14.03.2024

МАСКАНДА МЎЪТАДИЛ БЎЛИШ ВА ШАРОИТНИ ЯХШИЛАШ(2-қимс)

Барча нарсаларда мўътадиллик дини бўлган Ислом маскан масаласида ҳам мўътадил бўлишга чақиради. Бир тарафдан маскан масаласида ҳаддан ошиб, дабдаба ва фахрланишга ўтиб кетишдан қайтарса, иккинчи тарафдан тарки дунё қилиб, масканга эътиборсиз қарашдан қайтаради.

Маскан инсон ва унинг оиласи қароргоҳи бўлганидан кейин уларга фаровон ва хотиржам ҳаёт кечириш воситаси бўлиши ҳам керак. Турмуш ўтказиш учун зарур бўлган барча шароит инсоннинг масканида муҳайё бўлиши матлуб саналади.

Мусулмонларнинг қурган масканларида юқорида айтилган мулоҳазалар ўз аксини топган. Маскан эгаси, унинг аёли, болалари ва бирга яшайдиган яқинларининг ором олиши, овқатланиши, таҳорат ва ғусл қилиши, меҳмон кутиши ва бошқа зарур фаолиятларни олиб бориши учун керак бўладиган барча шароитлар яратилган бўлади.

Уларнинг масканларида дин таълимоти асосида ҳаёт кечиришга керак бўлган шароитлар ўз ифодасини топган бўлади. Мисол учун, аввалги мусулмонлар меъморлигида уйларнинг энг ҳурматли жойлари – уйнинг тўри меҳроб деб аталган ва қиблага қараган тарафда бўлган. Уйга ташриф буюрган меҳмон ҳам ҳеч кимдан сўрамай қибла қаёқда эканини билиб, ибодатини адо этган.

Уй қуришда унинг ичига бегона кўз тушишини ман қилиш омили ҳам эътиборга олинган. Кўча-кўйдан ўтганларнинг назари хонадон ичига тушмайдиган қилиб режалаштирилган. Ота-оналарнинг ётоқхоналари фарзандларнинг кўз ўнгида бўлмаслиги таъминланган. Шунингдек, эркаклар учун тайёрланган меҳмонхоналар ҳам аҳли-аёлга халақит бермайдиган даражада четда бўлишига алоҳида эътибор берилган.

Ҳозирги уй қуриш режаларида ҳам юқорида айтилган гўзал одатларга амал қилиш мавжуд. Аммо баъзи ҳолатларда билимсизлик ёки эътиборсизлик оқибатида одамлар ўзларига баъзи ноқулайликлар туғдириб олишади ёки масканда етарли шароит яратишга эътибор беришмайди. Мисол учун, баъзи қишлоқ жойларида таҳоратхоналар мутлақо талабга жавоб бермайди. Болаларни чўмилтириш учун, катталарнинг ғусл қилишлари учун ҳам алоҳида шароит йўқ. Бу нуқсонларга барҳам берилиши керак.

Шу сабабли ҳозир маскандаги моддий одоблар ҳақида қисқача тухталиб ўтсак:

Маскандаги моддий одоблар

– Маскан қуришдан ҳаддан ошиб дабдабага берилмаслик ва кимўзарга беҳуда нарсаларни қурмаслик. Мусулмон киши барча соҳалардаги каби маскан қуришда ҳам исломий одобларга риоя қилиши, масканини ҳаддан ортиқ муҳташам ва серҳашам қилмаслиги керак.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар бинода кимўзарга киришмагунча қиёмат қоим бўлмайди», дедилар». Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Демак, бино қуришда кимўзарга бориш, ким баландроқ ва дабдабалироқ қуриши маъносида мусобақалашиш қиёматнинг аломатларидан бири экан. Ўша пайтларда ҳамма ертўла ва капаларда яшаб юрган шароитда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларни айтишлари катта бир жасорат, бу гапнинг орадан ўн беш аср ўтиб, ўз тасдиғини топиши эса мўъжизалари ҳисобланади.

– Маскан қуришда оила аъзоларининг сокинлик топишларини кўзлаш. Зотан “маскан” сўзининг маъноси сокинлик жойини ифодалагани учун ҳам шуни тақозо қилади. Мусулмонларнинг масканлари бегона кўзлардан пана, чинакам хотиржамлик ва осойишталик маконлари бўлиши лозим.

– Масканни динимиздаги эҳтишом, эҳтиром ва бегона кўзлардан сақланиш борасидаги таълимотларга мослаб қуришга ҳаракат қилиш. Бунда оила аъзоларининг кўча-кўйдагиларнинг ўғринча бўлса ҳам назаридан асраниши, ҳатто қўни-қўшниларнинг ҳам ичкарига кўзи тушмаслигининг ҳисоби қилинади. Оиланинг ичида ҳам ота-онанинг ётоқхонаси болалар кўз ўнгидан четроқда бўлишига алоҳида эътибор берилади.

– Масканни оиланинг барча аъзолари ҳузур ила яшашлари ҳамда ибодатларини бемалол адо этишларига хизмат қиладиган этиб қуриш. Бундан инсоннинг ҳузур ила яшашига алоҳида эътибор берилади. Хусусан, таҳоратхона ва ҳаммомларга алоҳида эътибор бериш керак бўлади. Бизда, баъзи жойларда турар жойлар яхшилаб қурилган бўлса ҳам, таҳоратхона ноқулай бўлиши, алоҳида ҳаммом умуман бўлмаслиги бу борадаги камчиликларимиздир. 

– Маскан, ҳовли-ҳарамни чиройли, кўркам ва покиза тутиш лозим. Мусулмон хонадони ҳамма жиҳатдан намунали: тоза, покиза, тартибли, кўркам ва файзли бўлиши даркор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – карамни суяди, сахийдир – сахийликни суяди. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар». Термизий ҳасан санад ила ривоят қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу чақириқлари ҳар бир мусулмоннинг доимо ёдида турмоғи лозим. Ҳовли-жойларимиз, кўча-кўйларимиз, турар жой ва майдонларимиз – ҳамма жойимизни озода ва покиза тутишимиз лозим. Токи кўрган одам ҳавас қилсин. Бошқалар озода жойни кўрса «Бу жойда мусулмонлар яшайди шекилли», дейдиган бўлсин.

Манбалар асосида тайёрланди: “Ижтимоий одоблар” китоби. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф . “Ҳилол-Нашр”, 2016.

 

Мамаюсупов Жўрахон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar