06.03.2024

РЎЗАНИНГ МОҲИЯТИ (2-қисм)

Рўза ҳавои нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади. Рўза нафс балосидан қутилиб, Аллоҳнинг тоатига холий ажраб чиқишга ёрдам беради.

 Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани тақво, деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.

Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин”.

 Бундан аввалги оятда рўза “саноқли кунлар” фарз қилингани айтилган эди. Бу оят ўша “саноқли кунлар” рамазон ойи эканини баён қилаяпди. Айни чоғда, рамазон ойининг фазли ҳам зикр этилаяпди.

  Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари мадҳлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббил Оламийннинг ўз каломида айтган мадҳидир. Бу рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидаги таърифдир.

 Аллоҳ таоло ўзининг абадий мўжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони каримни тушириш вақти қилиб, Рамазони  шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарганидан далолат. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида фарз қилмоқда.

“Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин”. Ким Рамазон ойида соғ-саломат етса, унинг янги ойнинг шоҳиди бўлса ёки Рамазон ойи бошланганининг хабари етса, рўзасини тутсин. Бу фармон умумийдир, лекин одамларда янги умумий фармон тушди, ким бўлишидан қатъий назар, ҳамма рўза тутиши фарз экан, деган фикр чиқмаслиги учун ушбу ҳукмдан истисно қилинганлар яна бир бор зикр этилмоқда.

 Мазкур оятлардан биламизки, Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳар бир иймонли зот учун фарздир. Бу фарзни инкор этиб, Рамазон кунларининг бирон лаҳзасини узрсиз рўза тутмай ўтказса бўлаверади, деган одам кофир бўлади.

 Рўза тутишлик аввалги динларда ҳам бўлган. Дарҳақиқат, синчиклаб ўрганиб чиқилса, барча динларда, ҳатто самовий эмас, сохта динларда ҳам рўза тутиш бор. Бинобарин, рўзани инкор қилган киши ҳамма динларни инкор қилган бўлади ва у одамийлик доирасидан чиқади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур.Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди”, дедилар. (Насоий ва Байҳақий ривояти).

 Ушбу ҳадисдан биламизки, Рамазон ойи муборак ойдир, бошқа ойларнинг бирортаси бу сифат билан васф қилинмаган. Рамазон ойининг ўн икки ой ичида энг афзали, энг баракалиси, энг улуғидир. У ўн икки ойнинг султонидир. Ўша ойда осмоннинг эшикларидан Аллоҳнинг раҳмати, хайр баракаси ёғилур. Раҳмат фаришталари тушур. Бандаларнинг тутган рўзалари, қилган яхши амалларининг савоблари чандон-чандон кўпайиб осмонга кўтарилур.

 Ўша муборак ойнинг ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилиб, унга кириш вақтинча кечга сурилур. Кишиларга Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, уларга яхши имконлар яратилиб берилур. Рўза тутиб, ибодат қилган кишилар жаҳаннамдан қутилур.

Рамазон ойи шарафидан ўзбошимча шайтонлар кишанланиб, рўза тутган мўминларни васваса ва иғво қила олмай қолишади. Рўзадорлар бемалол хайрли ишлари ва ибодатларини қиладилар. Яна бу ойда бир кеча бўлиб, у Қадр кечасидир.Ундаги ибодат яхшиликларга бериладиган савоб ва хайр-баракалар шу даражада кўпдир. Ким ўша муборак кечани уйқу билан, беҳуда ўтказса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.

Бу ҳадиси шарифда ҳаётимизда амал қилишга бошлашимиз, муборак Рамазон ойидан тўла фойдаланишга ўрганишимиз лозим. Рамазони шариф кунларини рўзадор, тунларини бедор бўлиб, ибодат билан ўтказишимиз керак. Қадр кечаси ҳам беҳуда ўтмаслиги лозим.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен “Эй Аллоҳнинг расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг” дедим. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир” дедилар. 

Демак, ким Аллоҳ томонидан бериладиган кўпдан-кўп манфаатларга етишмоқчи бўлса, кўп рўза тутмоғи керак. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон яхши тушиниб, амал қилмоғи лозим.

Назр ибн Шайбон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Абу Салама ибн Абдурраҳмонга: “Менга сен отангдан, отанг Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитган Рамазон ойи ҳақидаги нарсани гапириб бер. Ўшанда отанг билан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ораларидан ҳеч ким йўқ экан” дедим. “Ҳа отам менга: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен эса, сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Ким иймонла, савоб умидида унинг рўзасини тутса ва (кечаларини) бедор ўтказса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек бўлиб чиқур” дедилар”деди.

Ушбу ҳадиси шарифдан салафи солиҳларимиз илмга, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир ҳадисга қанчалик эътибор билан қараганликларини кўриб турибмиз. Ул азизларимиз ҳар бир қулай фурсатдан илм йўлида унумли фойдаланишга ҳаракат қилганлар. Биз ҳам улардан ўрнак олишимиз лозим.

Ҳадисдан оладиган бошқа фойдаларимиз:

Рамазон ойи рўзасини тутиш Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган ибодат экани.

Рамазон кечаларини бедорликда ибодат билан ўтказиш Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам жорий қилган суннат экани.

Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон кунларини рўза тутиб, тунларини бедорликда ибодат қилиб ўтказса, гуноҳлари мағфират қилиниши.

Шундай бўлгач бу ҳадисга амал қилишимиз керак. Рамазон рўзасини қолдирмай тутиб, кечаларни қоим ҳолда ибодат қилишига етишишимиз лозим.

 

 

Насрулло Тўхтаев – Таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий бўлим бошлиғи

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar