19.03.2024

МАМЛУКЛАР ДАВЛАТИ ВА АМИР ТЕМУР ЎРТАСИДАГИ АЛОҚАЛАР

XIV асрнинг иккинчи ярмида дунё тарихида Осиё, Европа ва қисман Африка ҳудудларида Усмонийлар империяси, Темурийлар, Мамлукийлар давлати, Хитойда Мим сулоласи ва Олтин Ўрда каби энг йирик давлатлар сиёсий кураш майдонига чиқиш жараёнлари юзага келди.

 Ана шундай жараёнда Темурийлар ва Миср мамлукийлари ўртасидаги дипломатик алоқалари бўлиши табиий эди. Бу ҳақида кенгроқ тушунча ҳосил қилиш учун Амир Темурнинг Миср султонлари ва Усмонийлар империяси билан олиб борган элчилик алоқаларини диққатлик билан ўрганиш лозим бўлади. 

Шу нуқтаи назардан йирик исломшунос олимлардан бири Убайдулло Уватов (1940-2020) Миср пойтаҳти Қоҳира ва бошқа жойлардаги кутубхоналарда сақланиб келинаётган ўша мавзуга алоқадор манбалар ва илмий тадқиқотларни қиёсий ўрганиб, Амир Темур ва мамлукий султонлар ўртасида бўлиб ўтган хат алмашинувлар ҳақида бир қанча қимматли маълумотларни тўплаб кенг жамоатчиликка етказди[1]. У киши ўз китобида таъкидлашича, Амир Темур ва султон Барқуқ ўртасидаги илк расмий алоқалар 1385 йилда бошланган. Нисбатан қисқа муддатда – 1386 йилдан то 1405 йилгача Амир Темур ва Миср султонлари Барқуқ ва Фараж, шунингдек, уларнинг Суриядаги ноиблари ўртасида таҳминан 25 маротаба мактублар ва элчилар алмашинуви бўлди[2]

1385 йилнинг ноябр ойида Амир Темур султон Барқуққа ўз махсус элчиларини юборди. Бироқ бу мактубнинг мазмуни ноъмалум қолган[3]. Убайдулло Уватовнинг бу мактублар борасидаги тадқиқотлари жуда аҳамиятли ҳисобланади. У кишининг айтишича, 1386 йилда Қоҳирага Мордин ҳокимининг элчиси келиб, Амир Темурнинг Табризни эгаллагани, султон Аҳмад ибн Увайс эса Бағдодга чекинганлиги ҳақидаги муҳим хабарни берган. Шунда у бир аёлни султон Барқуққа юбориб, вазияитни тушунтирган. Яна шуннгдек, 1387 йилда Қоҳирага Амир Темур Омуд ҳокими Қора Юсуфни тормор этиб, шаҳарни қўлга киритгани ва Қора юсуф қочиб кетгани ҳақида мактуб келган[4]

Мана шу воқеалар жараёнида султон Барқуқ ўз қозилари ва амирлари билан машварат қилди. Унда қўшин зарурати учун вақф ерларидан бир йиллик ҳосилни йиғиб олиш ва маълумот тўплаш учун баъзи йирик амирлар бошчилигидаги уч юз кишини Сурияга юбориш ҳақида қарор қабул қилинди. Шу вақтда Амир Темур қўшинлари томонидан мамлукларга қўшни бўлган давлат ҳудудларига бир неча маротаба қўққисдан ҳужумлар уюштирилди. 1388 йилга келиб илк бор Амир Темур ва мамлуклар қўшинларининг қуролли тўқнашуви содир бўлди. Бунинг сабаби – Сивас туркманлари мамлукларнинг ўзлари устига уюштирган ҳужум туфайли Амир Темурга ҳимоя сўраб мурожаат этганлиги эди[5]. Бу жангда гарчанд Амир Темур қўшинлари кўп бўлса-да Ҳалаб ноиби Ялбуға Носирий бошчилигидаги мамлуклар ғалабани қўлга киритишди. Шу йилнинг охирида Ами Темурнинг ортга қайтиб кетганидан фойдаланиб, Қора Юсуф Табриз устига юриш қилди ва шаҳарни қўлга киритди. Шундан сўнг шаҳарда султон Барқуқ номига хутба ўқиттириб, унинг номидан пул зарб эттирди. Султон Барқуқ унинг бу ишларидан ғоятда шодланди[6]. Орадан беш йил ўтиб – 1393 йилда Амир Темур Бағдодга қайтиб бориши ўртадаги вазиятни чигаллаштирди. Бунинг сабаби Амир Темур Қайсария, Тўқат ва Сивас волийси бўлган Абул Аббосга мактуб ёзиб, уни ўзига бўйсинишини талаб қилди. Бироқ Абул Аббос 1383 йилда султон Барқуқ билан алоқа ўрнатгани сабаб Амир Темур элчилари бошлиқларининг бошини чопиб, кесилган бошларни тирик қолган элчиларнинг бўйнларига осиб, элчиларнинг ярмини Боязидга қолган ярмини эса султон Барқуққа юборди ва икки султонга мактуб ҳам йўллаб, уларни Амир Темурга қарши шошилинч ёрдам кўрсатишларини сўради[7]. 1393 йилнинг октябръ ойида Амир Темур Бағдодда эканлигида қимматбаҳо совғалар ва махсус мактублар билан Сова шаҳри машойихлари ва улуғларидан бўлган шайх Суваҳ бошчилигида элчилар гуруҳини султон Барқуқ ҳузурига юборди[8]. Ушбу элчилар гуруҳи ар-Раҳба шаҳрига етиб келганда шаҳар волийси уларнинг шаҳарга кириши учун султон Барқуқдан рухсат сўради ва келган элчилар билан бирга қуллар, жориялар ва бошқалардан иборат қимматли совға-саломлар ҳам борлигини айтди. Шунда элчиларнинг зиндонга ташланиши ва Амир Темурдан келган совға-салом ва мактубларни подшоҳга юбориши ҳақида султоннинг буйруғи келди. Мактубда волийга давлатларнинг азалий дўстлиги ва низолари ҳақида сўзлаб, ўз даврида Чингизхон наслидан номдор подшоҳ қолмаганлигини зикр қилган. Шундан кейин давлатларда тарқоқлик юзага келганлиги, турли хил тоифа вакилларидан иборат кўплаб подшоҳлар пайдо бўлганлиги, бу нарса жамиятдаги тинчликка раҳна солаётганлиги ҳақида сўз юритиб, икки давлат ўртасида дўстлик муносабатларини ўрнатиш, бундан буён ҳар икки томондан элчилар қатновини жорий этиш, ҳар икки мамлакат савдогарлари учун йўл очиб қўйилиши ва бу нарса халқ осойишталигига ва йўлларнинг эминлигига сабаб бўлиши ҳақида ўз фикрларини айтиб ўтган. Шу билан бирга Мисрга қочиб кетган Амир Темурнинг ашаддий душмани Султон Аҳмад ибн Увайсни мамлакатдан (Миср) чиқариб юборишни талаб қилган эди[9].

 

Нуралиев Умид – Таълим муассасаси АРМ кутубхоначиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] Убайдулло Уватов. Соҳибқирон араб муаррихлари нигоҳида. Шарқ нашриёт-матбаа концернининг бош таҳририяти Тошкент – 1997 

[2] Убайдулло Уватов. Соҳибқирон араб муаррихлари нигоҳида. 91 б.

[3] Мақризий. Ас-Сулук. III, 537 б.

[4] Ибн Ҳажар Асқалоний. Инба ал-ғумр. I, 312 б.

[5] Убайдулло Уватов. Соҳибқирон араб муаррихлари нигоҳида. 92 б.

[6] Ибн Ҳажар Асқалоний. Инба ал-ғумр. I, 347 б.

[7] Ибн Арабшох. Амир Темур тарихи. I, 164-167 б.

[8] Мирҳонд. Равзат ас-сафо. VI, 209 б.

[9] Х. А. Саййид. Қиям. 126 б.

Izoh qoldirish

Izohlar