ИСҲОҚХОН ИБРАТНИНГ ЎЗБЕК ТАРИХЧИЛИГИДАГИ ТУТГАН ЎРНИ (1-қисм)
Исҳоқхон Ибрат шоир ва олим, ношир ва педагог, дин арбоби ва ислоҳотчи сифатида умрини Ватан ва миллат манфаатига қаратди. Шу боис унинг бой маданий мероси наинки мамлакатимизда, ҳатто яқин ва узоқ хорижда ҳам кенг ўрганилмоқда. “Мезон ул-замон” асарининг япон олимлари билан ҳамкорликда нашр этилиши[1], шеърларининг салмоқли сўзбоши билан Туркияда чоп этилгани[2] ушбу фикрни қувватлайди.
Унинг серқирра илмий-ижодий ва ташкилотчилик фаолияти ўз давридаёқ кенг миқёсда эътироф этилган. Маърифатпарвар шоир, маорифчи Иброҳим Давроннинг қуйидаги сўзлари бунинг далили: “Исҳоқхон тўра улуми диния ва фанния ва адабияда устози комиллиги билан бутун Фарғона ва дигар жиҳат Озиёйи вустода (Ўрта Осиёда) инкор ўлунмас даражада бир мавқеи мумтоза тутмушдур. Исҳоқхон тўра улуми динияда мударрисдур, фунуни дунявийда, било шубҳа, архитектор, техник ва механик ва физиқия илминда тилифонист, тилиғрофист ва яна химик десак яна оздур, чунки бу илмларни билур. Исҳоқхон тўра олим ва фозил бир зоти олий бўлуб, бу турфа фазоили инсонияга молик... Баъзи ихтироти ҳам бордур”[3].
Шоирнинг таржимаи ҳолини тўлароқ ёритишда унинг “Луғати ситтати алсина”, “Жомеъ ул-хутут”, “Тарихи Фарғона”, “Мезон ул-замон”, “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий каби илмий, педагогик ҳамда бадиий асарларидаги маълумотлари, Ибратни яқиндан билган замондошларининг хотиралари ва ўша давр вақтли матбуотида эълон қилинган Исҳоқхон Ибрат ҳақидаги мақолалар муҳим ўрин тутади. Исҳоқхон Ибрат 1862 йили Наманган яқинидаги Тўрақорғон қишлоғида туғилди. Унинг ота-оналари Жунайдуллахўжа ва Ҳурибиби даврининг ўқимишли кишиларидан бўлганлар. Исҳоқҳон дастлаб ҳижо усулига асосланган қишлоқ мактабида ўқиди, аммо онасининг қўлида савод чиқарди. Бу ҳақда ўзи шундай ёзади: “Аввалги вақтдаги маҳалла мактабида 5 йилда 3 адад муаллимда ўқуб, охири саводим чиқмай, кейин қизлар мактабида, ўз уйимизда волидаи марҳумамдан ўқуб савод чиқардим, Икки сана қиблагоҳимдан ҳуснихат машқ этдим”[4].
Ҳурибиби мактабдор бўлиб, ўз мактабида фақат қуруқ ёдлаш билангина чекланмай, қизларга ёзишни, ҳуснихатни ҳам ўргатар эди. Ўзи анча саводхон бўлиб, ҳуснихатдан хабардор эди. Шунинг учун ҳам Исҳоқхон онасини кўп ўринларда устози сифатида ҳурмат билан тилга олади.
Адабиёт ва санъатга зўр муҳаббат қўйган Исҳоқхонни ўқишни давом эттириш учун Қўқонга юбордилар. У XIX аср бошларида барпо этилган Муҳаммад Сиддиқ Тунқатор мадрасасига 1878 йили ўқишга киради. Исҳоқхон Ибратнинг Қўқон мадрасасида таҳсил кўрган йиллари (1878-1886) ўзбек адабиётида, маданий ҳаётида, маорифида туб сифат ўзгаришлар содир бўлаётган даврга тўғри келади. Унинг бу адабий-маданий ҳаётдан баҳраманд бўлганлиги шубҳасиз. У Қўқон адабий муҳитининг йирик намояндалари Муқимий, Фурқат, Муҳйи, Завқий, Нодим, Ҳазинийлар билан яқин алоқада бўлган, адабий мушоираларда иштирок этган.
Исҳоқхон Ибрат мадраса берадиган илмлар билангина чекланиб қолмади. У ўқиш давомида буюк Шарқ олимлари асарларини мустақил тарзда қунт билан мутолаа қилди, араб, форс ва рус тилларини чуқур ўрганди. У рус ва ўзбек тилларида чиқадиган Туркистоннинг илк гузеталари “Туркистон вилоятининг газети”, “Туркестанские ведомости” ҳамда Туркистон ўлкасида янги тарқала бошлаган Исмоилбек Гаспиралининг “Таржимон” газетаси билан биринчи марта Қўқон мадрасасида ўқиб юрган кезлари танишди. Манбалардаги маълумотларга кўра, Исҳоқхон томонидан ташкил қилинган “Исҳоқия” кутубхонасида “Таржимон” газетасининг ҳатто 1884 йилги бойламлари ҳам бўлган.
Исҳоқхон тўра Ибрат 1886 йили Қўқон мадрасасини тугатиб, ўз қишлоғи Тўрақўрғонга қайтиб келади. Ўз фаолиятини илғор маорифчи сифатида маърифат тарқатиш билан бошлайди: ўша йили ўз қишлоғида мактаб очади. Унинг мактаби “усули қадим” (“усули таҳажжи”), яъни ҳижо методига асосланган мактаблардан бирмунча фарқ қилар эди. Ибрат Қўқонда ўқиб юрган вақтларидаёқ ўлкада очилаётган рус мактабларидаги ўқув усулларининг маҳаллий мактабларда ҳукм сураётган ҳижо ҳамда қуруқ ёдлаш усулидан устунлигини сезган эди. Исҳоқхон ўз мактабига нисбатан илғор бўлган товуш (савтия) усулини татбиқ қилди ва “усули савтия”ни эски метод тарафдорларидан ҳимоя қилди. Бироқ бу мактабида узоқ вақт ишлай олмади. Айрим жоҳил мутаассиблар унинг мактабини “кофиялар мактаби” деб эълон қилиб, халқ болаларини бу мактабдан қайтаришга ҳаракат қилдилар. Ҳатто генерал-губернаторлик амалдорлари ёрдамида ёптиришга муваффақ бўлдилар.
Ибрат ўзининг “Луғати ситтати алсина ”, “Жомеъ ул-ҳутут” ва “Тарихи Фарғона” асарларида ёзилишича, 1887 йили, яъни 25 ёшида онасини Маккага, ҳаж зиёратига олиб боради. Бироқ, онаизорига ўз ватанига яна қайтиб келиш насиб этмади. Онаси Ҳурибиби Жидда шаҳрида ўпка шамоллаш касали билан вафот этди.
Исҳоқхоннинг Шарқ мамлакатларига сафарга чиқишдан мақсади, биринчидан, онасининг ҳажга олиб бориш ҳақидаги илтимосини қондириш бўлса, иккинчидан, чет эл халқлари ҳаёти, маданияти билан яқиндан танишиш, бу мамлакатларни ўз кўзи билан кўриш истаги эди: “...Умрум нақдини ҳавас бозорида кечирмак тақозоси-ла ўлуб, синним йигирма беш кечмиш экан, ҳавои тақозои муҳтарама душуб саёҳат этдум...”[5] – деб ёзади у.
Исҳоқхон Ибрат онасини Жидда шаҳрида дафн этиб, Шарқ мамлакатлари бўйлаб саёҳатини давом эттирди. Шу билан бирга, у Истанбул, София, Афина, Рим каби Европанинг марказий шаҳарларида бўлди. Анча вақт Авғонистоннинг Кобул, Арабистоннинг Жидда каби катта шаҳарларида истиқомат қилди. Макка шаҳридан Қизил денгиз ва Ҳинд океани орқали Ҳиндистонга келди. 1892-1896 йилларда Ҳиндистоннинг энг катта порт шаҳарларидан Бомбей ва Калькуттада яшади. Бу ерда кўп ишлатиладиган арбаъ лисонни, яъни тўрт тилни: араб, форс, ҳинд-урду ва инглиз тилларини мукаммал ўрганди. Чет элларда у Шарқ ва Ғарб халқлари ҳаёти, маданияти ва санъатини муқояса этиш имконига эга бўлди. Европанинг илғор илм-фанини яқиндан ўрганди, илмий асарлари учун қимматли материаллар тўплади. У Шарқ халқлари тиллари билан бир қаторда Ғарб халқлари тилларини ҳам билиш зарур деб ҳисоблади ва Арабистонда француз тилини, Ҳинтистонда инглиз тилини, шу билан бирга, энг қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини ўрганди. Бу ҳақда замондоши Иброҳим Даврон шундай ёзади: “...Фазоили инсониядин маода қози тўра (Исҳоқхон – қавс ичидаги барча таъкидлар сўзбоши муаллифларига тегишли) жаноблари туркча, форсча, ҳиндча, русча лисон билиб, яна русча, французча, арманича ва бошқа хатлар ёзмоққа моҳирдурлар”[6].
Исҳоқхон Ибрат бу мамлакатларда Европа усулидаги шаҳарлар, улардаги маданий ҳаёт ва техника янгиликлари билан танишди, замонавий фан ютуқларини эгаллаш учун Ғарб тилларини билиш зарур эканлигини яхши англади. Лекин бу маданий ҳаётдан баҳраманд бўла олмаётган, мустамлака зулми остида азоб чекаётган араб, ҳинд ва бошқа Шарқ халқлари ҳаёти уни изтиробга солди. Исҳоқхон ўзининг Ватанида кўрган мустамлака зулмининг оғир даҳшатларини чет мамлакатларда ҳам кўрди, ҳамма мустамлака мамлакатларда халқ ҳаёти бир хилда оғир эканлигини тушунди. Мустабидларга нафрат билан қаради. Ибрат бу мамлакатларда наққошлик, кишиларга муҳр ўйиб бериш, масжид-мадрасалар пештоқларига, қабр тошларига нақш солиб бериш, баъзи китоблардан намуналар кўчириш йўли билан тирикчилик ўтказди.
Алишер Ўразов – Имом Термизий ўрта махсус таълим муассасаси Арм мудири
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] Исҳоқхон тўра ибн Жунайдуллоҳ хўжа. Мезон ул-замон. Тошкент- Токио, 2001.
[2] Ishakhan Ibrat. Siirlar. – Turkiya Disindaki Turk edebiyatlari antolojisi. 15. Ozbek edebiyati. Ankara, 2000.
[3] “Туркистон вилоятининг газети”, 1908, 56-сон.
[4] Исҳоқхон Ибрат. Мезон ул-замон. II дафтар, 36-37-бетлар.
[5] Исҳоқхон Ибрат. Луғати ситтати алсина. Т.: Ильин типографияси, 1901, 2-бет.
[6] “Туркистон вилоятининг газети”, 1908, 56-сон.
Izohlar