ОЙЛАР СУЛТОНИ
Муборак Рамазон ойи бизнинг ўлкамизга ташриф буюришига саноқли кунлар қолди. Бу муборак ойни ҳақиқий мўмин кишилар ўзгача бир соғинч ва хурсандлик билан кутиб оладилар. Айниқса, саҳарлик ва ифторлик вақти ҳар бир оилага ўзига хос қувонч улашади. Аллоҳ таоло бандаларига ушбу рўза ойида еб-ичиш ва бошқа лаззатлардан нафсини тийишга буюради ва бандалари эса бундан хурсанд бўлишади. Мана шу бир ой ичида банда энг олий фазилат бўлмиш сабр қилишни ўрганади. Чунки нафсининг ҳар хил хоҳишларидан сабр қилади, ён-атрофдаги содир бўладиган ҳар қандай вазиятларга сабр қилади. Шунинг учун бу ойни сабр ойи ҳам деб атайдилар.
عن رجل ، من بني سليم ، عن النبي صلى الله عليه وسلم قال : « الصِّيَامُ نِصْفُ الصَّبْرِو الصَّبْرُ نِصْفُ الإِيمَانِ»
“Рўза сабрнинг ярмидир ва сабр эса иймоннинг ярмидир”
Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади:
قُلْ يَا عِبَادِ الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا رَبَّكُمْ لِلَّذِينَ أَحْسَنُوا فِي هَذِهِ الدُّنْيَا حَسَنَةٌ وَأَرْضُ اللَّهِ وَاسِعَةٌ إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ
“Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: Парвардигорингиздан қўрқинг! Бу дунёда хайрли амал қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат – жаннат) бордир. Аллоҳнинг ери кенг. Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур”[1]
Ушбу муборак ойда жуда кўп маънавий озуқа оламиз, айниқса, иссиқ кунларда, ҳақиқий чанқоқлик ҳиссини сезиб, сабр қилишни ўрганамиз. Нафсимизнинг хархашаларига сабр қилиш, нотавонларнинг маломатига сабр қилиш каби йил давомида бизни синовлар чулғаганда, айнан бу ойда эришган сабрли бўлиш неъматимиз бизга асқотади. Ушбу оятда муфассирларимиз: “Албатта, сабр қилувчиларга” деган калимадаги сабр қилувчилар аввало рўзадорлар назарда тутилишини айтганлар.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ يُضَاعَفُ الْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى مَا شَاءَ اللَّهُ يَقُولُ اللَّهُ إِلاَّ الصَّوْمَ فَإِنَّهُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِى ».
“Одам боласининг ҳамма амали савоби кўпайтириб берилади. Бир яхшиликка унинг 10 мислидан то 700 баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Бандамнинг ҳамма амали ўзи учун фақатгина рўзаси Мен учундир. Унинг мукофотини Мен ўзим бераман. Одам боласи шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилади”.
Аллоҳ таоло ҳар бир балоғат ёшига етган мусулмон эркак ва аёлдан агар сени бандам дейишимни истасанг, 5 маҳал намоз ўқи, Рамазонда тўлиқ рўза тут ва молиявий имкониятингни кўпайтирганимда 40/1 улушини ҳақдор фақир-мискинларга бер ва яна имкониятинг қолса байтимни зиёрат қил”, дея мурожаат қилди. Бизларга Аллоҳнинг бандаси, У зотнинг қули эканлигимизни намоён қилиш вақти келмоқда. Хўш нима учун айнан банда ўрнига қул сўзини таъкидлаб айтдик. Дарҳақиқат, банда дегани бу қул дегани. Аллоҳ таоло бизларнинг Яратувчимиз биз унинг қулларимиз. Аммо айримлар борки, Ўзнинг Яратувчисига шерик келтиради. Оқил, доно мусулмон фақат Аллоҳ таолога бандачилик қилиши лозим. Лекин баъзилар Аллоҳ билан бирга ўзининг мансабига қул, яъни тўғрироқ қилиб айтганда ўзининг курсисига қул. Унинг курсиси унга ўтиришлик учун нимани тақозо қилса, шу ишни сўзсиз бажаради. Ёки баъзилар ўзининг обрўйига қул. Нима бўлса ҳам обрўйига путур етмасин. Ёки баъзилар қўлидаги пулларига, қилаётган тижоратига банда. Бозорда турганида ҳам пулни ўйлаб пулга нисбатан хушуъ қилиб ўтиради, яна намозда ҳам турганида уни у ёққа, буни бу ёққа қилиб туради.
Мана азизлар, бир ўйлаб кўрайлик: Қайси бирларимизни Аллоҳ бандам дейди, қайси бирларимизни мансабимиз бандам дейди, қайси бирларимизни шон-шуҳратимиз бандам дейди, қайси бирларимизни молу дунёмиз бандам дейди. Мана шу муборак ойдан ажратиб олайлик. Биз кимга бандачилик қилишимиз зарур.
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шайтонинг йўлларини торайтиринглар” деганларида. Саҳобаи киромлар: “Қандай қилиб бизларни шайтонинг йўлини торайтиришимиз мумкин?” деб сўраганларида. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фақат очлик билан”, деб марҳамат қилдилар.
Мана шундай муборак ой келмоқда. Шундай экан, азизлар, бу ойни мушкоқлик билан қаршилайлик, унга тайёр бўлайлик. Аллоҳ ҳаммамизга шайтоний йўлларни ҳақиқаттан ҳам торайтиришликка Ўзи мададкор бўлсин. Кириб келаётган Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин.
Низомиддинов Ҳошимжон - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
[1]Зумар 10
Izohlar