07.03.2024

РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ (2-қисм)

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».

Ҳадис китобларни ўқисак, рамазон билан Қуръонни эгиз шафоатчи тарзида тасвирланганини кўрамиз. Имом Аҳмад ва Абу Фазлларнинг ҳадис тўпламларида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: «Эй Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Бас, иккови ҳам шафоат қилади», деганлар». 

Ана шундоқ қилиб, бу ой илоҳий тасарруф орқали Ислом уммати учун Қуръон ойи қилиб берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан тортиб бугунги кунгача бу ҳолат бутун мусулмон оламида анъана тарзида муваффақиятли давом этиб келмоқда. Саҳобаи киромлар ва тобеинлар Рамазонда Қуръон тиловатига алоҳида эътибор берар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга Рамазонда таровеҳда Қуръонни одамларга хатм қилиб беришни топширганлари ҳам бежиз эмас эди. Буюк тобеин Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи Рамазон ойи ичи барча ибодат ва вазифаларини тўхтатиб, Қуръон ўқиш билан машғул бўлар эди. Ҳозирда кўплаб мусулмон юртларида маҳаллий ва халқаро Қуръон мусобақаларини Рамазон ойида ўтказиш урф бўлган. Бизда ҳам «Хатми Қуръон» деганда Рамазон, «Рамазон» деганда Хатми Қуръон ёдга тушадиган бўлиб кетган.

3.   Рамазон Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир. 

Имом Бухорий ва Муслим Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир эшик бор, уни «Райён» деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. «Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киришгач, у беркитилади. Кейин ҳеч ким ундан кирмайди», дедилар».

4.   Рамазон билан хушхабар берилади, табрикланади, унга ошиқланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини интиқлик билан кутар, унинг яқинлашганини кишиларга эслатиб турар ва саҳобаи киромларни у билан табриклаб, муносиб тайёргарлик кўришга чорлар эдилар.

Имом Байҳақий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ражаб ойи кирганда: «Аллоҳим, бизга Ражаб ва Шаъбонда барака бергин ҳамда Рамазонга етказгин», дер эканлар.

Имом Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга Рамазон кириб келди, муборак ой. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди», дедилар».

 

Мирзаев Аслиддин – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-босқич талабаси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar