АЛЛОМА АНВАР ШОҲ КАШМИРИЙ НАЗДИДА ИЙМОН ВА АМАЛ
Раддия
Анвар Шоҳ Кашмирий ҳадисларни шарҳлаш жараёнида иймон-эътиқод, ишонч масалаларига тегишли кўплаб мавзуларда ўз қарашларини айтиб ўтган. Жумладан: Аллоҳнинг сифатлари, руъятуллоҳ (Аллоҳни кўриш), Пайғамбаримизнинг мерож кечасида Аллоҳни кўриши, Пайғамбаримизнинг Аллоҳни уйғоқ ҳолда кўргани, иймон ва амал ўртасидаги боғлиқликлар, пайғамбарликнинг якунланиши, қиёмат аломатлари, қабр азоби, шафоат, қодиёнийларга раддия кабиларни келтириш мумкин. Кашмирий ушбу эътиқодий масалаларда мотуридийлик ақидаси асосида жавоб берган. Бу масалалар билан яқиндан танишиш ва улар борасида Кашмирийнинг қарашлари, тутган йўлларини таҳлил қилиш мақсадида ушбу масалалардан бирини кўриб чиқамиз.
Анвар Шоҳ Кашмирий амални иймоннинг бир жузъи эканлиги мутавотир даражасига етган ҳадислар билан собит бўлган бир мавзуъ эканлигини қабул қилади. Фақат унинг фикрига кўра, Қуръоннинг лафзи бу тушунчани очиқ-ойдин ва аниқ равишда белгилаб бермайди. Шунингдек, унинг наздида Қуръонда иймоннинг тасдиқ билан боғлиқлик томонига эътибор қаратилган. Амал ва иймоннинг ўзаро боғлиқлиги, ўзаро муносабати ҳақида тўхталмаган. Эътибор бериладиган бўлса, Қуръонда такрор-такрор иймон қалбга нисбат берилган. Қалбнинг иши эса тасдиқ қилишдан иборат. Кашмирийнинг бу борадаги далили қуйидагидир: “Қуръоннинг кўпгина жойида солиҳ амал қилишни иймон келтиришга боғлаб келинган. Агар иймон ва амал бир нарса бўлганда эди, боғловчи ёрдамида бу икки нарса бир-бирига боғланмасди. Қолаверса, Аллоҳ Қуронда “Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар...” [1.49/9.] оятида осий-гуноҳкор, бўйсунмаган кишиларга ҳам “мўмин” сўзини ишлатган”.[2.131]
Ҳадисларда амал иймоннинг ажралмас бир бўлаги эканлиги инкор этиб бўлмас бир ҳақиқатдир. Бу борада тўртта эътиқодий йўналиш мавжуд. Хорижий, муътазила, муржиа ва аҳли сунна. Хорижий (ёхуд хаворижлар) ва муътазила оқимлари наздида амал иймоннинг бир парчаси ҳисобланади. Амал қилмаган иймондан чиқади. Шундан сўнгра хорижийлар амал қилмаганни кофир деса, муътазила тоифаси, бундай шахсни куфр ва иймон орасидаги бир манзилада деб ҳукм қилган. Учинчи йўналиш бўлмиш муржиалар эса, амалга эҳтиёж йўқлигини, иймон тасдиқнинг ўзи билан тугал бўлишини илгари сурган. Шунда хорижий ва муътазила бир тараф, муржиф тескари тарафда саф тутганлар. Аҳли сунна ва жамоа йўналишидаги уламолар эса, бу икки қараш орасидаги мўътадил бир йўлни танлаган ва амал албатта кераклигини, аммо амал қилмаганни кофирга чиқариш мумкин эмаслиги, балки фосиқ, гуноҳкор сифатида ҳукм қилишга қарор қилишган. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ушбу тўртинчи йўналиш бўлмиш аҳли сунна ва жамоа ичида ҳам икки хил қараш ривожланган. Кўпчилик муҳаддислар иймонни амалдан эканлигини айтишса, Имом Аъзам Абу Ҳанифа каби фақиҳ ва мутакаллимлар амал иймоннинг таркибига кирмаслиги таъкидлаганлар. Бу иккилик аслида лафзий бўлиб, улар амалий жиҳатдан бир йўналишни ташкил қилади. Зеро икки гуруҳ ҳам иймонни тасдиқ қилмаган кофир бўлишини, амал қилмаган киши эса, фосиқ бўлишига иттифоқ қилишган. [2.128-129; 3.159]
Ушбу мавзуда салафийлар бир бўлак нарса тўлиқ нарсага нисбат берилганлиги ёки кейин келган олдингисига нисбат берилганлиги каби амални ҳам иймоннинг бир жузъи ҳисоблашади. Салафийлар бу билан ҳадисда амалнинг иймоннинг бир жузъи эканлигини қиёслаш йўли билан тушунишган бўлсада, аммо Қуръоннинг бу масъалага бошқача муносабатда эканлигини ҳам унутмасликлари керак бўлади. Зеро Қуръонга эргашиб, ҳадисларни таъвил қилиш ниҳоятда тўғри бир йўлдир. Шунга кўра, ҳадисларнинг ўзидан далил олган аҳли ҳадислар амални иймоннинг бир бўлаги ҳисоблаган бўлишса, Қуръонга эргашган Имом Абу Ҳанифа каби уламолар амални иймонннинг бир жузъи ҳисобламаган. [2.132]
Қуръоннинг бу борадаги муносабатини билдирган Кашмирий ҳадислардаги нисбат беришларни қуйидагича изоҳлайди: Худди дарахт илдизидан, мева эса дарахтдан келиб чиққани каби, амал ҳам иймондан келиб чиқади. Иймон бошланғич, амал эса охиридир. Иймон билан амалнинг нисбати тўлдирувчи билан мукаммал нарса орасидаги нисбатланиш каби эмас. Чунки амал иймонни тўлдирадиган бир унсур эмас. Кашмирий амал ва иймоннинг боғлиқлигини жузъ (қисм, бўлак) ва кул (бутун) нарсалар ўртасидаги боғлиқлик эмас, балки асл (асосий) ва фаръ (икккиламчи) нарсалар ўртасидаги боғлиқлик деб ҳисоблайди. Кашмирийнинг фикрича иймоннинг дунёдаги аҳамияти эътиқод билан боғлиқ бўлса, охиратга боғлиқлиги иймон, амал ва ахлоқ орқали юзага чиқади. Иймон, амал ва ахлоқ бир жойга жамлангач инсон жаннатга киришга ҳақли бўлади. [2.192; 4.87]
Анвар Шоҳ Кашмирий иймоннинг кўпайиши ё камайиши борсидаги “Фиқҳул акбар”даги гапларга муносабат билдирмаган. Чунки унинг наздида бу китоб имом Абу Ҳанифага тегишлилигида қатъий хулосага келмаган. Шунинг учун Ибн Абдулбаррнинг келтирган нақлини қабул қилган, чунки у ўта синчков тадқиқотчи бўлган. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ибн Абдулбаррнинг китобида иймоннинг камайиш ёки кўпайиши борасидаги гаплар имом Абу Ҳанифага эмас, балки Ҳаммод ибн Саламага тегишли. У бу борада Имом Тоҳовийнинг “Ақидатут-тоҳовий” асарини ўлчов сифатида қабул қилган. Чунки бу китоб имом Абу Ҳанифа ва имом Абу Юсуфнинг қарашларини баён қилган. [5.241]
Хулоса қилиб айтганда, Кашмирий иймоннинг кўпайиш ва озайиши мавзусида Қуръонда келган лафзларни ҳал қилувчи ҳисоблаган, ҳадисдаги сўзларни эса Қуръонга мослаб таъвил этган ва буни энг тўғри ва саломат йўл эканлигини уқтирган. Шунга кўра, иймон бир бутун нарса бўлиб, амал унинг бир бўлаги эмас, балки иймон асл, ўзак, асосий, бирламчи нарса бўлса, амал фаръ, шаҳобча, иккиламчи нарса. Яъни иймон асосий бўлгани учун амал қилмаётган одам ҳам мўъмин ҳисобланади ва унга мусулмонлик муомаласи қилинади. Охиратда эса, амал унинг жаннатдаги ўрнини белгилаб беради. Унинг бу хулосаси аксар ҳанафий-мотуридий олимларнинг ҳам қараши ҳисобланади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР
- Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси. – Т.: “Ҳилол нашр”, 2018. – 632 б.
- Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий. “Файзул борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий”. Дарул иҳяи-т-турос ал-арабий. Байрут, 2005.
- Иброҳим Анар. “Анвар Шоҳ ал-Кашмирийнинг ҳадисчилиги”. Караман ўғли Меҳметбей университети, ижтимотй фанлар институти. Караман, 2020. 186 б.
- Муҳаммад Абдуллоҳ Ансорий. “Аш-шайх Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий ароуҳул иътиқодийя”. Уммул қуро университети, Макка 2000. 400 б.
- Сердар Мурат Гурсес. “Ҳанефий-селефий шерҳ геленейи ачисиндан Кешмиринин ал-Арфу-ш-шазий ва Мубарекфурийнин “Туҳфетул аҳвезий” исимли эсерлеринин каршилаштирмаси”. Инўну университети. Малатя, 2018. 300 б.
Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar