05.03.2024

РЎЗА ТАРИХИ ҲАҚИДА

Аллоҳ таоло Қуръони каримда рўза ҳақида шундай мархамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ (183) أَيَّامًا مَعْدُودَاتٍ فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ وَأَنْ تَصُومُوا خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ (184)

 

“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли)тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки, бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара,183,184).

Мазкур ояти карималардан маълум бўладики, Аллоҳ таоло биздан олдин ўтган умматларга ҳам рўзани фарз қилган. Бу фарз хадиси шарифда ҳам ўз тасдиғини топган. Зеро, унда айтилишича, Аллоҳ аввал яҳудийларга рамазон ойида рўза тутишни буюрган. Улар рўза йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келгани учун, кўп ва қаттиқ қийналдик деб, бошқа ойга кўчирганлар. Нафслари Худо буюргандек бирон нарса тановул қилмай рўза тутишга буйсунмаган. Натижада, гўшт каби нарсалардан ўзларини тийиб, рўза тутишга одатланганлар. Худо кейинчалик насронийларга ҳам рамазон ойида ана шундай рўзадор бўлишни буюрган. Афсуски, улар ҳам бу ойнинг энг иссиқ кунларга тўғри келгани ва бошқа баҳоналар билан рўза ойи ва тартибларини ўзгартирганлар. 

Бу ҳақда “Тафсири Жалолайн” муаллифи шундай деган: Хазрат Ибн Абу Хотим (р.ҳ.) ибн Умар (р.а.) дан ривоят келтирадилар: ул зот шундай деганлар. Рамзон ойи рўзасини Аллоҳ сизлардан олдинги умматларга ҳам фарз қилган эди. Баъзи олимлар наздида қандай бўлса ҳам рўза тутишни Худо буюрган, аммо вақтини ва миқдорини белгилаб бермаган эди, деганлар. Рўза сўзининг маънолари ҳам шундан далолат беради. Шунинг учун Хазрати Одам (а.с) га Байз кунлари, Мусо (а.с.) нинг қавмларига эса ашуро кунлари рўза тутишни буюрди.

Рамазон арабча “ар-рамад” деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда исиб, қайнаб кетишини англатади. “Ар-рамдо” эса, қуёш оламни тандирдек ловуллатиб қиздиришини билдиради. Мана шундай иссиқда  қолиб кетган подадаги мол-қўйларнинг жигарлари қуриб, улар тезда халок бўлади. Шунинг учун араблар “офтоб уриши” ни “рамадатул-ғанам” (чорванинг куйиши) дейдилар. 

Бу ҳақда Имом Замахшарий мана бундай деганлар: “Ҳар бир ойни номлаш вақтида шу ойдаги бирор белги билан ёки ўзига хос хусусият билан номига аҳамият қилганлар. Рамазон ойи эса йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келган. Шунинг учун уни жуда иссиқ, жазирама маъносида рамазон деб атаганлар”. Рамазон дейилишига сабаб, бу ойда гуноҳлар куйдирилади, ёндириб йўқ қилиб юборилади. Уни ёндириб, кул қиладиган нарса солиҳ амаллардир.

Мўътабар китобларда жаноб Пайғамбаримиз с.а.в. дан: ҳар бир кун Аллоҳнинг куни, ой эса Аллоҳнинг ойи, йил Аллоҳнинг йилидир, деган хадиси шариф ривоят қилинган. Аммо баъзи ой ва кунларни Унинг ўзи азиз ва мўътабар қилгани маълум. Ойларнинг фазилатини баён қилар эканлар, жаноб Расулуллоҳ с.а.в. Ражаб Аллоҳнинг ойи, Шаъбон менинг ойим, Рамазон шариф эса умматимнинг ойидир, деганлар. Рамазон шарифнинг келишига хурсанд бўлган кишининг гуноҳлари кечирилади. 

Бир куни Расулуллоҳ с.а.в. жума хутбасини ўқиш учун минбарга кўтарилаётганларида уч марта “омин” дедилар. Бу “омин” ларнинг сирини сўраганларида, жаноб Расулуллоҳ с.а.в.: “Минбарга чиқаётганимда биродарим Жаброил Амин (а.с.) келдилар ва қулоғимга: “Рамзонга соғ-саломат етиб келиб, имкониятлари бўла туриб, гуноҳларидан янги туғилган гўдакдек пок бўлмаган кишининг бурни ерга ишқалсин” -дедилар. Мен “омин” дедим. Кейин: “Ота-онасини ёки уларнинг бирини ёши улуғликка етганда топса-ю, уларнинг хизматини қилиб, розилигини олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”-дедилар, мен яна “омин” дедим.

Кейин яна: “Сизнинг муборак номингизни эшитиб, саловат айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”,-дедилар. Мен яна “омин” дедим”. 

“Бурни ерга ишқалсин” нинг маъносини: эртага кўп афсус ва надомат чексин, маҳшаргоҳда шарманда бўлсин ҳамда ҳижолатга қолсин деб таъвил қилиш мумкин. 

Биз уммати Муҳаммадияга эса рамазон ойининг рўзаси фарз қилинди. Бу эса ҳижротнинг иккинчи йилида шаъбон ойининг сешанба кунида фарз бўлган эди.

 

Довутов Саййидбурхон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar