РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ (1-қисм)
Аллоҳ таолога чексиз ҳамд-у санолар бўлсин, оламларга раҳмат қилиб юборилган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва саломлар бўлсин. Мана шаъбон ойи тугаб тез орада барча мусулмонларни соғинтирган рамазон ойи ҳам кириб келмоқда. Шу сабаб бугун сизлар билан ушбу рамазон ойи, ўттиз кун давомида тутиладиган рамазон рўзаси ва унинг фазилатлари ҳақида гаплашамиз.
Маълумки рамазон рўзасини тутиш бу ҳар бир мусулмонга фарз бўлган амал ҳисобланади. Ислом динининг беш рукн(асос)ларидан бири ҳам рамазон рўзасини тутишдир. Аллоҳ таоло ўз каломи бўлмиш Қуръони каримда рамазон рўзаси ҳақида шундай марҳамат қилади:
“Сиздан у ойда ким ҳозир бўлса, рўзасини тутсин!”
Бақара сураси: 185-оят
Рамазон рўзаси тутиш билан инсон ўз нафсини тарбиялайди. Чунки у ойда инсон учун васваса қилувчи фақат нафси қолади. Шайтонлар эса кишанланган бўлади. Нафс тарбияси учун энг яхши имкон рамазон ойида десак муболаға қилмаган бўламиз. Айтишингиз мумкин, нега айнан рамазон рўзаси билан нафс тарбияланади? Бу ҳақда Имом Ғаззолий ўзининг “Иҳё-у улум ад-дийн” (Дин илмини тирилтириш) китобининг “очликнинг сирлари” бўлимида қирқта хислатни зикр қилган. Улардан бирида “Аллоҳ таоло нафсни турли азоблар билан азоблади. Сўнгра Аллоҳ таоло ундан сўради. – мен кимман? Нафс эса, - мен кимман? деди. Ҳатто Аллоҳ таоло нафсни очлик билан азоблади. Нафс, эй Аллоҳ сен менинг роббимсан, сени поклайман. Сен ягона, қаҳҳор зотсан, -деди.”
Қуйида яна рамазон рўзасининг бошқа фазилатлари ҳақида билиб олишингиз мумкин.
1. Рамазон ойларнинг султонидир. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар. Бу ҳақиқатни қуйида келадиган сатрлар ҳам тасдиқлайди.
2. Рамазон Қуръон ойидир. Ҳа, Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби, Қиёматга боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиз каломи Қуръони каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир. Аллоҳ таоло айтади:
«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир» (Бақара, 185-оят).
«Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик» (Қадр, 1-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Қуръонни аввал Лавҳул-маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилган ва бу Рамазон кечаларидан бирида – Қадр кечасида бўлган. Вақти-соати келиб, Қуръоннинг Ер юзига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга икки бора ўқиб берганлар. Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бу муборак хатмга гувоҳ бўлганлар. Бу хатм манбаларда «арзаи охир» - «сўнги ўқиб ўтказиш» деган ном билан машҳурдир.
Мирзаев Аслиддин – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-босқич талабаси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar