23.03.2021

Мутаассиб оқимлар томонидан илгари сурилаётган ақидавий қарашлар (Ёхуд мусулмонни кофирликда айблаш ҳукми ҳақида)

Бугунги кунда диний ақидапараст оқимлар томонидан ислом динидаги ақида ва тушунчалар бузиб талқин этилиб, нотўғри тушунтириш орқали ўз ғаразли мақсадларига эришиш кўзланмоқда. Ушбу ақида ва тушунчалар қаторида, имон ва унинг шартлари, такфир, жиҳод, худкушликни ҳалоллаш кабиларни мисол келтириш мумкин.

Энг аввало имон ва куфр масаласи бўйича тарихда турли оқимлар томонидан турлича ёндашилганини зикр этиш ўринли. Суннийлик йўналиши олимлари томонидан ушбу оқимлар қарашларининг иллатлари кўрсатиб берилиши билан бирга, ўзаро ҳам жузъий масалаларда унга таъриф бериш ва унинг шартларини баён этишда ихтилоф қилганлар. Умуман, ушбу ихтилофлар асосида кишининг мўмин ёки мўмин эмаслиги, унга имон номини мансуб қилиш ёки мансуб қилмаслик масаласи кабилар юзага келган.

Тарихдан маълумки, илк пайдо бўлган фирқа ва оқимлардан хорижийлар (ажралиб чиққан, исён кўтарган) биринчи бўлиб бу масалани бузиб талқин этганлар. Яъни унга кўра, хорижийлар ўз томонларида бўлмаган мусулмонларнинг барчасини кофирга чиқариб, ўлдириш ҳалол деган қарашга асосланганлар. Улар гуноҳи кабира қилган кишини кофир деганлар. Мўътазила оқими эса гуноҳ содир этган мўминни икки манзила ўртасидаги манзила, яъни мўмин ҳам ҳам кофир ҳам эмас, балки оралиқ ҳолатда деганлар ва охиратда дўзахда бўлади, деган ақидани илгари сурганлар. Бунда улар катта гуноҳларни қилганлар, оралиқ ҳолатда бўлади, деган қоидани ишлаб чиққанлар.

Мана шундай тарзда ислом оламида диндаги асосий масала бўйича баҳс-мунозаралар авж ола бошлади, Мовароуннаҳр ҳам бу тортишувлардан четда қолмади. Сўнг юртимиз олимлари бу борада юзага келган масалаларга ҳанафийлик асосида ечим бера бошладилар. Жумладан, имом Мотуридий (257-333 ҳ.й.) (Роҳимаҳулллоҳ) ўз илмий салоҳияти билан ақидавий масалаларга мукаммал ечимларни берганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Айнан у кишининг қаламига мансуб асарлар кейинги даврларда турли оқим ва фирқаларнинг бузғунчи ғояларига қалқон бўлиб, юртимиз турли оқимларнинг ғоявий таъсиридан омонликка эришди.1

1. У.Алимов “Калом илмининг ривожланиши”, Мовароуннаҳр 63-бет

Имом Мотуридий (Роҳимаҳулллоҳ) ўз давридаги оқимларнинг қарашлари моҳияти, тушунчаларга раддиялар берилиши билан бирга, уларнинг қарашларининг юзага келиш сабаб ва омилларига ҳам тўхталган. Натижада, ислом оламида ягона суннийлик қарашларининг бошқа оқимларга берган мукаммал раддиялари юзага келган. Унинг қарашлари “Китобут-тавҳид” ва “Таъвилоту аҳлис-сунна” асарларида қамраб олинган.

Айнан иймон масаласи бўйича ишлаб чиққан ақидавий тушунчалардан мукаммалроқ қараш имом Мотуридий (Роҳимаҳулллоҳ) ва у кишининг издошлари йўналишига тегишлидир.

Имом Мотуридий (Роҳимаҳулллоҳ) ва мотуридийлик йўналиши уламолари ҳанафийлик анъаналарига мос тарзда, балки ақидавий таълимотни янада ривожлантириб, ҳартомонлама мукаммал тарзда ўз даврларида юзага келган масалаларга жавоб берганлар. Жумладан, ҳанафийлик-мотуридийлик йўналиши олимлари юқорида зикр этилган иймон ва бошқа ақидавий масалаларни Қуръон ва суннага мос тарзда ечиб, жумладан, имон шартига амалнинг кирмаслиги, унинг зиёда ва ноқис бўлмаслигини далиллар билан таъкидладилар. Чунки, қайси бир юртимизда етишиб чиққан соҳа олимларининг асарларини олмасак, айнан ушбу масала бўйича якдил қараш яъни иймон бу – қалб тасдиғи ва тил иқрори эканлиги ҳамда у зиёда ва ноқис бўлмаслиги, амал эса иймондан ташқари нарсалиги таъкидланган.

Авваламбор имом Мотуридий (Роҳимаҳулллоҳ) таъкидланганидек, “иймон” сўзининг маъноси “тасдиқлаш”дир. Шунинг учун имом Мотуридий(Роҳимаҳулллоҳ) энг аввало сўзнинг луғавий маъносидан ташқарига чиқмасликни таъкидлаган, сўнг оятларни келтириб, уларни шарҳлайди. Ҳамда ушбу қарашнинг тўғрилигини исботлайди.

Абул-Муъин ан-Насафий(Роҳимаҳулллоҳ) худди шу каби йўл тутиб, яъни “иймон” сўзининг маъноси араб тилида “тасдиқлаш” эканини зикр этиб, сўнг унинг маъносига амални киритганларга қарата шундай дейди: “агар ҳар бир сўзни луғавий маъносидан бошқа маънога нақл этилаверса, унда Қуръон ва суннада кўп сўзларни бошқа маъноларга ўзгартириш мумкин бўлиб қоларди ва маънолар бузилиб кетарди”. Ҳамда Абул-Муъин ан-Насафий (Роҳимаҳулллоҳ) ўзининг “Табсиратул-адилла” асарида “Аслида имон шартларига амални киритганлар унинг зиёда бўлиши ҳақидаги сўзни ҳам айтмасликлари лозим бўлади. Чунки, улар амалларни ҳам имон деб санаганларидан сўнг, унда ҳеч кимнинг иймони мукаммал, тўлиқ бўлолмайди. Шунинг учун имон шартига амалнинг киритилишини Қуръон ва суннага кўра имкони йўқдир. Яъни имон келтириб ҳали амал қилмай турган кишини куфрга нисбат бериш ҳуқуқига ҳақли эмасмиз. «Аммо Имом Аъзам(Роҳимаҳулллоҳ) билан аҳли сунна вал жамоатдан бўлган имомларнинг(ақида бобидаги) ихтилофлар ҳақиқий ихтилоф эмас. Зеро амални рукн деганлар ҳақиқатан рукн деган эмаслар. Чунки амални ҳақиқатан ҳам рукн дейилса, унда амални тарк этмак билан кофир бўлади деган маъно пайдо бўлади».2

2. “Ақоиди жавҳарийя, баёнуссунна”, 21-бет

Шунинг дек аҳли сунна вал жамоъа олимлари томонидан гуноҳи кабира қилган кишининг имони масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Яъни унга кўра гуноҳи кабира қилган киши то уни ҳалол деб билмагунча кофир бўлмайди балки у бу билан имони йўқ бўлиб, завол топмаслиги, фақат гуноҳи учун гуноҳкор бўлиши айтилган.

Юқоридаги ақидавий масалаларни сузимизнинг дебочаси сифатида келтиришимиздан мақсад ҳозирги кунда мутаассиб оқимлар томонидан “такфир”(истилоҳда мўмин кишини асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш) сўзини бузиб талқин этилиб, ҳақиқий мўмин-мусулмонларни куфрга айблаб уларнинг орасида катта тортишув ва келишмовчиликларни келтириб чиғармоқдалар. Шунинг учун қуйида мазкур ботил ақидапараст оқимларга раддия сифатида ақида бобида асл мазҳабимиз бўлган ҳанафий-мотуридий йўналиши буйича келтирилган масалаларни манбалар асосида эътиборингизга ҳавола этилади. (Иншааллоҳ)

Ҳозирги пайтда жаҳонда кечаётган глобал сиёсий жараёнлар, турли манфаатдор кучларнинг ўз мақсадлари йўлида олиб бораётган геосиёсий ўйинлари оқибатида мустақиллик йўлига ўтган ёш мамлакатларнинг тинчлиги ва хавфсизлиги катта хатар остида қоляпти. Айниқса, халқаро сиёсатда дин омилидан фойдаланишга урғу берилаётгани бу хатарни янада кучайтирмоқда. Мухолифларнинг динимиз асл моҳиятини бузиб кўрсатиш билан ундан ўз манфаатлари ва қабиҳ режалари йўлида фойдаланишга уринишлари тобора авж олмоқда.

Ғарб давлатларининг оммавий ахборот машиналари тинимсиз равишда афкор оммага ислом динини бузғунчилик, қотиллик, ваҳшийлик, зўравонлик дини дея кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Шу жиҳатдан ҳам жамият олдида одамларнинг динимиз қадриятлари билан «Исломни қайта тиклаш шиори» остида муайян кучлар кўзлаётган, динга алоқаси бўлмаган сиёсий ва бошқа тажовузкор мақсадлар ўртасидаги фарқни тушуниб олишларига эришиш зарурати туғилди.

Бу ғаразли ҳаракатлар таъсиридан минтақамиз ҳам четда қолаётгани йўқ. Кейинги пайтларда Марказий Осиё ҳудудида ҳам айрим диний-сиёсий ва экстремистик кучлар динни сиёсийлаштиришга, шу йўл билан одамлар, хусусан, ёшлар онгига таъсир ўтказишга зўр бериб интилишмоқда. “Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда” китобида айтиб ўтилганидай, ….“бу ёвуз кимсалар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзларининг ифлос мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бу эса исломнинг инсонпарварлик ғояларини обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда”.3.

3. И.А. Кримов “Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда” 10-бет

Бундай қабиҳ хатти-ҳаракатларнинг мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигига рахна солиши, миллатлараро ва динлараро бирдамликка путур етказиши, одамларни бир-бирига қарши турли гуруҳларга бўлиб ташлаши, улар орасида фитна ва бузғунчилик ғояларини ёйиши кундай равшан.

Бундай кенг миқёсли ва пухта ўйланган хуружларга қандай омилларни қарши қўйиш мумкин? Бунинг учун энг олдин одамларимизга ташқи бузғунчи кучларнинг дин омилидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳаракатларининг моҳиятини соф диний манбалар асосида очиб бериш керак. Ислом дини зўравонлик, қон тўкиш ёки бузғунчиликка тарғиб қилмаслиги, аксинча, бу дин тинчлик, инсонпарварлик, бағрикенглик, эзгулик дини эканини кенг тушунтириш лозим бўлади. Аслида бу дин ҳар қандай зулм, қотиллик, бировнинг жонига ва молига озор етказишдан бутунлай холи, энг гўзал ва эзгу амалларни бажаришга чақирувчи соф диндир. Бу хусусда ҳадиси шарифда бундай дейилган. “Албатта бу инсон Оллоҳ таолонинг бунёди (махлуқи)дир. Малъундур кимеки, Оллоҳ таолонинг бунёдини вайрон қилса.(бузса)”.

Аммо бугунга келиб буюк аждодларимиз анъаналари унутилди, бир-икки китобни ўқиб олиб, ўзини “мужтаҳид” санайдиган, кишиларни бўлар-бўлмасга кофирга чиқарадиган оқим ва фирқаларнинг вакиллари пайдо бўлди. Бундай оқим ва фирқалар (масалан, “Ат-такфир вал-ҳижра”, “Ҳизбут-таҳрир” «ИШИД» каби) имон ва куфр масалаларида ўта журъатли бўлиб кетишган. Исломни ҳали чуқур ўрганмаган, етарли билим олмаган баъзи ёшларимиз уларга кўр-кўрона эргашиб, залолат ва жоҳиллик йўлига кириб қолишяпти. Шу ўринда “Нега шундай бўляпти? Уларнинг хатоси нимада? Муаммонинг ечими борми?” деган саволлар туғилиши табиий. Ушбу мақоламизда ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Аллоҳтаоло бандаларини сўзларнинг энг гўзалига, фойдалисига эргашишга чақиради: “Бас, (эй Муҳаммад) Менинг шундай бандаларимга хушхабар беринг, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17-18).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда ҳам инсонлар яхши амаллар қилишга, ёмонликлардан қочишга чақирилади: “Мусулмон - қўли ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган киши. Муъмин - бошқаларнинг моли ва жонига тажовуз этмайдиган киши. Муҳожир - гуноҳ ва маъсиятларни тарк этган киши. Аллоҳ йўлида мужоҳид - нафсига қарши курашишга киришган киши»; «Умматим ҳеч қачон залолатда бирлашмайди”; “Инсонларга яхшиликни ўргатувчи кишига Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмон ва Ер аҳллари, ҳатто уялардаги чумолию денгиздаги балиқлар ҳам салавот айтади”4.

4. Тулепов А. Ислом ва ақидапараст оқимлар. –Т.: Шарқ. 2014. –Б.461.

Динимизнинг бу кўрсатмаларидан чекиниб, адашган фирқаларга эргашиб кетган ёшларимиз жоҳилликлари, диннинг асл моҳиятини англаб етмаганлари оқибатида имон ва куфр масаласида бир неча хатоларга йўл қўйишади. Келинг, ана шу хатоларни кенгроқ кўриб чиқайлик:

Бизнингча, улар йўл қўяётган хатоларнинг биринчиси масалага енгил-елпи қараш, шошма-шошарлик қилишдир. Бирор шахс ёки бутун бошли жамиятни куфрда айблаш ёки кофирга чиқариш ўта қалтис иш бўлиб, бунга кўр-кўрона муносабатда бўлиш ярамайди. Чунки бунинг ортида куфрга чиқараётган ёки чиқарилаётганлардан бири учун даҳшатли оқибат ётибди. Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Киши ўз биродарига: “Эй кофир!” деса, (куфр) иккисидан бирига қайтади”.

Ҳадисдан кўриниб турибди, ўзгани кофирга чиқариш оддий ҳақорат сўзи эмас, аксинча, ўз охиратини бой бериб қўйиш эҳтимолини туғдирадиган хатарли масаладир. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳаби уламолари бошқа мазҳабларнинг олимларидан кўра такфир (куфрда айблаш, кофирга чиқариш) масаласига кўпроқ аҳамият беришган. Бу ҳақда ёзилган асарларнинг биринчиси мисрлик олим, 768/1367 йили вафот этган Муҳаммад ибн Исмоил ибн Маҳмуд Бадр Рашид Рашидий раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб.

Унинг “Куфр сўзлар” номли асарига биринчи бўлиб ҳанафий олимлардан аллома Алийул Қори раҳматуллоҳи алайҳ муфассал шарҳ ёзган 5.

5. Тулепов А. Ислом ва ақидапараст оқимлар. –Т.: Шарқ. 2014. –Б.461

Хатоларнинг иккинчиси Аллоҳ буюрмаган ишларга вақтни беҳуда сарфлашдир. Мусулмон кишининг дунё ва охиратда ўзига наф берадиган амаллар билан шуғулланиши мақсадга мувофиқдир. Қироат илми олимларидан Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Шариатда эътироф этилган илм, яъни Аллоҳ ва Унинг расули мақтаган илм - амал қилишга ундовчи илм бўлиб, у ўз эгасини хоҳиш ва истакларга эргашувчи эмас, балки илмига мувофиқ юрувчи қилади”.

“Такфир” эса ҳеч кимга фойда бермайдиган, аксинча, зарарига ҳужжат бўладиган манфаатсиз ишлардандир. Ахир, Аллоҳ таоло бизларни бирор шахс ёки жамиятнинг камчиликларини излашга, уни кофирга чиқариш учун умр бўйи ҳужжат тўплашга буюрмаган-ку! Бу ҳақиқатни ҳар ким ақида илми устозларидан аниқлаб олса бўлади. Ачинарлиси, бу каби ишлар билан шуғулланиб юрган ёшларнинг кўпи иймоннинг энг муҳим масалалари, намоз, рўза, закот каби ибодатнинг асосий шартлари борасида етарли илмга эга эмаслар. Улар ҳатто Қуръоннинг энг қисқа сураларини тажвид қоидаларига биноан ўқиёлмайди, ҳадиснинг асл матнларига “тишлари ўтмайди”.

Учинчи хато бундай нозик масалаларга ҳали уларнинг шартларини мукаммал равишда ўзлаштирмай туриб киришиб кетишдадир. «Куфр» сўзи, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, исталган пайтда, дуч келган одамга қарата айтиб юбориладиган сўз эмас. Буни иймонли мусулмонга нисбатан қўллаш енгилтаклик, калтабинлик ва жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Ислом тарихида бундай ишга илк бор қўл урган хаворижларни Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Бундай нодон ёшлар Қуръон ўқиса, тиловатлари бўғзидан нарига ўтмайди”, дея сифатлаганлар. Мана шу гап барча замонларда хаворижларга эргашувчиларнинг Қуръон оятлари ва ҳукмларини чуқур идрок эта олмасликларига ишорадир.

Исломда “Ал-яқину ло язулу биш-шакки” (Аниқ нарса шак-шубҳа билан йўқ бўлмайди) деган қоида бор. Масалан, бир мусулмоннинг таҳорати шак-шубҳалар билан бузилмайди, шундай экан, қандай қилиб гумон-тахминлар билан унинг бутун иймони ва мусулмонлик сифатига тил теккизиш мумкин? Бу қоидага кўра, унинг жони ҳам, моли ҳам бошқаларга ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вадо ҳажжида: “Ушбу шаҳарда (Маккада), ушбу ойдаги (Зулҳижжа) бугунги кун (Арафа) ҳурматлангани (ҳаромлиги) каби қонларингиз, молларингиз ва ор-номусларингизга тажовуз қилиш ҳам бир-бирларингизга ҳаромдир. Эшитганлар эшитмаганларга етказсин», - деганлар. (Имом Муслим ривояти).

Шундай бўлгач, “такфирчи алломалар” қайси ҳужжатга кўра мусулмонларни кофирга чиқариб, уларни қатл этишга фатво беришяпти экан?! Бу хусусда қуйидаги ҳадиснинг мазмунига эътибор берайлик! “Кимки, ўз мусулмон биродарига қараб ўткир (пичоқга ўхшаган) нарса билан (гарчанд ҳазл қилмоқ билан бўлса ҳам) ишора қилса, то уша нарсани қўлидан ташламгунча Малоикалар уни лаънатлайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Биз бу мулоҳазаларимиз билан исломда умуман “куфр, такфир” деган тушунчалар йўқ, демоқчи эмасмиз. Чунки баъзи оят ва ҳадисларда у ёки бу амал куфр деб аталгани ислом ақидаларидан бир оз хабари бор кишига яхши маълум. Лекин мусулмонлар бу борада жиддий фарқли томонлар борлигини яхши англаб олишлари керак. Бу ҳам бўлса, бирор амални “куфр” дейиш билан ўша амални содир этган муайян шахсни кофирга чиқариш ўртасида катта фарқ бор. Фикримизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар билан далиллашимиз мумкин. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда келтирилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Абдуллоҳ исмли киши келтирилиб, ичкилик туфайли дарра урилди. Сўнг яна бир куни келтирилиб, яна дарра уришга буюрилди. Шунда тўпланганлар ичидан бир киши: “Эй Аллоҳ, уни даргоҳингдан (раҳматингдан) йироқ қил, (бу гуноҳ учун) жуда кўп келтирилди”, - деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни лаънатлама, чунки мен унинг Аллоҳни ва Расулини севишини биламан”- дедилар”. (Имом Бухорий ривояти). Бу хусусда қуйидаги ҳадис ҳам сўзимизни исботидир албатта: “Мўъминни дашном (ҳақорат) қилиш фосиқлик ва у билан муқотала (уриш) қилиш куфрдир”. (Имом Бухорий ва Имом муслим ривояти).

Мазкур ҳадисдан маълум бўладики, мусулмон кишини бирор гуноҳи ёки билмасдан қилган хатолари учун кофирга чиқариш ёки кўпчилик аҳолиси мусулмон бўлган ўлкаларни “куфр диёри” деб аташ ислом ақидасига мутлақо зиддир. Буюк мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ақидага оид “Фиқҳи акбар” китобида баён этилган қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқармаймиз, гарчи у гуноҳи кабира бўлса ҳам. Башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини ҳам олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўмин деб атайверамиз. Уни фосиқ муъмин деб аташ мумкин, фақат кофир деб эмас”

Шунингдек, мазкур масалага нисбатан ҳанафий мазҳабига мувофиқ ва муносиб ёзилган асарлардан бўлган «Ақидаи Таҳовий» ва унинг шарҳида бундай фикрларни келтирилган: “Аҳли қибланинг ҳаммасини мусулмон муъмин деб номланамиз. Модомеки, улар Пайғамбар (алайҳиссалом келтирган нарса (Қуръон ва суннат) ни эътироф этиб иқрор қилсалар”. (Аҳли қибла деб ўзини мусулмон деб билиб, қибла (Каъба)га юзланган кишини айтилади. Агарчанд аҳли ҳаво ва аҳли маъсиятдан бўлса ҳам модомеки, пайғамбар (алайҳиссалом келтирган нарса(Қуръон ва суннат)ни инкор этмаса).6

6. “Шарҳи ақидаи Таҳовий”. “Моваронунаҳр”. Бет 350.

 

“Аҳли қибладан ҳеж кимни гуноҳи учун кофир демасмиз, башартеки, уша гунони ҳалол деб билмаса. Аммо гуноҳ унга зарар қилмайди ҳам демаймиз”.7

7. “Шарҳи ақидаи Таҳовий”. “Моваронунаҳр”. Бет 355.

(Имон билан дунёдан ўтган киши Оллоҳнинг ихтиёрида дур. Хоҳласа барчасини кечиради ва агар хоҳласа гуноҳига яраша азоб қилади ва оқибат дўзахдан чиқади). Бу масъала “Хавориж” ва “Муътазила” ларнинг эътиқодининг акси дир. Зеро уларнинг фикрича “гуноҳ қилган киши кофир бўлиб абадий дўзахда қолади” дейишадики, бу фикр аҳли сунна вал жамоа уламолари наздида мутлақ мардуддир.8.

  1. “Шарҳи ақидаи Таҳовий2. “Моваронунаҳр”. Бет 360.

Абў Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда ҳам бунда дейилган: “Кимки, бу дунёда бирор кишига зулм қилган бўлса, албатта шу дунёнинг ўзида уни розий қилсин, Зеро қиёматда агар золимнинг яхшилик (савоб ишлар)и бўлса олиб мазлумга берилади. Ва агар золимнинг яхшиликлари бўлмаса унда мазлумнинг гуноҳларин олиб золимнинг бўйнига қўйилади…”. (Имом Бухорий ривояти). Боби “мазолим”. Мазкур ҳадис мазмунидан маълум бўлишича агарчанд зулм динимизда мазамат қилинган амаллардан саналса ҳам, золим киши зулм қилган билан диндан чиқмаслиги ва унга қилган яхши амалларининг эвазига савоб берилар экан.

Эслатиб ўтмоқ лозимки, мақолада гап куфр ва имон фарқи ҳақида кетмоқда. Яъни ақидамизга кўра гуноҳ сабабли диндан чиқиш ё чиқмаслик ҳақида саҳиҳ манбалардан иқтибослар келтирилди. Бу дегани гуноҳ қилиш мумкин дегани эмас, Зеро юқорида таъкидлаб ўтганимиздек гуноҳ эгаси ё жамиятга албатта зарар қилади. Шунинг учун бировни кофир дейишдан тилимизни тийиб, гуноҳни енгил санамасдан ундан ҳам ҳазар қимоқ вожиб амаллардандир!

 

Сариосиё туман “Хожа Алоуддин Аттор” жомеъ масжиди имом хатиби
Фазлиддин Кароматуллоҳ манбалар асосида тайёрлади

Izoh qoldirish

Izohlar