МАСКАНДА МЎТАДИЛ БЎЛИШ ВА ШАРОИТНИ ЯХШИЛАШ (3-қисм)
Маскандаги маънавий одоблар:
Исломда масканларнинг моддий одобларига эътибор бериш билан бирга уларнинг маънавий одобларига ҳам катта аҳамият берилган. Балки маънавий одобларга бирламчи омиллар сифатида қаралган. Қуйида мазкур одоблардан баъзиларини тақдим этишга ижозат бергайсиз.
– Бирон кишини олдига боришда, муносиб вақтни танлаш ҳам одобдандир. Бу одобга риоя қилишга катта аҳамият бериш керак. Одатда кишилар дам оладиган, уйқуда бўладиган ва шунга ўхшаш уй эгаси учун ноқулай пайтларда бировни уйига чақириб бориш одобдан эмас. Иложи бўлса олдин телефонда гаплашиб, вақтини келишиб олиб борилса, яхши бўлади. Ноқулай пайтда бориш хонадон соҳибига катта машаққат туғдиришидан ташқари, борган кишини ҳам хижолатда қолдириши, ҳатто кўзлаган иши битмай қолишини келтириб чиқаради.
– Бировнинг масканига унинг рухсатисиз кирмаслик. Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз» (27-оят).
Ушбу ояти каримага биноан, бировнинг уйига кирмоқчи бўлган одам уй эгасининг изни билангина ва у ердагиларга салом бериб кириши лозим.
Ушбу оятга амал қилинса, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирилади, шундагина турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларининг ноқулай ҳолда турганларини кўриб қолса, гуноҳ бўлади. Икки томон ҳам хижолатга тушади. Балки, хусумат, уруш-жанжал чиқиши ҳам мумкин. Бордию сизга таниш ёхуд қадрдон одамнинг хонадонига рухсат сўрамай кирсангиз, фитна ёки бўҳтонга учраб қолишингиз, ҳатто айрим ҳолларда ўша оиланинг бузилиб кетишига сабабчи бўлишингиз, энг оддий ҳолатда қаттиқ хижолатликда қолишингиз мумкин. Чунки эр киши бировнинг уйига келсаю уйда эркаги бўлмаса ёки аёл киши келсаю уйнинг аёли йўқ бўлса, шундай ҳолатларда бехосдан уйига кириб келган эр ёки хотин ножўя хаёлларга бориши мумкин. Бундай фитнага сабаб бўлувчи ҳолатлардан доимо узоқ бўлиш керак.
– Бировнинг олдига кириш учун уч марта изн сўрайди, рухсат бўлмаса, қайтиб кетади. Бирор кишини йўқлаб борсангиз, кўча эшиги олдида икки-уч дақиқадан вақт ўтказиб уч марта тақиллатасиз ёки эшик қўнғироғини чаласиз. Шунда ҳам жавоб бўлмаса қайтиб кетиш керак бўлади. Агар бировникига кирмоқчи бўлсангиз, салом бериб уч мартагача киришга ижозат сўрайсиз. Уй эгаси алик олиб, ичкарига таклиф қилсагина уйига кирасиз.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз уч марта изн сўраса-ю, унга изн берилмаса, ортига қайтсин» дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Чунки, уй эгалари бировни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишлари ёки айнан изн сўраётган шахсни қабул қилиш имконлари йўқ бўлиши мумкин. «Изн» деганда уй эгасининг ёки у томондан вакил қилинган шахснинг изни кўзда тутилади. Уйга эга бўлмаган ёки уй эгаси томонидан вакил қилинмаган одамнинг изни ҳисобга ўтмайди.
Изн сўровчи тихирлик қилмаслиги, одоб билан уч мартагача изн сўраши, жавоб бўлмаса, қайтиб кетиши лозим. Изн сўраш авваллари овоз чиқариб чақириш билан бўлган, ҳозирда махсус қўнғироқни чалиш ёки уй телефони орқали бўлиши мумкин.
– Изн сўраётган одам ҳовлига, уй ичига назар солмасдан, бошқа томонга қараб туриб изн сўрайди.
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига изн сўраш учун келди ва эшикнинг тўғрисида туриб олди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига чиқиб: «Бундай турма! Мана бундай тур. Изн сўраш назар тушмаслиги учун жорий қилинган», дедилар».
Шунинг учун изн сўровчи ҳовлига ёки хона ичига назари тушмайдиган бўлиб, эшикнинг ёнида туриши керак. Токи, ичкаридан эшик очилганда унинг назари уй эгаларининг ҳолига тушмасин.
Абдуллоҳ ибн Бишр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикнинг тўғрисида эмас, балки унинг ўнг ёки чап тарафида турар эдилар». Икки ҳадисни Абу Довуд ривоят қилган. Ана шунда изн сўровчининг назари ичкарига тушмайди.
Мамаюсупов Жўрахон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar