ФОТИҲАДАН КЕЙИНГИ “ОМИН”НИ ЖАҲРИЙ ЁКИ МАХФИЙ АЙТИЛИШИДАГИ ҲУКМ
Раддия
Барча мужтаҳид уламоларимизнинг наздларида намозда Фотиҳа сурасидан кейин “омин”ни айтиш суннат ҳисобланади. Ҳанафий мазҳабимиз ва моликий мазҳабида “омин”ни овоз чиқармай айтиш керак бўлади. Бунга қуйидаги маълумотларни далил қилиб келтирганлар:
- “Омин” лафзи дуодир. Унинг маъноси “ижобат қил”, яъни “дуони қабул қил”, демакдир. Қандай дуо қилиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ
яъни: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси 55-оят).
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай дедилар:
"دَعْوَةُ السِّرِّ تَعْدِلُ سَبعِيْنَ دَعْوَة في العَلاَنِيَةِ" (رَوَاهُ الإمام أبو الشيخ عن أنس رضي الله عنه).
яъни: “Ичида қилинган дуо ташида қилинган дуонинг етмиштасига тенг келади” (Имом Абу Шайх ривояти).
Муҳаддис Ибн Ҳиббон ўзларининг “Саҳиҳ”ларида марфуъ ҳолда шундай ривоят қилганлар: "خير الدعاء الخفى" яъни:“Дуонинг яхшиси махфий сидир”.
Демак, “омин”ни ичимизда айтсак, мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган бўламиз.
- Абу Воил разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар:
كَانَ عَلِيٌّ وَابْنُ مَسْعُودٍ لَا يَجْهَرَانِ بِبِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ، وَلَا بِالتَّعَوُّذِ، وَلَا بِآمِينَ
(رَوَاهُ الإمام الطَّبَرَانِيُّ عَنْ أَبِي وَائِلٍ رضي الله عنه).
яъни:“Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолар “(Намоз ичидаги) бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “аъуузу”ни ҳам, “омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар” (Имом Табароний ривоятлари).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга юрган ҳазрати Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолар каби ниҳоятда илмли саҳобийларнинг “омин”ни ичларида айтишлари ҳам кучли далил ҳисобланади. Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам “омин”ни ичларида айтиб намоз ўқиганлари таъкидланади.
Ҳанафий уламолар худди шу маънодаги, лекин бошқа саҳобаи киромларнинг исмлари зикр қилинган ривоятларни ҳам келтирадилар.
- “Омин” лафзини Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. Бунинг устига, ушбу лафз арабча ҳам эмас. “Аъуузу биллаҳи минашшайтонир рожийм” эса Қуръонда келган, яна Аллоҳ таоло бизга Қуръон ўқиганимизда уни айтишни вожиб қилган. Шундай бўлса ҳам “Аъуузу биллаҳи минашшайтонир рожийм”ни намозда ичимизда айтамиз. Нима учун энди “омин”ни овоз чиқариб айтишимиз керак?!
- Намоз жуда ҳам машҳур ибодат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намозни жамоат билан ўқиганлар. Ул зот саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик билан кузатиб борилган. Агар “омин”ни овоз чиқариб айтиш афзал бўлганида, У Зот бу нарсани баён қилган бўлар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди. Ҳолбуки, У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари имомлик қилаётганларида, баъзан таълим учун биринчи сафдагилар эшитадиган қилиб “омин”, деганларидан бошқа ҳеч бир далил йўқ. Айниқса имомга иқтидо қилган кишиларнинг “омин”ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида ҳеч қандай ривоят маълум эмас.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари ўз ота-боболари танлаган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига мувофиқ ихлос ила ибодатда мустаҳкам бўлмоқликлари ўта муҳим ва жуда зарурдир!
Хайрулло Мардонов – Таълим муассасаси Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar