09.03.2024

РАМАЗОННИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗМОҚ КЕРАК?

Биз умматга Рамазон рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз ва рамазон кечаларини қойим қилишни бизларга суннат қилган суюкли пайғамбаримизга дуруду саловатлар бўлсин. Пайғамбар алайҳиссалом саҳий эдилар. Рамазон ойлари кирганда эса саҳийлиги яна ортиб кетарди. Қуръон қироатини кўпайтирар, доимгидан ҳам ибодатлари кучайиб кетар эди. Биз уммат ҳам пайғамбар алайҳиссаломнинг гўзал ахлоқларини ўз ҳаётимизга дастуруламал қилиб олишимиз айни вазифамиз ҳисобланади. Уламоларимиз Рамазон ойини қандай ўтказиш ҳақида кераклича тавсиялар бериб ўтганлар. Улар қуйидагича:

1. Рамазон тунларини бедор ўтказиш. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рамазон кечаларини  иймон ва савоб умидида намоз ўқиб бедор ўткизган кишининг гуноҳлари кечирилади»   (Имом Бухорий ривояти).

2. Мискинларга таом улашиш. Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Инсон сураси, 2-7 оятларида шундай марҳамат қилади:

«Ўзлари суюмли (яъни муҳтож) бўлишларига қарамай мискин, етим ва асирларга таом берадилар ва  биз сизларга  Аллоҳнинг юзи учун таом берамиз. Сизлардан мукофот ва миннатдорчилик истамаймиз. Бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (дахшатли азобидан юзлар) тиришиб, буришиб қоладиган бир Кундан қўрқамиз – дедилар».

3. Рўзадорларга ифторлик бериш. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўзадорга ифтор  берган кишига  рўзадорнинг савобининг мислича савоб берилади ва рўзадорнинг савоби ҳеч ҳам камайтирилмайди» (Насоий ривояти).

4. Кўпроқ садақа ва эҳсон қилиш. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли кишилардан эдилар. Хусусан, рамазон ойи келганда у кишининг саховатлари, эсиб турган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлиб колар эди.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Садақаларнинг энг афзали рамазон ойидаги садақадир» — дедилар (Термизий ривояти).

5. Қуръонни кўп ўқиш. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувват (даражаси)га поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди, холос. Қуръон соҳиби қалбида Аллоҳнинг Каломи бўла туриб ғазаб қилган киши билан тортишиши ва жоҳил кишига қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ва Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилган).

6. Қадр кечасини излаш. Аллоҳ таоло  Қуръони каримнинг Қадр сураси, 1-3 оятида шундай дейди: «Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам),  Қадр кечаси нима эканлигини  Сиз каердан ҳам билар эдингиз?! Қадр кечаси минг ойдан яхширокдир». Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида намоз ўқиб ўтқизган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ривояти).

7. Зикр ва истиғфорни кўпайтириш. Аллоҳ таоло Раъд сурасининг 28 оятида марҳамат қилади: «Улар иймон келтирган  ва Аллоҳнинг  зикри ила  қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!». 

Албатта, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис  этадилар. «Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур» (Ҳуд сураси, 3-оят). 

Хулоса қилиб айтганда барча мусулмон аҳли учун Рамазон ойининг ҳар сониясини ғанимат билиш, ибодат қилишга шошилиш, хайрли амал қилишга ошиқиш барча учун айни муддаодир. Бу ой ҳақиқатда барчамиз учун жаннатни вожиб қилиб олишимизга имкониятдир!

 

Турдиалиев Хабибулло – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar