02.03.2024

НАҲВ ИЛМИНИНГ  МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ (2-қисм)

Шотибий роҳимаҳуллоҳ шайхи Ибн Фаххор билан яна бир ҳодиса бўлган эди. Шотибий уни ўзининг «Ифодот ва иншодот» китобида ёзиб қўйган. Шайх Ибн Фаххорга бир кеча ҳадис аҳли йиғилди. У уларга ҳадис сўзлаб берди. Кейин уларни кўнглини ёзиш учун «иҳмод» (إحماض ) – аҳли ҳадис истилоҳида улардан малолликни кетказиш учун айтиладиган қисса ё ҳикоя ёки шеърни билдиради) айтди. Улардан шоирнинг ушбу байтининг маъносини сўради:

رأت قمرالسماء فأذكرتني ليالي وصلنا بالرقمتين

 كلانا ناظر قمرا ولكن رأيت بعينها ورأت بعيني

Шунда улардан бирортаси бунинг жавобини топа олмади. Уларнинг ичида Абу Ишоқ Шотибий ҳам бор эди. Шунда Имом Абу Фаххордан уларга ушбу байтни шарҳлаб беришини сўрашди. У уларга шарҳлаб, ой иккита ой: ҳақиқий ой ва мажозий ой эканлигини, ҳақиқий ой осмондагии ой, мажозий ой эса юз эканини айтди. Бу ерда мажозийси. Шунингдек қараш ҳам икки хил бўлади: ҳақиқий қараш ва мажозий қараш. Кўзнинг қараши ва фикран қараш. Бу ердаги (шеърда сўзлаётган) одам ҳақиқатни мажоз ва мажозни ҳақиқатга айлантирган. 

(Шеърнинг таржимаси: “Осмондаги ойни кўрди ва «Роқматан»даги учрашувимизни эслатди.

Иккимиз бир ойга қараб турибмиз, лекин мен унинг кўзи билан кўрдим, у эса мени кўзим билан кўрди.”

Бу ердаги маъно шундан иборатки, у ўз ёрини ойга ўхшатиб, иккимиз бир ойга қараб турган эдик, аммо мен ҳақиқий ойга қараб турган эдим (аслида ёрига), у эса мажозий ойга қараб турган эди, деди. «Мен унинг кўзи билан ойга қарадим» деяпти, аслида эса ёрига қараб турибди, чунки аёл бу ерда ҳақиқатан ойга қараб турган эди. «У ёрим эса менинг кўзим билан ойни мажозан кўрди», яъни ёрини ҳақиқий ой, ойни эса мажозий ой, деб айтмоқчи.)

Ким шунга ўхшаш ҳолатларни билмаса, араб тилида кўплаб  тушунмовчиликка дуч келади. 

Шунга ўхшаш ҳолат мўминлар амири Валид ибн Абдулмаликда содир бўлган эди. Унга аъробий келганда, унга "ما شانَك" (сизни нима айбли қилди) деди. У: «Бўксамдаги артрит ва кўзимдаги заифлик», деб жавоб берди. Шунда унга Умар ибн Абдулазиз: “Амир «сиздан нима ишингиз бор» (ما شأنُك) деб сўраяпти”, деди. У: «Аҳли-оиламга озиқ-овқат сўраб келдим», деди. 

Ёнидаги кимлигини сўраганида, куёви эканлигини айтди. Шунда унга: "ومن ختنَك" (Сизни ким хатна қилган) деди. У: «Чўлдаги бир ҳижомачи», деди. Умар ибн Абдулазиз: “Амирул муъминийн «куёвингиз ким» (ومن ختنُك) демоқчи”, деди. Шунга ўхшаш лаҳнлар кўп бўлган.

Айтилишича, Умар ибн Абдулазиз масжидда бўлганида, Валид хутба қилиб, (يا ليتها كانت القاضية) деб охирини рафда ўқиди (оят). (Шунда маъно «қани эди ўлим бўлса, қани эди ўлсам» бўлиб қолади.) Умар ибн Абдулазиз: «Мен уни ростан хоҳладим», деди. Уни шундай ўқиганида ўлишини хоҳлади!

Сибабайҳ (машҳур наҳв олими) наҳвни ўрганишининг сабаби шундай: У бошида ҳадис ривояти билан машғул бўлади. Лекин у 

“ما من أصحابي إلا من شئت لأخذت عليه إلا أبا الدرداء”

 (Асъҳобларимдан барчасини бирор нарсада айблашим мумкин, илло Абу Дардо бундан мустасно) ни, “ليس أبو الدرداء” деб ўқийди. Уни шериклари лаҳн қилганини айтиб, устидан кулишди.

Шундан кейин у ҳадис ўқишдан бурилиб, тилшунослик илми билан шуғулланди. Кейин «Ал-Китоб»ни (наҳвдаги энг машҳур асар) ёзди. Шундан сўнггина ҳадис ривоят қилди.

Шунинг учун ҳам Имом Молик роҳимаҳуллоҳ Халил ибн Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан наҳвни ўрганган эди. Унинг ҳузурида бир ҳафта ўтириб, наҳвни мукаммал ўрганиб чиққан эди.

Шофеъий роҳимаҳуллоҳ эса илм билан токи Ҳузайл қабиласида яшагунга қадар шуғулланмаган эди. У уларнинг шеъридан йигирма минг байт ёдлаган эди.

Юқорида келтирган мисолларимиздан маълумки наҳв илми инсон ҳаётида қанчалик аҳмиятга эга бўлган ва ҳали ҳанузгача ўша аҳамиятини йўқотмаганини гувоҳи бўламиз. Яна улуғларимиз: «Кимки наҳв илми билан қуролланмаган экан, кўпгина масалаларни тушунмайди ҳам, уларда фатво ҳам бера олмайди»-дейишган. Шундан маълум бўладики, дин илмини ўрганадиган инсон аввало араб тили грамматикасини яхши ўрганмоқлиги лозим. Агар араб грамматикасини яхши ўрганмаса юқоридаги каби ихтилофли масалаларга сабабчи бўлиб қолади.

 

Ярашев Хабиб – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar