдиган киши одамларга кўплаб фиқҳий масалаларида фатво бера олмайди.
Бу уммат тарихида бу борада ажойиб воқеа рўй берган. Уни кўплаб илм эгалари ечишдан ожиз қолганлар. Токи луғат илми эгалари келишгач, бу масалани ечишнинг уддасидан чиқишган. Бу шоирнинг қуйидаги байтида эди:
فأنت طلاق والطلاق عزيمة ثلاث ومن يخرق أعق وألأم
Сен талоқсан, талоқ эса азиматдир, уч бор бўлар,
Ким орани бузса, у оқ бўлган ва маломатга лойиқроқ…
Шу байтни ثلاثٌ салаасун деб рафда ёки ثلاثًا салаасан деб насбда ўқиса бўлади. Шундан унинг фиқҳий ҳукми ҳам шакл ўзгаришига қараб ўзгаради. Агар у «салаасун» деб ўқиса, битта талоқ бўлади, агар «салаасан» деса, уч талоқ тушади.
Бунга ўхшаш мисоллар кўп.
Қарофий роҳимаҳуллоҳ шоирнинг:
ما يقول الفقيه أيده الله ولا زال شأنه يزدان
في فتى علق الطلاق بشهر قبل ما بعد قبله رمضان
Фақиҳ — Аллоҳ уни қўлласин ва иши равнақ топсин- нима дейди.
Талоқни ундан олдингисидан кейингида Рамазон бўлган ойга боғлаган йигит борасида? деб айтган гапида бир юз эллик (150) та масала бор деб айтган эди. Уларнинг барчаси бу икки байтнинг эъробига, уларнинг ва улардаги лафзларнинг далолатига боғлиқдир.
Ярашев Хабиб – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar