РЎЗАНИНГ МОҲИЯТИ (1-қисм)
Рўза ойида рўза тутишлик иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, рўза тутишнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан:
Рўза тутган кишининг тақвоси ошади.
Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятнинг охирида: “шоядки, тақво қилсангиз”, деган. Аллоҳ таолонинг “шоядки” дегани “албатта, албатта” маъносидадир.
Қадимдан барча уламолар ва ҳукамолар бу ҳақиқатни такрорлаб келганлар. Ўзини билган ҳар бир рўза тутувчи ҳам бу ҳақиқатни жуда яхши билади.
Шу билан бирга, бу ҳикматни тарғиб қилувчилар қаторига, кейинги пайтларда, кишиларни очлик йўли билан даволовчи табиблар ҳам қўшилдилар. Уларнинг таъкидлашича, ихтиёрий оч қолиш, яъни рўза тутиш ила инсонда Аллоҳдан қўрқиш, У зотни доимо ҳис этиб туриш, хуллас, тақво ҳисси пайдо бўлади ва ортади. Ҳозирги оч қолдириб даволовчи табибларнинг энг машҳурлари ичида мусулмони йўқ ҳисоб. Лекин улар дунёдан ўтган машҳур кишилар, Мусо ва Исо алайҳиссаломлар ҳам ихтиёрий оч қолиш йўли билан олий руҳий мақомларга эришганларини, ҳозирда ҳам ким тақводорликка эришиш нияти бўлса, албатта, рўза тутиши зарурлигини таъкидламоқдалар.
Очлик билан кишиларни даволаб ном чиқараётган кишилардан биридан “сиз ўз тажрибангизда шу нарсадан топган энг улкан фойда нима?” деб, сўралганда, Аллоҳни ҳис этдим, ибодат қилишга ружуъ, яъни мойиллик, қисқаси, тақводорлик, деб жавоб берди.
Рўзанинг энг гўзал ҳикматларидан бири у туфайли рўзадор соғлигини тиклаб олади.
Бир вақтлар худосизлар рўзани соғлик учун кони зарар, деб эълон қилган эдилар ва одамларни мажбурлаб рўзаларини очтиришар эди. Энди эса, рўза тутиш айнан соғлик учун фойдали экани ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолиш ҳақида кўп гапирмоқдалар. Рўза ўша ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши ва самарали намунасидир.
Рўзанинг фойдаларидан яна бири ҳавои нафсни синдиришдир.
Маълумки, ҳавои нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавои нафс инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса, иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучайиб, ҳавои нафсини жиловлаб олишга эришади.
Рўзанинг яна бир фойдаси шайтонга қаҳр кўрсатишдир.
Маълумки, лаънати шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон ёмонликка юрса, шайтон алайҳил лаъна хурсанд бўлади. Яхшиликка юриб, Аллоҳнинг амрини бажо келтирса, у лаъин хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди. Рўза эса айнан ўшандоқ ибодатдир. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳга тақво қилиши билан шайтонга қаҳр кўрсатган бўлади.
Рўзанинг фойдаларидан бири рўзадорнинг қалби мусаффо бўлишидир.
Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун, ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбида Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан. Демак, ким қалби мусаффо бўлишини ҳоҳласа рўза тутсин.
Рўза тутган кишининг тутган рўзаси сабабидан гуноҳлари мағфират қилинади.
Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир.
Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати билан сифатланади.
Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимий тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги билан айнан ўша сифатларга эга бўлади. Демак, ким фаришталар сифатига эга бўлишни истаса, рўза тутсин.
Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг сабр-бардошли киши сифатига эга бўлишидир.
Бу эса ҳар бир инсон учун жуда зарур сифатдир. Ўз ихтиёри билан ўттиз кун турли кўнгли ҳоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши эса, керагича сабр бардошга эга бўлади.
Рўза рўзадорга раҳм-шафқат сифатини шакллантириб мустаҳкамлайди.
Рўза тутган киши ўз ихтиёри билан оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил ҳоҳлайдиган нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиши билан ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағалларга нисбатан раҳму-шафқатли бўлиб қолади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади.
Демак, ким ўзида раҳму-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни ҳоҳласа, рўза тутсин.
Мана шу зикр қилинган нарсалар рўзанинг бу дунёдаги баъзи бир фойдалари, холос.
Рўзанинг охиратдаги фойдалари эса, жуда ҳам кўпдир.
Аллоҳ таоло “Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз” деган.
Бу ояти каримани Аллоҳ таоло “Эй имон келтирганганлар!” деб мўминларга маҳбуб нидо билан бошламоқда. Муҳим ва машаққатли ишни таклиф қилишдан олдин ўзи яхши кўрган ва унинг учун ҳар қандай машаққатни ҳам бўйнига олишга тайёр турган сифатни эслаб қилинган нидо эшитгувчида бўлажак ишга ғайрат билан киришиш руҳини уйғотади.
Аллоҳ таоло ҳам мусулмонларга ўта муҳим ибодат – рўза фарзлигини амр этишдан олдин уларга: “Эй, имон келтирганлар!” деб нидо қилмоқда.
Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло: “Шоядки, тақво қилсангиз!” деб рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён этиб қўймоқда.
Насрулло Тўхтаев – Таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий бўлим бошлиғи
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar