ҲАРАМАЙНДА ҲАНАФИЙЛАР ВИТР НАМОЗИНИ ҚАНДАЙ АДО ҚИЛИШАДИ?
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Суюукли Набийимиз Мухаммад мустафо саллололҳу алайҳи васалламга салом ва дуоларимиз бўлсин. Маълумки охирги йилларда Юртимиздаги мусулмонлар Умра хаж сафарига бориб ибодатларини адо қилиб келмоқдалар. Сафарлари даврида баъзи ибодат масалаларида қийинчиликга дуч келишмоқда. Шундай масалалардан бири витр намози бўлиб, Ҳарамайнда витр намозида имомларига иқтидо қилинадими ё ёлғиз ўқийдими? Мазҳаб Уломоларимиз бу борада қандай йўл тутганлар? Ҳанафийлар наздида витрнинг учала ракъати бир салом билан ўқилиши лозим. Яъни икки ракъатдан сўнг салом бериб, яна бир ракъат алоҳида ўқиш жоиз эмас. Лекин қолган уч имомнинг наздида икки ракъатдан кейин салом бериб, сўнг бир ракъатни мустақил бир салом билан ўқиш суннатдир. Икки томонда ҳам ривоятлар ва далиллар мавжуд. Ҳанафий уламоларнинг рожиҳ, яъни қувватли ва фатво берилган қавллари шуки, ҳанафий киши витр намозини икки салом билан ўқийдиган имомга иқтидо қилиб ўқиса, у(ҳанафий)нинг витр намози дуруст ҳисобланмайди. Лекин ҳанафий уламоларнинг тўртинчи табақасидаги энг машҳур фақиҳ имом Абу Бакр ал-Жассос ва аллома Ибн Ваҳбон айтадиларки, ҳанафий кишининг мазкур имом ортида ўқиган витр намози дуруст бўлаверади. Чунки бу масала мужтаҳадун фиқҳ, яъни унда мужтаҳидлар ижтиҳод қилган, лекин қатъий бир тўхтамга келишмаган масаладир.
Рамазон ойида масжиди Ҳаром ва масжиди Набавийда витр намози ҳамиша икки салом билан ўқилади. У ерда таровехдан сўнг витр намози бошланганда ҳанафийларга катта кийинчилик пайдо бўлади. Масжиди Ҳаромда бирор илож қилиб (витрга иқтидо қилмай), тавоф билан машғул бўлиш мумкин. Лекин масжиди Набавийда ҳанафийларнинг жамоатга иштирок этиш ёки иқтидо қилмай ўтириш, ёхуд ўзлари алоҳида намоз ўқишдан бошқа чоралари йўқ. Бунинг, яъни иқтидо қилмай ўтириш ёки ўзи алоҳида намоз ўқиш натижасида эса кишининг амалда бир катта жамоатга хилоф қилаётгани яққол кўзга ташланади. Бундай изтиробли кайфиятга тушган, яъни витрга иқтидо қилмаган ҳанафийнинг ўзи бунинг натижасида катта жамоатнинг ҳайъати ўзгариб, тафриқа (бўлиниш) пайдо бўлаётганини сезади. Шунинг учун ҳанафийларнинг муқаддас Ҳижоздаги имомлар ортида эргашиб ўқиган витр намозлари дуруст бўлади, деб айтишимиз керак. Биз куйида мазкур намозда иқтидо қилишнинг дурустлигига учта далил келтирамиз.
Биринчи далил: Зарурат вақтида мужтаҳиднинг машҳур бўлмаган қавлига амал қилишга рухсат бор. У ердаги, яъни Ҳарамайндаги зарурат ҳаммага маълум. Шунинг учун имом Абу Бакр ал-Жассос ва Ибн Ваҳбоннинг раъйларини ихтиёр қилиб, ҳанафий киши учун муқаддас Ҳижоздаги имомларга иқтидо қилиб витр намозини ўқиш жоиз бўлади. Буни фуқаҳолар қуйидаги лафзлар билан нақл қилганлар.
«Ҳанафийлар наздида витр уч ракъат бўлиб, бир салом ҳамда икки ташаҳҳуд билан машруъ бўлгандир. Ҳа, албатта, ҳанафий киши витр намозида шофеъий имомга иқтидо қилса ва у имом ўзининг мазҳабига кўра иккинчи ракъатда салом бериб, сўнг яна бир ракъат ўқиб, намозни мукаммал қилса, Абу Бакр ал-Жассос ва Ибн Вахбоннинг наздларида унга иқтидо қилган мазкур ҳанафийнинг витри дуруст бўлаверади» («Маорифус сунан»).
«Витрда икки ракъатдан сўнг салом берувчи имомга ҳанафий кишининг иқтидо қилиши жоиз эмас. Лекин имом Абу Бакр ал-Жассос буни жоиз деб айтганлар. Ҳанафий у имом билан бирга қолган ракъатни ҳам ўқийди. У киши (имом Абу Бакр ал-Жассос) наздида имом икки ракъатдан сўнг салом бериш билан намоздан чиққан ҳисобланмайди.
Чунки бу масала мужтаҳадун фийх, яъни унда мужтаҳидлар ижтиҳод қилган, лекин қатъий бир тўхтамга келишмаган масаладир» («Ал-Баҳрур роиқ»).
Иккинчи далил: Ҳокимнинг ҳукми ихтилофни бартараф қилувчи бўлади. У ернинг ҳокими тарафидан икки салом билан витр ўқишга ҳукм буйруқ бор. У ерда яшовчи ханафийларга ҳокимнинг ҳукмига бўйсуниш лозим бўлганидек, турли мамлакатлардан у ерга борувчилар ҳам ўша ернинг қонун ва ҳукмларига бўйсунишга ваъда берадилар. Шу сабабли у ердаги қонунга хилоф бирор иш қилган киши дарҳол ушланади ва жазоланади. Ҳоким икки салом билан витр ўқишга ҳукм қилгач, мазҳаблар орасидаги ихтилофлар тугайди ва ҳокимнинг ҳукмига амал қилиш лозим бўлади. Шунинг учун у ерда турган вақтларида ҳанафийлар учун ҳокимнинг ҳукмига мувофиқ, ўша ернинг одамларига ўхшаб витрни икки салом билан ўқиш жоиз бўлаверади. Зеро, ҳокимнинг мазкур ҳукми шариатга буткул хилоф ҳам эмас. Балки тўрт имомдан учталарининг қавлларига мувофикдир. Буни уламолар қуйидаги лафзлар билан нақл қилганлар. «Мужтаҳадун фийх масалаларда ҳокимнинг ҳукми ихтилофни тугатади, бартараф қилади» («Такмилаи фатҳул мулҳим»).
«Таомулуннос, яъни одамлар орасидаги амал ва урфга қараб ихтилоф кўтарилганидек, ҳукумат тарафидан қонун чиқариш сабабли ҳам ихтилоф кўтарилади» («Такмилаи фатҳул мулҳим»).
Учинчи далил: Аллома Анваршоҳ Кашмирий алайҳиррохма ҳазрат Шайхул Ҳинд Маҳмуд Ҳасан алайҳирроҳманинг раъйлари ҳам имом Абу Бакр ал-Жассоснинг раъйларига мувофиқ эканлигини нақл қиладилар:
«Муқтадийнинг ҳолати эътиборга олинмайди. Мана шу Абу Бакр ал-Жассоснинг ҳам маслакларидир. Салафи солиҳлардан мерос бўлиб келаётганлиги ҳамда фуруъда, яъни фиқҳий масалада ўзаро ихтилофлари бўлсада, улар хеч бир инкорсиз бир-бирларига иқтидо қилаверганлари учун мен ҳам шуни ихтиёр қиламан. Шайхимиз Шайхул Ҳинд Маҳмуд Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳи ҳам Абу Бакр ал-Жассоснинг раъйларини («Витрда ҳанафий киши шофеъий имомга иқтидо қилса бўлаверади», деган фикрлари- ни) ихтиёр қилар эдилар» («Файзул Борий»).
Фойда: Ҳижрий 1418 санада Бомбейнинг «Ҳаж Ҳоус»ида катта семинар бўлиб ўтди. Унда ҳеч бир ихтилофсиз тамоми уламо ва муфтий киромлар ҳам витр намозида ҳарамайндаги имомларга иқтидо қилиш жоизлигига иттифоқ қилдилар. Мадинаи Мунавварадаги буюк ҳанафий олим Ошики Илоҳий марҳум, муфтий Рафиъ Усмонийлар ҳам менинг ёнимда бунинг жоизлигига иттифоқ қилганлар. Аллоҳим барчаларимизга ҳаж ва умра амалларини рисоладагидек бажаришимизга муваффақ қилсин. Ушбу далиллар Устозимиз Шайх Мухаммадсодиқ Мухаммад Юсуф ҳазратларининг «Кифоя»китоби асосида тайёрланди.
Хайрулло Мардонов – Таълим муассасаси Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar